Кубатов Шаҳобжон Раҳмоновичнинг
фалсафа фанлари доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистонда ижтимоий давлат назарияси ва амалиётининг фалсафий таҳлили» 09.00.04 – «Ижтимоий фалсафа».
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.1.DSc/Fal246.
Илмий маслаҳатчи: Агзамходжаева Саида Сабитхановна, фалсафа фанлари доктори (DSc), профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.F.01.05.
Расмий оппонентлар: Мусаев Одил Рахматович – фалсафа фанлари доктори, профессор, Иззетова Эмине Мустафаевна – фалсафа фанлари доктори, профессор, Яхшиликов Жўрабой Яхшиликович – фалсафа фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат транспорт университети.
Диссертация йўналиши: назарий-амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Янги Ўзбекистон шароитида ижтимоий давлат, унинг назарий-ҳуқуқий асосларини фалсафий таҳлил қилиш ҳамда ривожланишининг асосий тенденсияларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ижтимоий давлатнинг тарихий-маданий ўзига хослик ва глобал макроижтимоий жараёнлар билан белгиланадиган динамик ҳодиса сифатидаги консептуал архитектоникасини қуриш натижасида ижтимоий адолатнинг гносеологик, онтологик ва аксиологик жиҳатлари, давлат ва фуқаролик жамиятининг уйғунлиги ҳамда диалектик боғлиқлигини бирлаштирган тектоник сивилизацион ўзгаришлар даврида ижтимоий давлатнинг фалсафий парадигмаси шакллантирилди;
«интеграл ижтимоий тартиб» тамойили орқали индивидуал автономия ва жамоавий масъулият ўртасидаги зиддиятларни бартараф этишнинг таклиф этилган эвристик модели ижтимоий давлат антиномияларини универсаллик ва партикулярликнинг диалектик қарама-қаршилиги призмаси орқали консептуаллаштиришда давлатнинг ижтимоий жараёнларга аралашувининг нафақат расмий-юридик, балки метафизик чегаралари аниқланган;
тарихий телеология призмаси ёрдамида ижтимоий сиёсатни қонунийлаштиришнинг яширин механизмларини очиб бериш воситасида постмодернизмнинг релятивистик чақириқлари контекстида ижтимоий адолатнинг анъанавий дискурсларини деконструксия қилиш орқали «динамик ижтимоий эквилибристика»нинг шаклланишига олиб келувчи ижтимоий-иқтисодий детерминизм ва бирдамликнинг транссендент императивлари ўртасидаги мувозанат аниқланган;
ижтимоий масъулиятнинг анъанавий шакллари сиёсий ва ҳуқуқий модернизация импулслари таъсирида ўзгариши ижтимоий сиёсатнинг миллий моделида сивилизацион синтез орқали консептуал таҳлил қилинган ҳамда Ўзбекистоннинг глобал адолат назарияси контекстида ижтимоий давлат сифатидаги фалсафий талқини очиб берилган;
антропоцентризм ўз ўрнини ижтимоий сиёсатга хос экогуманистик ёндашувга бўшатиб берувчи «экоижтимоий давлат» консепсияси ишлаб чиқилиб, унда экологик адолат ижтимоий давлатнинг ажралмас таркибий қисми сифатида ва табиий ресурслар ахлоқий-фалсафий тушунишни талаб қиладиган ижтимоий капитал феномени сифатида талқин этилган ҳамда бу модел Ўзбекистонда ижтимоий давлат амалиётини экологик барқарорлик, адолат ва ижтимоий ҳамжиҳатлик тамойиллари билан бойитишга хизмат қилиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистонда ижтимоий давлат назарияси ва амалиёти таҳлили доирасида ишлаб чиқилган ижтимоий-фалсафий хулоса ва таклифлар асосида:
ижтимоий давлатнинг тарихий-маданий ўзига хослик ва глобал макросоциал жараёнлар билан белгиланадиган динамик ҳодиса сифатидаги консептуал архитектоникасини қуриш натижасида ижтимоий адолатнинг гносеологик, онтологик ва аксиологик жиҳатлари, давлат ва фуқаролик жамиятининг уйғунлиги ва диалектик боғлиқлигини бирлаштирган тектоник сивилизацион ўзгаришлар даврида ижтимоий давлатнинг фалсафий парадигмаси шакллантирилган илмий хулосалар ва натижалардан 2023-2025-йилларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг таҳлилий-эксперт ва маърифий фаолиятида, жумладан, БМТ, ЙХҲТ ва бошқа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтлари билан халқаро ҳамкорлиги доирасида Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш, ижтимоий ҳуқуқлар ва ҳуқуқни қўллашнинг маданий ўзига хослиги ўртасидаги боғлиқлик масалалари бўйича позициясини асослашда фойдаланилган (Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 2025-йил 16-апрелдаги 01/412-сонли маълумотномаси). Тадқиқот натижалари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий адолат масалаларидаги позициясини сивилизацион ва маданий асосларда асослашга хизмат қилган. Хусусан, 2023–2025-йилларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг БМТ, ЙХҲТ каби халқаро институтлар билан ҳамкорлик доирасида тайёрланган таҳлилий ҳужжатларида ижтимоий давлат ва маданий ўзига хослик ўртасидаги диалектик боғлиқлик тушунчаси қўлланган. Ушбу ёндашув Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш ва ҳуқуқни қўллашдаги миллий моделини халқаро миқёсда консептуал асослаш имконини берган.
