Пайғамов Рахимжон Абдукаюмовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Табиий ва ўсимлик кўмирларини кислотали фаоллаш, уларнинг структураси ва металл ионларига нисбатан адсорбция фаоллигини тадқиқ қилиш» 02.00.11 – Коллоид ва мембрана кимёси (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.3.DSc/K236.
Илмий маслаҳатчи: Эшметов Иззат Дусимбатович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, DSc.02/30.12.2019.K/T.35.01.
Расмий оппонентлар: Адизов Бобир Замирович, техника фанлари доктори, профессор; Хандамов Даврон Абдуқодирович, кимё фанлари доктори, профессор; Сейтназарова Оксана Муратбаевна, кимё фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: табиий ва ўсимлик кўмирларини кислотали фаоллаштиришни амалга ошириш, уларнинг тузилиши ва металл ионларига нисбатан адсорбцион фаоллигини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қўнғир кўмирлар (УР ва БСШ) ни 800 °C да термик фаоллаштириш натижасида намуналарда сезиларли даражада углерод миқдори ортади (мос равишда 73,7 % ва 56,3 %), кислород (24,4 % ва 27,8 %) ҳамда калцийга бой аралашмалар (0,75 % ва 15,4 %) сезиларли даражада камайиб, бу эса 0,2–2 мкм ўлчамдаги тармоқланган ғовакли структуранинг шаклланишига олиб келади. БСШ 800 намунаси ғовакликлари асосан < 100 нм ўлчамдаги тор ёриқлардан ташкил топган зич углерод-минерал қатламли морфологик тузилмани сақлаб қолиши аниқланган;
ОДК ва ОДА кўмир намуналари 500–600 °C ҳамда 700–800 °C ҳарорат оралиғида термик фаоллаштирилганда, уларнинг йод сони мос равишда 56 ва 41 мг J₂/г дан 180–189 мг J₂/г гача ошиб, бу эса ОДК намунаси учун солиштирма сирт юзасининг 96 дан 161 м²/г гача, ОДА учун эса 82 дан 139 м²/г гача ортиши ва 2 нм дан кичик бўлган микроғовакларнинг ривожланиши билан боғлиқлиги исботланган;
3–5 % ли H₃PO₄ ва HCl эритмалари билан ишлов бериб, сўнгра 800 °C да буғ-газ фаоллаштириш натижасида дастлабки хомашёлардан 23–33 % ва 400 оCда олинган УР-400, БСШ-400, ОДК-400 ва ОДА-400 карбонизатларидан 37–58 % углеродл сақлаган  маҳсулот олишга эришилади, бунда ёғоч асосли намуналар 56–59 % ни ташкил этиши, қўнғир кўмирлар эса 36–41 % углерод қолдиғини сақлаб қолиши аниқланди, бу эса уларнинг кислота таъсирига нисбатан юқори сезувчанлигини кўрсатиши исботланган;
H₃PO₄ ва HCl эритмалари билан 800 °C ҳароратда кимёвий фаоллаштириш натижасида олинган кўмир карбонизатининг азот адсорбцияси IV тип изотермаси H4 типдаги гистерезис билан шаклланиб, H₃PO₄ бир текис тақсимланган тор ёриқли микроғовакларнинг (R≈ 45–47 Å) сақланишини, HCl эса ҳажман каттароқ ғовакли каналлар ва ёриқларни шакллантириб, бу эса нисбий юзанинг 30–50 % га ошишига (S=896 м²/г гача) олиб келиши аникланган; 
ўсимлик қолдиқларидан олингин карбонизатлар (ОДК, ОДА) HCl билан фаоллаштирилганда юқори реактивлик ва ғовак тузилишининг шаклланиш тезлигини намоён этади (Va≈1,06 см³/г, R≈44,8 Å), H₃PO₄ билан фаоллаштириш эса янада бир хилда тақсимланган кичикроқ ғовакли тузилмани шакллантиради, бу эса адсорбент текстуравий хусусиятларини ифлослантирувчи моддаларнинг молекулалари ёки ионлари ўлчамига мос равишда йўналтириш имкониятини тақдим этиши асосланган;
ОДК туридаги кўмирларнинг 800 °C да кислотали фаоллаштириш оғир металл ионларига нисбатан сорбцион сиғимини термик фаоллаштирилган ОДК-800 билан солиштирганда 20–30 % га оширади, бу эса қўшимча микроғовакларнинг ҳосил бўлиши ва таркибига кислородли функционал гуруҳларнинг киритилиши билан боғлиқлиги исботланган;
термик ва кимёвий фаоллаштирилган кўмирларда Pb²⁺ ва Cu²⁺ ионларининг адсорбцияси мономолекуляр кимёвий сорбцияга асосланган бўлиб, у Ленгмюр моделининг бир жинсли микроғоваклардаги механизми бўйича амалга ошади, Cr³⁺ ионларининг адсорбцияси эса икки босқичда кечади: аввал мезоғовакларда, сўнгра микроғовакларда, бу эса Cr³⁺ ионларининг гидроксо- ва оксо-комплекслари ҳосил қилиши билан изоҳланади, улар эса аввало йирикроқ ғовакларнинг тўлишини талаб қилиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Термик ва кимёвий фаоллаштирилган углеродли адсорбентлар олиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
оғир метал ионларининг фаоллаштирилган кўмирларга адсорбцияси ҳақидаги маълумотлар ва хулосалар “Табиий ва аниқ фанларни ўқитиш методикаси (Кимё)” мутахассислиги магистратура босқичи талабалари учун мўлжалланган “Сирт юзаси ҳодисалари ва адсорбция” номли дарсликнинг мазмунида ўз аксини топган (Сертификат №491160). Натижада, бу олий таълим муассасалари магистратура талабаларининг кўмирларни фаоллаштириш, адсорбентлардаги эритмалардан адсорбциялаш механизмлари бўйича билимларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш имконини берган;
ўсимлик хом ашёсидан фаоллаштирилган кўмир олиш усулига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ихтиро патенти олинган (IAP 20230230 11.04.2023). Натижада, ўсимлик биомассалари асосида сорбент олиш усули ишлаб чиқиш имконини берган;
кислотали модификацияланган кўмирлар асосидаги сорбентларни олиш усули амалиётга жорий этилган бўлиб, у «Фарғона сув таъминоти» АЖ Қўқон шаҳар филиалида татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 19 сентябрдаги 34-06/10669-сонли маълумотномаси асосида). Натижада, кислотали модификацияланган кўмир адсорбентлардан фойдаланиш сувдаги оғир металлар миқдорини импорт аналогларига нисбатан икки баравар камайтиришга имкон беради;
оғир металлар ва бошқа органик ифлослантирувчи моддаларни ўз ичига олган саноат оқова сувлари учун мўлжалланган тозалаш технологияси «Фарғона сув таъминоти» АЖ Қўқон шаҳар филиалида “2026–2030 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати”га киритилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 19 сентябрдаги  34-06/10669-сонли маълумотномаси асосида). Ушбу технологиянинг кислотали усулда фаоллаштирилган углеродли адсорбентлар иштирокида тозалаш тизимида қўлланилиши 600-900 дақиқагача бўлган вақт оралиғида оғир металлар ва органик ифлослантирувчиларнинг 95 % гача бўлган қисмини тозалаш имконини беради.

Yangiliklarga obuna bo‘lish