Каримова Мафтуна Нурдиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи):
“Брендни шакллантириш асосида мева маҳсулотларининг иқтисодий самарадорлигини ошириш”, 08.00.04 – “Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти” ва 08.00.11 – Маркетинг
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/Iqt2119
Илмий раҳбар: Ашурметова Нигора Азатбековна, иқтисодиёт фанлари номзоди (PhD).
Диссертация бажарилган муассаса номи: Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Халқаро қишлоқ хўжалиги университети, PhD.05/15.12.2022.I.155.01
Расмий оппонентлар: Джурабаев Отабек Джурабаевич, иқтисодиёт фанлари доктори (DSc), профессор; Аҳроров Фарҳод Баҳриддинович, иқтисодиёт фанлари доктори (DSc), профессор.
Етакчи ташкилот: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон Республикасида брендни шакллантириш асосида мева маҳсулотларини иқтисодий самарадорлигини ошириш йўналишларини белгилаш ва бу бўйича илмий-амалий жиҳатдан асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Бренд категориясининг илмий-назарий асосларини тадқиқ этиш натижасида бренд, брендинг ва брендлаш тушунчаларига муаллифлик ёндашуви шакллантирилди ҳамда мева маҳсулотларини брендлашнинг ўзига хос хусусиятлари аниқланди;
Мевачилик тармоғи самарадорлигини баҳолаш борасидаги мавжуд тадқиқот ва ёндашувларда етарлича ёритилмаган жиҳатлар инобатга олиниб, С. Девис ва М. Даннинг “Алоқа нуқталари ғилдираги” асосида бренд самарадорлигига таъсир этувчи омилларнинг интеграциялашган модели ишлаб чиқилди ҳамда иқтисодий самарадорлик кўрсаткичи сифатида “Мева бренди ривожланиш индекси” (МБРИ) таклиф этилди;
Мева маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнида қатнашувчилар фаолиятига таъсир этувчи ички ва ташқи омилларини ИФЕ ва ЭФЕ матрицалари коеффициентлари ишлаб чиқилди;
Мева маҳсулотлари брендини шакллантиришнинг ташкилий-иқтисодий механизми ишлаб чиқилди ҳамда истиқболда мевачилик тармоғида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмидаги ўзгаришлар кўп омилли эконометрик модел асосида баҳоланиб, 2030-йилгача мўлжалланган прогноз кўрсаткичлари аниқланди.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Диссертация ишининг илмий таклифлари ва амалий тавсиялари асосида қуйидагилар жорий этилди:
бренд, брендинг ва брендлаш тушунчаларига муаллифлик ёндашуви ҳамда мева маҳсулотларини брендлашнинг ўзига хос хусусиятлари Н.А.Ашурметова, М.Н.Каримова, И.С.Очиловларнинг “Маркетинг тадқиқотлари” дарслигида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2025-йил 9-июлдаги 258-сонли буйруғи). Дарсликдан “Маркетинг тадқиқотлари” фанини ўрганувчилари, олий таълимнинг бакалаврият йўналишида таҳсил олаётган талабалари ва профессор-ўқитувчилари фойдаланиши мумкин;
мевачиликда бренд самарадорлигини белгиловчи омилларни баҳолаш мақсадида С. Девис ва М. Даннингнинг “Алоқа нуқталари ғилдираги” консепсияси асосида интеграллашган модел ишлаб чиқилган ҳамда у мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи хўжаликларда ўтказилган сўровномалар асосида синовдан ўтказилган. Ушбу ёндашув Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида турли қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни истеъмолчиларга етказиш билан шуғулланувчи хўжалик ва корхоналар мисолида анор брендини шакллантириш ҳамда ривожлантириш жараёнида мавжуд ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини интеграл мониторинг асосида аниқлаш имконини берган. Шу билан бирга, “Ихтисослашган Қува анори кластери” МЧЖ ва “Сардорбек Султонбек Самир Дамир” (“Шеробод анори”) фермер хўжаликлари таҳлили натижаларига кўра, анор маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш жараёнида бренд омили хўжалик фаолияти ва иқтисодий самарадорлик кўрсаткичларига сезиларли таъсир кўрсатаётгани аниқланган. (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 6-февралдаги 05/06-04-36-сонли маълумотномаси). Хусусан, “Ихтисослашган Қува анори кластери” МЧЖда 2019–2022 йиллар давомида даромад ҳажми 42,5 млрд сўмдан 78,7 млрд сўмгача (54 фоизга), фойда эса 20,3 млрд сўмдан 30,6 млрд сўмгача ошгани аниқланиб, бу натижа бренд стратегиясининг иқтисодий самарадорликни оширишдаги муҳим ролини асослаб берган. Яъни, кластер доирасида шаклланган “Қува анори” бренди юқори маркетинг имкониятларига эга бўлиб, маҳсулотни бозорда устун нархларда сотиш имкониятини тақдим этиши исботланган. Аксинча, кичик миқёсдаги “Шеробод анори” фермер хўжалигида маркетинг ва брендлаш имкониятларининг чекланганлиги аниқланиб, кластер ва бренд остида ишлаб чиқаришнинг даромад ҳамда фойдани барқарор оширишга хизмат қилиши илмий асосланган. Брендинг самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичи сифатида таклиф этилган “Мева бренди ривожланиш индекси” (МБРИ) “Қува анори” бренди бўйича ҳисобланган ва ҳисоб-китобларга кўра 120% ни ташкил этган. Бу эса маркетинг стратегиясини кучайтириш орқали сотув ҳажмини ошириш ва юқори иқтисодий самарадорликка эришиш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлаган;
мевачиликда брендга таъсир этувчи омиллар СWОТ ва ПЕСТЕЛ таҳлиллари орқали ўрганилган ҳамда “Ихтисослашган Қува анори кластери” МЧЖнинг ички ва ташқи имкониятлари ИФЕ ва ЭФЕ матрицалари асосида баҳоланган. Натижаларга кўра, ИФЕ матрицаси бўйича коеффициент –0,19 чиқиб, хўжаликнинг ички ресурслари заифлиги ва брендинг жараёнларининг келгусида самарадорлиги пасайиши мумкинлиги аниқланган. ЭФЕ матрицасининг якуний кўрсаткичи эса 1,06 бўлиб, ташқи омиллар мавжуд бренд стратегияларини ривожлантириш учун ижобий таъсир кўрсатишини тасдиқлаган. Ушбу хулосалар асосида жорий ва истиқболдаги бренд стратегияларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 6-февралдаги 05/06-04-36-сонли маълумотномаси);
брендлашнинг ташкилий-иқтисодий механизмини ривожлантириш асосида мева маҳсулотлари ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган амалий тавсиялар “Ихтисослашган Қува анори кластери” МЧЖ, “Умид Зокир Севара Сурайё” ва “Орипжамол Юлдашали Акрамжон” фермер хўжаликлари ва Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси фаолиятида жорий этилган ҳамда Фаргʻона вилояти бўйича 2019 – 2023 йилларда мева маҳсулотлари (анор) етиштириш ҳажми ва унга таъсир этувчи омиллар (ўзгарувчилар)ни ҳисобга олган ҳолда ушбу маҳсулотлар етиштириш ҳажмининг 2030 йилгача бўлган прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилган. Натижада, берилган ўзгарувчилар, анор маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг 2018 йилдаги ўртача 3565 тоннадан 2030 йилга келиб 6716 тоннага ёки 1.9 баробар кўпроқ бўлиши мумкинлиги прогноз натижаларида илмий асосланган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 6-февралдаги 05/06-04-36-сонли маълумотномаси).