Хаитова Феруза Салахидиновнанинг филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида 

I.Умумий маълумотлар.
“Чингиз Айтматов асарларидаги номинацентрик мақолларнинг семантикаси ва структураси ҳамда уларнинг ўзбек тилидаги таржималарининг ўзига хослиги  (“Асрга татигулик кун” ва “Қиёмат” романлари асосида)”. 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чогʻиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.PhD/Fil2626.
Илмий раҳбар: Бакиров Поён Уралович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Бобокаланов Рамазон Ражабович, филология фанлари доктори (DSc), профессор; Болтақулова Гулноза Фарруховна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), профессор.  
  Етакчи ташкилот: Андижон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” ва “Қиёмат” романларидаги номинасентрик мақолларнинг семантикаси ва синтактик тузилишини аниқлаш ҳамда уларнинг ўзбек тилига таржима хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Чингиз Айтматовнинг “Қиёмат” ва “Асрга татигулик кун” романларидаги мақолларнинг семантик мазмунидаги муаллиф услубига хос инсон ва унинг маънавий фазилатлари, табиат, ҳаёт, меҳнат ва тақдир каби шарқ фалсафасига доир ифода жиҳатлари очиб берилган;
романларда учрайдиган номинацентрик мақоллар от, отлашган олмош, отлашган сўз туркумлари, ҳаракат номи шакллари билан ифодаланганлиги, мақоллар таркибида эгаси ва кесими от маъноли бирликлар билан ифодаланган синтактик тузилмалар асосида юзага келган ифодалар марказий ўринга эга эканлиги ҳамда уларнинг содда гап, қўшма гап ва эргаш гапли қўшма гап кўринишли моделлари мавжудлиги исботланган;
“Асрга татигулик кун” ва “Қиёмат” романларида учрайдиган мақол ва фразеологик бирликларнинг ўзбек тилидаги таржималари ҳамда улар орқали аслиятдаги миллий ранг ва семантик юкламанинг сақлаб қолингани, таржима жараёнидаги таржимон услуби ва қисман таржима, тавсифий таржима, калкалаш, маъноси мос тушадиган бошқа синонимик мақоллардан фойдаланишнинг эквивалентлик даражалари аниқланган;
романлардаги фразеологик бирликларда умуминсоний қадриятлар, миллий мафкура ва менталга хос мазмуний хусусиятлар очиб берилиб, ушбу бирликлар матнда эмоционал-экспрессив вазифани бажариши ҳамда муаллиф ғоясининг семантик трансформацияси сифатида намоён бўлиши далилланган. 

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” ва “Қиёмат” романларидаги мақолаларнинг номинацентрик хусусиятлари ҳамда уларнинг ўзбек тилига таржима қилиш хусусиятларини ўрганиш асосида:
Чингиз Айтматовнинг “Қиёмат” ва “Асрга татигулик кун” романларидаги мақолларнинг семантик мазмунидаги муаллиф услубига хос инсон ва унинг маънавий фазилатлари, табиат, ҳаёт, меҳнат ва тақдир каби шарқ фалсафасига доир ифода жиҳатлари очиб берилганлигига оид натижаларидан 2019-2021-йилларда амалга оширилган ФЗ-202001047 “Ўзбекистонда мадраса таълим тизими тарихи” электрон порталини яратиш мавзусидаги амалий лойиҳани амалга оширишда фойдаланилган (Самарқанд давлат университетининг 2024-йил 14-декабрдаги №10-6792-сон маълумотномаси). Натижада мақол ва маталларнинг дифференциал белгилари аниқланган, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва тарбиявий вазифалари намоён этилган, бу эса адабиётшунослик ҳамда бадиий асарлар тилини ўрганишда тадқиқот материалларидан фойдаланиш имконини оширишга хизмат қилган;
романлардаги фразеологик бирликларда умуминсоний қадриятлар, миллий мафкура ва менталга хос мазмуний хусусиятлар очиб берилиб, ушбу бирликлар матнда эмоционал-экспрессив вазифани бажариши ҳамда муаллиф ғоясининг семантик трансформацияси сифатида намоён бўлишига доир хулосалардан 2014-2015-йилларда амалга оширилган И-204-4-5 “Инглиз тили мутахассислик предметларидан ахборот-коммуникацион технологиялари асосида виртуал ресурслар яратиш ва ўқув жараёнига жорий этиш” номли инновацион тадқиқотлар лойиҳаси доирасида  фойдаланилган (Самарқанд давлат чет тиллар институтининг 2024-йил 14-декабрдаги №2762/02-сон маълумотномаси). Натижада қирғиз-ўзбек мақолларининг семантик ва структур хусусиятлари ҳамда уларнинг қиёсий таҳлили асосида миллий паремик маданият элементлари таълимий электрон ресурсларига киритилди, талабаларда миллий маънавий меросга қизиқиш уйғотилди ҳамда уларнинг маданий коммуникация компетенсияси ривожланишига эришилди;
романларда учрайдиган номинацентрик мақоллар от, отлашган олмош, отлашган сўз туркумлари, ҳаракат номи шакллари билан ифодаланганлиги, мақоллар таркибида эгаси ва кесими от маъноли бирликлар билан ифодаланган синтактик тузилмалар асосида юзага келган ифодалар марказий ўринга эга эканлиги ҳамда уларнинг содда гап, қўшма гап ва эргаш гапли қўшма гап кўринишли моделлари мавжудлигига оид хулосаларидан “Ассалом Самарқанд” теледастури ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Самарқанд вилояти телерадиокомпаниясининг 2024-йил 13-декабрдаги №01-07/422-сон маълумотномаси). Натижада “Асрга татигулик кун” ва “Қиёмат” романларидаги мақол, матал ва фразеологизмларнинг бадиий тизимдаги ўрни оммавий теледастур форматида очиб берилди ва бу орқали илмий билимлар кенг томошабинлар оммасига етказилиши таъминланган;
“Асрга татигулик кун” ва “Қиёмат” романларида учрайдиган мақол ва фразеологик бирликларнинг ўзбек тилидаги таржималари ҳамда улар орқали аслиятдаги миллий ранг ва семантик юкламанинг сақлаб қолингани, таржима жараёнидаги таржимон услуби ва қисман таржима, тавсифий таржима, калкалаш, маъноси мос тушадиган бошқа синонимик мақоллардан фойдаланишнинг эквивалентлик даражалари аниқланган хулосаларидан “Ассалом Самарқанд” теледастури ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Самарқанд вилояти телерадиокомпаниясининг 2024-йил 13-декабрдаги №01-07/422-сон маълумотномаси). Натижада теледастур ссенарийсининг такомуллашувига эришилиб, дастур орқали асарлар таржималарининг кенг жамоатчиликка хос халқчил хусусиятлари очиб берилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish