Усманов Омонали Тургуновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Минерал ўғитлар меъёрларини илдизмевали сабзавотлардаги самарадорлиги (Наманган вилоятининг оч тусли бўз тупроқлари шароитида)”, 06.01.04 – Агрокимё (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.PhD/Qx985
Илмий раҳбар: Сулаймонов Иномжон Жамолдинович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD.03/05.04.2025.Qx.02.13.
Расмий оппонентлар: Машрапов Мансур Ибрагимович, қишлоқ хўжалиги фанлари боъйича фалсафа доктори, доцент; Ибрагимов Назар Мадримович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади қадимдан суғориладиган оч тусли бўз тупроқларнинг агрокимёвий хусусиятлари, илдизмевали сабзавотларнинг ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлиги ва ҳосил сифатига қўлланилган минерал ўғитлар меъёрларининг таъсирини аниқлаш, ўғитлар самарадорлигини янада ошириш, ҳар бир илдизмевали сабзавотлар учун мақбул ўғитлар меъёрини ҳамда қўллаш муддатларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
илк бор Наманган вилоятининг суғориладиган оч тусли бўз тупроқлари шароитида илдизмевали сабзавотлар (турп, шолғом, ош лавлаги, брюква) навлари учун минерал ўғитларни қўллашнинг мақбул меъёрлари ишлаб чиқилган;
илдизмевали сабзавотлар учун минерал ўғитларнинг мақбул меъёри Н150П100К150 кг/га эканлиги аниқланиб, минерал ўғитларнинг ушбу меъёрларида илдизмевали сабзавотлар етиштирилганда тупроқдаги нитратли азот миқдори дастлабкидан 2,4-3,2 мг/кг оралиғида ортиши, ҳаракатчан фосфор миқдори 1,2-2,0 мг/кг ва алмашинувчан калий миқдори эса 46-47 мг/кг га камайиши аниқланган;
минерал ўғитларнинг мақбул меъёрлари табақалаштириб қўлланилиши ҳисобига илдизмевали сабзавотларнинг ўсиши ва ривожланиши яхшиланганлиги ҳамда озиқ моддаларини 1:0,5:1,0 нисбатларда ўзлаштирганлиги аниқланиб, мақбул ўғит қўллаш асосида илдизмевали сабзавотлар ҳосили билан минерал ўғитлар самарадорлиги ўртасидаги боғлиқлик аниқланган;
ўсимлик-тупроқ-ўғит тизимида илдизмевали сабзавотларнинг озиқланиш хусусиятига боғлиқ ҳолда илдизмева ҳосили ва улар таркибидаги фойдли моддалар миқдори ошиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Илдизмевали сабзавотлар учун минерал ўғитларнинг меъёрларини турп, шолғом, ош лавлаги, брюквага бўлган таъсири бўйича олинган маълумотлар асосида: 
Республикамиздаги мавжуд фермер ва деҳқон хўжаликлари учун “Минерал ўғитлар меъёрларини илдизмевали сабзавотлардаги самарадорлиги” (Наманган вилоятининг оч тусли бўз тупроқлар шароитида) номли тавсиянома ишлаб чиқилиб, Наманган вилоятининг Наманган тумани фермер ва деҳқон хўжаликларида амалиётга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2024-йил 8-октябрдаги 05/06-02-876-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу тавсиянома илдизмевали сабзавотлар (ош лавлаги, турп, шолғом ва брюква) етиштирадиган фермер ва деҳқон хўжаликларида улардан юқори ҳосил олиш учун амалий қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;
илдизмевали сабзавотлар (ош лавлаги, турп, шолғом ва брюква) учун минерал ўғитларни Н150П100К150 кг/га меъёрда қўллаш технологияси Наманган вилоятининг Наманган туманидаги “Азизхон Носиров фермер хўжалигида 5 га, “Хонобод Нурафшон” фермер хўжалигида 4 га, “Нафис кўклам” фермер хўжалигида 6 га,  жами 15,0 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2024-йил 8-октябрдаги 05/06-02-876-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида турп ўсимлигининг илдизмева ҳосилдорлиги 235 с/га ни, шолғомники 216 с/га ни, ош лавлагиники 254 с/га ни ва брюкваники 214 с/га ни ташкил этган. Рентабиллик даражаси ҳам мос равишда 41,8; 36,1; 99,0 ва 61,1% бўлишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish