Кўзиев Жахонгир Мадаминовичнинг
Фан доктори (DSс)диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “«Тупроқ-ўсимлик-ўғит» тизимида мақбул ўғит меъёрларини автоматик геофазовий-смарт усулда қўллашнинг илмий асослари”, 06.01.04-Агрокимё (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.3.DSc/Qx366.
Илмий маслаҳатчи: Халиков Баходир Мейликович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти, DSс.25/30.12.2019.Qx/B.43.01.
Расмий оппонентлар: Ибрагимов Назирбай Мадримович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Санақулов Акмал Лапасович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Мирзаев Лутфулло Арибжанович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади интенсив деҳқончиликда «тупроқ-ўсимлик-ўғит» тизимида замонавий технологиялар асосида минерал ўғитларни янги автоматлашган геофазовий – смарт усулда қўллашнинг илмий асосларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор тупроқларнинг озиқа элементи билан таъминланганлик даражасига боғлиқ ҳолда бир вақтнинг ўзида керакли нуқталарга азотли, фосфорли ва калийли минерал ўғитларни алоҳида-алоҳида автоматик қўллаш агрегатининг ишлаш механизми илмий асосланган.
тупроқларга анъанавий бир текисда ўғит қўлланганда озиқа элементларининг таъминланганлик даражаси йилдан-йилга бир-биридан узоқлашиши, геофазовий-смарт усулда қўлланганда озиқа элементлар 4-7 йилда бир турга ўтиши илмий асосланган;
ғўзага минерал ўғит қўлланилмаган ёки кам миқдорда қўлланилганда фосфор ва калийга нисбатан азот кўп ўзлаштирилиши, мақбул меъёрда қўлланганда бир-бирига яқин, оширилган миқдорда қўлланганда эса азотга нисбатан калий кўп ўзлаштирилиши исботланган;
суғориладиган типик бўз тупроқ шароитида ғўзадан 45-50 ц/га ҳосил олиш режалаштирилганда N320P240K200 кг/га, суғориладиган бўз-ўтлоқи тупроқда 40-45 ц/га ҳосил режалаштирилганда N290P200K170 кг/га, суғориладиган оч тусли бўз тупроқда 25-35 ц/га ҳосил режалаштирилганда N260P210K145 кг/га қўллаш мақбул меъёр эканлиги аниқланган;
ҳаво ва тупроқ ҳарорати ҳамда гранулометрик таркибига боғлиқ ҳолда ғўзага вегетация даврида минерал ўғитларни қатламли қўллаш (гранулометрик таркиби асосида)ни мақбул вақти (соат 20:00 дан 08:00 га) аниқланган.
вегетация даврида анъанавий усулда қатор ораларига бир вақтда азотли+фосфорли ёки азотли+калийли минерал ўғитларни қўллаш агрегатига нисбатан янги турдаги геофазовий-смарт агрегат азотли, фосфорли ва калийли минерал ўғитларни алоҳида-алоҳида қўллаш функцияси билан жиҳозланганлиги, унинг аниқлик даражаси 100 фоизга эга эканлиги илмий исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. «Тупроқ-ўсимлик-ўғит» тизимида мақбул ўғит меъёрларини автоматик геофазовий-смарт усулда қўллашнинг илмий асослари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Тошкент ва Жиззах вилоятлари тупроқ-иқлим шароитида ғўза парваришида ер ва сув ресурсларидан ҳамда минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар» вилоятларнинг қишлоқ хўжалиги бошқармаларига ҳамда пахтачиликка ихтисослашган ердан фойдаланувчиларга амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалик вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2024 йил 11 октябрдаги 05/05-02-898-сон маълумотномаси). Натижада, Тошкент ва Жиззах вилоятлари тупроқ-иқлим шароитида ғўза парваришида қишлоқ хўжалиги мутахассисларига, агрокластер ва фермер хўжалик раҳбарларига ер ва сув ресурслардан ҳамда минерал ўғитлардан самарали фойдаланишни таъминловчи илмий асосланган агротехник тадбирларни олиб боришда қўлланма сифатида хизмат қилган;
Тошкент вилояти суғориладиган типик бўз (1017 га), Сирдарё вилояти суғориладиган бўз-ўтлоқи (66 га), Жиззах вилояти суғориладиган оч тусли бўз (272 га) тупроқларининг жами 1355 гектар экин майдонларининг1:5000 масштабли «Аниқ деҳқончилик»ка мос агрокимёвий картограммалари тузилган ва Бўка, Мирзаобод ва Арнасой туманларининг қишлоқ хўжалиги бўлимларида амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалик вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2024 йил 11 октябрдаги 05/05-02-898-сон маълумотномаси). Натижада, тупроқларнинг озиқа элементлари билан таъминланганлик даражаларига мос минерал ўғитларни тўғри қўллаш, ўғитларни тежаш, тупроқнинг агрокимёвий ҳолатини яхшилаш, озиқа элементлар мувозанатини сақлаш, тупроқ унумдорлиги ва ғўза ҳосилдорлигини 8-14 ц/га олишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш имконини берган;
Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг ҳаво ва тупроқ ҳароратларининг сўнгги 15 йиллик маълумотлари асосида минерал ўғитларни мақбул қўллаш вақти Бўка, Мирзаобод ва Арнасой туманларининг қишлоқ хўжалиги бўлимларида амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалик вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2024 йил 11 октябрдаги 05/05-02-898-сон маълумотномаси). Натижада, ҳаво ва тупроқ ҳароратларига, гранулометрик таркибига боғлиқ ҳолда минерал ўғитларни табақалаштириб қатламли қўллаш вақтини белгилаш имконини берган.
«Тупроққа турли хил минерал ўғитларни бир вақтни ўзида қўллаш билан бирга культивация қилиш универсал агрегати»ни чизмаси чизилган ва унинг 3D макети яратилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг FAR 02247 фойдали модель патенти олинган). Натижада, тупроқларнинг озиқа элементлари билан таъминланганлик даражаларига боғлиқ ҳолда ғўзанинг вегетация даврида азотли, фосфорли ва калийли минерал ўғитларни автоматик керакли нуқта (жой)ларга қўллашга ихтисослашган янги турдаги агрегатнинг прототип нусхаси яратилган.
«Замонавий автоматлаштирилган геофазовий – смарт ўғитлаш агрегати учун дастурий таъминот» Арнасой тумани қишлоқ хўжалиги бўлимида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг DGU №41133 рақамли гувоҳнома олинган). Натижада, аниқ-дифференсиялашган ўғитлаш дастурий таъминоти асосида минерал ўғитлар керакли нуқталарга автоматик қўлланганда ёқилғи мойлаш материаллари 12-17%, минерал ўғитлар 23-28% тежалган ҳамда ғўзадан 8-14 ц/га юқори ҳосил олишга эришилган.