Сақиев Қобилжон Босимовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Зомин миллий табиат боғи ҳолатининг мониторинги ва биологик тизим турғунлигини таъминлаш», 11.00.05-Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.4.PhD/В1598.
Илмий раҳбар: Саттаров Музаффар Эштемирович, биология фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/27.02.2020.В.01.15.
Расмий оппонентлар: Жулиев Мухиддин Комилович, биология фанлари доктори, доцент; Фахрутдинова Машкура Фазлитдиновна, биология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Зомин миллий табиат боғига антропоген омилларнинг салбий таъсирларини аниқлаш ва ГАТ дастурлари ёрдамида экологик ҳолатини мониторинг қилиш орқали ёнғин содир бўлган ҳудуднинг биологик тизим турғунлигини таъминлашга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Зомин миллий табиат боғида ёнғин содир бўлган ҳудуднинг релъефи, тупроқ таркиби ва унинг озиқа элементлари билан таъминланганлиги ҳамда ўсимликлар билан қопланганлик даражасига кўра, 3та тадқиқот майдончаси танланган ва баҳоланган;
узоқ йиллар мобайнида иқлим ўзгариши таъсирида ҳудуд тупроқларининг ҳарорати ўртача 1,5-2,5○С ошганлиги туфайли ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, тупроқ қоплами ҳамда биологик тизим турғунлигига зарар етаётганлиги, шунингдек, антропоген омил сабабли ҳудудда ёнғин содир бўлиши натижасида 100 турдан ортиқ ўсимликлар, жумладан бир ва кўп йиллик ўтлар, 1000 га яқин арча дарахтлари, наъматак, зирк, бодомча, учқат каби буталарнинг ёниб кетганлиги аниқланган;
Зомин миллий табиат боғи ҳудуди Google earth ва ArcGIS, QGIS дастурлари яъни масофадан зондлаш орқали ўсимлик қопламининг динамик ўзгариши ҳамда 20 хил камёб, 107 хил доривор ва озуқабоп ҳамда 6 хил ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг техник турлари мавжудлиги аниқланган, шунингдек, Landsat сунъий йўлдоши, ArcMap дастурининг ArcToolbox бўлими ва crudata сайти ҳамда метеорологик маълумотлари асосида ҳудуд бўйича кўп йиллик ёғингарчилик ҳамда тупроқ ҳарорати хариталари тузилган.
Зомин эркин туристик зонасида сайёҳлик жозибадорлигини янада ошириш мақсадида дастурий “Zomin Travel” мобил иловаси ҳамда ҳудудда кузатув камералари, ёнғин хавфсизлиги ва маиший қаттиқ чиқиндиларни бошқаришга илмий тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Зомин миллий табиат боғининг экологик ҳолати мониторинги ва биологик тизим турғунлигини таъминлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
глобал иқлим ўзгариши шароитида ArcMap дастури ва Метеорологик маълумотлар таҳлили асосида ёғингарчилик харитаси Жиззах вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда Зомин миллий табиат боғида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2024 йил 26 августдаги 03-03/3-8315-сонли маълумотномаси). Натижада, алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар экотизимини бошқаришда ўрмон хўжалигида ёнғин хавфини камайтириш механизми ишлаб чиқиш имконини берган;
ArcMap дастури ва Метеорологик маълумотлар таҳлили асосида тупроқ ҳарорати харитаси Жиззах вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда Зомин миллий табиат боғида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2024 йил 26 августдаги 03-03/3-8315-сонли маълумотномаси). Натижада, алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда рекультивация ишлари ҳамда қуриган ўсимлик чиқиндиларидан тозалаш ишларини олиб бориш имконини берган;
Зомин эркин туристик зонаси ҳудудларининг сайёҳлик жозибадорлигини янада оширишга қаратилган тавсиянома Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг 2024 йил 6 августдаги 03-12-17-4956-сонли маълумотномаси). Натижада, Зомин миллий табиат боғи ҳудудида сайёҳлар яқиндан танишиш учун меҳмонхоналар, меҳмон уйлари ва дам олиш масканлари, хоналарни брон қилиш, шунингдек, турар жой манзилини юклаб олиш имконини берган.