«интеграл ижтимоий тартиб» тамойили орқали индивидуал автономия ва жамоавий масъулият ўртасидаги зиддиятларни бартараф этишнинг таклиф этилган эвристик модели ижтимоий давлат антиномияларини универсаллик ва партикулярликнинг диалектик қарама-қаршилиги призмаси орқали консептуаллаштиришда давлатнинг ижтимоий жараёнларга аралашувининг нафақат расмий-юридик, балки метафизик чегаралари аниқланган илмий хулосалар ва натижалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон 24» телерадиоканалининг «Студия 24», «Менимча», «Таҳлилнома», «Тараққиёт формуласи», «Махсус репортаж» каби кўрсатувларининг ссенарийларини ёзишда фойдаланилган. (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2025-йил 30-апрелдаги 04-16-960-сонли маълумотномаси). Натижалар тингловчиларга ижтимоий давлат консепсиясининг фалсафий асосларини, хусусан, «интеграл ижтимоий тартиб» тамойилининг мазмуни орқали индивидуал автономия ва жамоавий масъулият ўртасидаги зиддиятларни ҳал қилишдаги илмий ёндашувларни етказишга хизмат қилган. Бу орқали давлатнинг ижтимоий жараёнларга аралашуви фақат расмий-юридик эмас, балки маънавий-метафизик чегаралари доирасида ҳам тушунтирилиб, фуқаролар онгида ижтимоий давлатнинг универсал ва локал ўлчамларини уйғунлаштирувчи янги маърифий нуқтайи назар шакллантирди.
тарихий телеология призмаси ёрдамида ижтимоий сиёсатни қонунийлаштиришнинг яширин механизмларини очиб бериш воситасида постмодернизмнинг релятивистик чақириқлари контекстида ижтимоий адолатнинг анъанавий дискурсларини деконструксия қилиш орқали «динамик ижтимоий эквилибристика»нинг шаклланишига олиб келувчи ижтимоий-иқтисодий детерминизм ва бирдамликнинг транссендент императивлари ўртасидаги мувозанат аниқланган илмий хулосалар ва натижалардан «Миллий тикланиш» демократик партиясининг 2024-2025-йиллардаги ғоявий-мафкуравий ва таҳлилий фаолиятида фойдаланилган ҳамда меъёрлар ва маъноларнинг постмодернистик релятивизацияси шароитида ижтимоий адолатнинг анъанавий дискурсларини фалсафий деконструксиялашга асосланган ушбу консепсия бир қатор ички партиявий доктринал ишланмалар ва дастурий кўрсатмаларга асос бўлди. («Миллий тикланиш» демократик партиясининг 2025-йил 14-апрелдаги 02/02-37-сонли маълумотномаси). Натижалар платформа ҳужжатларини, мунозара тезисларини тайёрлаш жараёнида, шунингдек, партия вакилларининг оммавий чиқишлари риторикаси ва қадриятлар базасини шакллантиришда фаол қўлланилди.
ижтимоий масъулиятнинг анъанавий шаклларидаги сиёсий ва ҳуқуқий модернизация импулслари таъсирида ўзгариши орқали ижтимоий сиёсатнинг миллий модели сивилизацион синтез оптикаси орқали консептуал таҳлил қилинган ҳамда Ўзбекистоннинг глобал адолат назарияси контекстида ижтимоий давлат сифатидаги фалсафий талқини очиб берилган илмий хулосалар ва натижалар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ижтимоий давлат консепсиясини миллий шароитга мос ҳолда шакллантиришга доир стратегик ёндашувларини, ижтимоий сиёсатнинг ахлоқий-ҳуқуқий асосларини аниқлашда фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг 2025-йил 25-апрелдаги 04/19/1960-сонли маълумотномаси). Натижалар ижтимоий сиёсатнинг барқарор тараққиёт, экологик ёндашув ва демографик мувозанат нуқтайи назаридан қайта кўриб чиқилишида назарий пойдевор сифатида хизмат қилган ҳамда ходимларнинг малакасини ошириш, фуқаролик субектлиги ва ижтимоий адолат тамойиллари асосида ижтимоий давлатни шакллантиришга бағишланган семинар ва давра суҳбатлари учун методик материаллар тайёрлаш имкониятини берган.
антропоцентризм ўз ўрнини ижтимоий сиёсатга экогуманистик ёндашувга бўшатиб берувчи «экоижтимоий давлат» консепсияси таклиф этилиб, экологик адолат ижтимоий давлатнинг ажралмас таркибий қисми сифатида асосланган ҳамда табиий ресурслар нафақат иқтисодий категория, балки ахлоқий-фалсафий тушунишни талаб қиладиган ижтимоий капитал феномени сифатида талқин қилинган илмий хулосалар ва натижалардан Оʼзбекистон Республикасининг 2024-йил 7-февралдаги «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш янада ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-906-сон, 2024-йил 21-ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1004-сон, 2025-йил 11-мартдаги «Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Конвенсияга (Орхус, 1998-йил 25-июн) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги ЎРҚ-1045-сон Қонунларини ишлаб чиқишда фойдаланилган. (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2025-йил 1-апрелдаги 3/дн-65-сонли маълумотномаси). Ушбу илмий натижалар экологик мувозанат, жамоатчилик иштироки ва ижтимоий адолат тамойилларини ҳуқуқий сиёсатга интеграция қилишга хизмат қилган.