Уралова Нигора Абдувалиевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар. 
“Ўзбек тилида гастрономик фразеологик бирликларнинг лингвомаданий тадқиқи”, 10.00.01 – Ўзбек тили ихтисослигидан (филология фанлари).
Диссертация рўйхатга олинган рақам:  В2023.1.PhD/Fil3065
Диссертация бажарилган муассаса: Жиззах давлат педагогика университети.
Илмий раҳбар: Маматов Абдуғафур Эшонқулович, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Жиззах давлат педагогика университети, PhD.03/04.06.2020.Fil.113.02. 
Расмий оппонентлар: Бухоро давлат университети доценти, филология фанлари доктори Жўраева Бибиш Мухсиновна, Қарши давлат унверситети профессори, филология фанлари доктори Жабборов Хужамурод. 
Етакчи ташкилот: Навоий давлат унверситети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тилидаги гастрономик компонентга эга фразеологик бирликларни лингвомаданий нуқтаи назардан тадқиқ этиш ҳамда уларнинг мазмунида халқнинг турмуш тарзи, маданий қадриятлари, урф-одатлари, анъаналари ва ижтимоий муносабатлари қандай акс этишини илмий асосда ёритиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
гастрономик дискурсда ўзбек тили фразеологик бирликларининг лингво-семиотик, лингвомаданий характери, лексик-семантик ва прагматик аспектларда қиёсий таҳлил қилиниб, бу лексемалар жаҳон ва рус тили контексти мисолида компаративистик ёндашув воситасида асослаб берилган;
гастрономик компонентли фраземалар лексик-семантик классификация қилиниб, ўзбек тилида ибораларнинг лингвомаданиятшунослик, этнолингвистика ва интермаданий коммуникация соҳаларидаги ўрни консептуал асосда  ментал ва лингвомаданий хусусиятлари очиб берилган;
фразеологизмлар семантикасида реалиялар ўзбек маданиятнинг гастрономик образлари эталон сифатида ифодаланиб, тилнинг маданий ва идентификацион роли градуанимик, гипонимик, партонимик муносабатларда акс этганлиги исботланган;
ўзбек тили гастрономик фразеологик элементларининг маданиятлараро мулоқотдаги аҳамияти, таржима муаммолари ва лингвомаданий кодларни англашдаги роли исботланиб, социопрагматик ва контекстуал ёндашув асосида очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.  Ўзбек тилида гастрономик фразеологик бирликларнинг лингвомаданий тадқиқи мавзусидаги диссертациянинг илмий натижаларидан:
ўзбек тили гастрономик компонентли фразеологик бирликларнинг шаклланиш омиллари, лингвистик табиати, лингвомаданий хусусиятлари лексик-семантик ва прагматик аспектда талқин қилиниб, уларнинг миллий, тарихий, ижтимоий асослари аниқланганлиги тўғрисидаги хулосалардан АМ-ФЗ-201908172 “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” номли грант лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил  25-октябрдаги №04/1-3030 сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа доирасида яратилган ишларнинг янги манбалар, маълумотлар билан бойишига эришилган;
ўзбек тилида пазандалик санъати билан боғлиқ қўли ширин, мазаси оғзида қолмоқ каби, ҳайвонот дунёси билан боғлиқ номақул бузоқнинг гўштини эмоқ сингари, озиқ-овқат ва маҳсулот номи билан боғлиқ хамир учидан патир, нони яримта каби гастрономик фразеологик бирликлар лексик-семантик гуруҳларга ажратилиб, уларнинг ментал, лингвомаданий хусусиятлари тўғрисидаги хулосаларидан ПЗ-202004165. “Умумий ўрта таълимнинг бошланғич синф ўқувчиларида оғзаки ва ёзма нутқий компетенсияларини ривожлантирувчи электрон платформа яратиш” номли амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил 25-октябрдаги №04/1-3031 сон маълумотномаси). Натижада лойиҳанинг назарий қисмининг янги манбалар билан бойитилишига эришилган;
ўзбек тилининг пичоқ суякка етди, қуруқ қошиқ оғиз йиртар, қозон осмоқ, номи улуғ, супраси қуруқ каби фразеологик бирликлари семантикасида “пичоқ, қозон, сурпа, элак” сўз реалиялари ҳисобига маданиятнинг ошхона анжомлари ва асбоблари образлари эталон сифатида намоён бўлганлиги, уларда ўзбек халқи турмуш тарзига хос миллий-маданий белгиларнинг акс этганлиги тўғрисидаги хулосаларидан 60111800-Хорижий тил ва адабиёти йўналиши талабалари учун мўлжалланган “Талабалар учун ёзиш амалиёти” номли дарсликда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024-йил  11-ноябрдаги 429-195-сон гувоҳномаси). Натижада ушбу дарсликнинг гастрономик фразеологизмлар ҳақидаги маълумотлар, мисоллар, хулосалар билан бойитилишига эришилган;
ўзбек тилидаги келиннинг қўлидан чой ичмоқ, нон синдирмоқ, нон тишлади, аталадан суяк чиқибди, патир ушатиш, сурпа очди, сурпа қоқди, тўққиз товоқ, қозон тўлди каби гастрономик фразеологик бирликларнинг лингвомаданий кодини аниқлаш орқали халқнинг урф-одатлари, анъана ва қадриятлари, ижтимоий муносабатларининг ифодаланиш даражаси ҳақидаги хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали ДМ “Маъданий-маърифий ва бадиий эшиттиришлар” муҳарририяти томонидан тайёрланган “Таълим ва тараққиёт”, “Адабий жараён”, “Жаҳон адабиёти” дастурлар сенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (“Ўзбекистон телеканали давлат муассасаси”нинг 2024-йил 25-октябрдаги №04-36-1140 сон маълумотномаси). Натижада ушбу дастурларнинг илмий-оммабоплиги таъминланган ва янги маълумотлар билан такомиллашган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish