Хамраева Шахло Ибрагимовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи “Биринчи инстанция судларида вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни коʼриб чиқишни такомиллаштириш”, 12.00.09 – Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқи ва суд экспертизаси (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.3.PhD/Yu1581.
Илмий раҳбар: Астанов Истам Рустамович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/13.05.2020.Yu.22.03.
Расмий оппонентлар: юридик фанлар доктори, профессор Суюнова Дилбар Жулдасбаевна; юридик фанлар доктори, доцент Кучкаров Хайрулла Равшанович.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади биринчи инстанция судларида вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни юритишнинг алоҳида жиҳатларини комплекс ўрганиш асосида муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш орқали миллий қонунчиликни такомиллаштиришг бўйича илмий асосланган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Жиноят процессига жалб этилган вояга этмаганга педагогик-психологик ёрдам кўрсатиш орқали унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бўлган зарурат сабабли биринчи инстанция судларида вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни муҳокама қилишда педагогни жалб қилиниши ҳамда судланувчининг педагог ёрдамидан фойдаланишига бўлган ҳуқуқининг таъминланиши жиноят ишини юритаётган суднинг зиммасига юклатилиши зарурлиги асослантирилган;
вояга етмаганга нисбатан жиноят ишлари бўйича суд мажлисида болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссия вакилининг иштирок этиш заруратининг мавжудлиги сабабли, суд вояга етмаган шахснинг жинояти тўғрисидаги ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссияга хабар бериши лозимлиги ҳақидаги талабнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг тегишли қарорига киритилиши кераклиги асослантирилган;
жиноят процессининг вояга етмаган судланувчига нисбатан янада инсонпарварлигини таъминлаш ва унинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоясини кучайтиришга бўлган талабнинг мавжудлиги сабабли вояга етмаган судланувчига оид ишлар лавозимига кўра ўн йиллик ва ундан юқори муддатга тайинланган ва махсус тайёргарликдан ўтган судялар томонидан кўрилиши, шунингдек бу тоифадаги ишлар фақат ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиниши лозимлиги ҳақидаги талаблар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли қарорларига киритилиши асослантирилган;
вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни соддалаштирилган тартибда юритишнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш лозимлиги сабабли биринчи инстанция судлари томонидан вояга етмаган судланувчига нисбатан ярашув институтини қўлланилишида унинг аниқ ёши, шахсига хос хусусиятлари ва саломатлиги ҳолати, турмуш ва тарбияланиш шароитлари, катта ёшли далолатчилар ҳамда бошқа иштирокчиларнинг бор ёки йўқлиги каби ҳолатларнинг текширилганлигига ҳуқуқий баҳо бериш кераклиги асослантирилган.
IV.Тадқиқот натижаларини жорий қилиниши.
Биринчи инстанция судларида вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни кўриб чиқишни такомиллаштириш мавзусини тадқиқ этиш бўйича олинган хулосалар натижалари асосида:
биринчи инстанция судларида вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни муҳокама қилишда педагогнинг жалб қилиниши ҳамда судланувчининг педагог ёрдамидан фойдаланишига бўлган ҳуқуқининг таъминланиши жиноят ишини юритаётган суднинг зиммасига юклатилиши лозимлиги ҳақидаги асослантирилган таклиф Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг 554-моддасини тўлдиришда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиши қўмитасининг 23.08.2023-йилдаги 06-13/56-сонли далолатномаси). Ушбу таклифнинг жорий қилиниши педагогнинг суд муҳокамасига жалб қилиниши ишни юритиш учун масъул бўлган мансабдор шахсларнинг ваколати эмас, балки вояга етмаган судланувчининг ҳуқуқи эканлиги масаласи аниқлаштирилиб, ушбу маъсус қоиданинг амалиётга тўғри қўлланилишига хизмат қилади;
вояга етмаган судланувчининг педагог ёрдамидан фойдаланишига бўлган ҳуқуқининг қонунчиликда белгиланиши ҳақидаги ишлаб чиқилган таклиф Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 554-моддасини ўзгартиришда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 04.05.2023-йилдаги 27/2-128-23-сонли далолатномаси). Ушбу таклифнинг жорий қилиниши суд муҳокамасида вояга етмаган судланувчининг педагог хизматидан фойдаланиши кафолатланиб, бу борада унинг қонуний манфаатлари ва эркинларини тўла таъминланишига хизмат қилади;
суд вояга етмаган шахснинг жинояти тўғрисидаги ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссияга хабар бериши шартлилиги ҳақида билдирилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг “Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 4-бандига ўзгартириш киритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Суднинг 15.08.2023-йилдаги 10/2023-сонли далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий қилиниши боллар масалалари бўйича ҳудудий комиссияларнинг судлар томонидан вояга етмаган судланувчига нисбатан тарбиявий чораларини тўғри танлашдаги ролини оширишда хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига “вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар” жумласини “болалар масалалари бўйича комиссиялар” таҳририда баён қилиш ҳақида ишлаб чиқилган таклифлар мазкур кодекснинг 536, 537, 542, 551, 562-моддаларини янги таҳрирда ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 22.05.2023-йилдаги 27/2-167-23 далолатномаси). Қонунчиликка киритилган ушбу ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 6-июлдаги 363-сон қарори билан тасдиқланган “Болалар масалалари бўйича миллий комиссия тўғрисида”ги Низомнинг аниқ ва бир хилда бажарилишини таъминлашга хизмат қилади.