Нурбоев Ширинжон Абдушукур ўғлининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
“7-9-синфларда халқ достонларини ўрганиш орқали ўқувчиларнинг ўқув-билув компетентлигини ривожлантириш методикаси”, 13.00.02 – Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси (ўзбек адабиёти).
Диссертация рўйхатга олинган рақам: B2023.3.PhD/Ped5090
Диссертация бажарилган муассаса: Жиззах давлат педагогика университети.
Илмий раҳбар: Жуманазаров Умирзоқ Абдураззоқович, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Жиззах давлат педагогика университети, PhD.03/04.06.2020.Fil.113.02. 
Расмий оппонентлар: Боқижон Тўхлиев, филология фанлари доктори, профессор; Маҳкамой Турсунова, педагогика фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади 7-9-синф адабиёт дарсларида халқ достонларини ўрганиш орқали ўқувчиларнинг ўқув-билув компетентлигини ривожлантириш методикасини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
умумий ўрта таълим ўқувчиларига халқ достонларини ўқитишда таълим жараёни, таълим мазмуни, ўқитиш натижаси; таълим истиқболи сингари педагогик кўрсаткичлар асосида ўқувчиларнинг ўқув-билув компетентлигини ривожлантириш методикаси ишлаб чиқилган; унда      7-9-синф ўқувчиларининг руҳий ва интеллектуал имкониятлари, адабиётдан берилган  билимларни ўзлаштирганлик даражалари тадқиқ қилинган;
халқ достонларини ўқитишда таълимнинг илмийлик, фанлараро боғлиқлик, тизимлилик ва узвийлик, ўқувчиларнинг онглилиги ва ижодий фаоллиги тамойиллари, шунингдек, асар қаҳрамонларига образ эмас, инсон сифатида қараш, ўқувчиларнинг назарий фикрлаш қобилиятини ўстириш, ўқувчи шахсини устувор мавқега кўтариш ва баҳолаш каби таълимий-дидактик тамойилларнинг илмий-назарий ва методик асослари очиб берилган;
адабиёт дарсларида ўқувчиларнинг халқ достонлари матни устида мустақил ишлаш, савол ва топшириқлар ёрдамида таҳлил қилиш жараёнидаги ижодий фикрлаш, бадиий таҳлил усуллари ва нутқий компетентлигининг ўсиб бориши, шунингдек, уларнинг ёш хусусиятлари, тафаккур даражалари, руҳий ва ақлий ривожланиш босқичлари белгилаб берилган;
халқ достонларини ўқитишда матн асосида реферат, иншо ёзиш, эпик қаҳрамонлар нутқига дахлдор шеърий парчаларни ёд олиш ва муносабат билдириш, шунингдек, ёзма ва оғзаки нутқни ривожлантириш, ёзма саводхонликка оид матнлар, бадиий ижодкорлик ва мантиқий тафаккурни ўстиришга қаратилган топшириқларни бажариш орқали ўзлаштирилган билим, кўникма ва малакалар ўқувчилар маънавий камолотини таъминлаш омили эканлиги асосланган.  
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 7-9-синф ўқувчиларини адабиёт дарсларида ўзбек халқ достонларини ўрганиш, ўқувчилар маънавий камолотини таъминлаш, ўқув-билув компетентлигини ривожлантириш мақсадида:
тадқиқотда ва илмий мақолаларда берилган маълумотлардан, хусусан, “Равшан”, “Кунтуғмиш”, “Алпомиш” достонларининг тили, сюжет воқеалари, образлар тизими ва ғоявий-бадиий хусусиятлари, достон ижрочиларининг эпик маҳорати, шунингдек, таълимий тамойиллардан илмийлик, фанлараро боғлиқлик, тизимлилик, онглилик, дидактик таҳлил усуллари бўйича назарий хулоса ва методик тавсиялардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида бажарилган Ф1-Ф2- 043429-сонли “Қорақалпоқ фолклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2024-йил     11-октябрдаги №473/1-сон маълумотномаси). Натижада, олинган илмий мулоҳазалар ушбу лойиҳа доирасида нашр этилган ишларда ўз ифодасини топган ва мазкур лойиҳанинг илмий-назарий асосларини бойитишга хизмат қилган;
тадқиқотда ва илмий мақолаларда берилган маълумотлардан, хусусан, мактаб “Адабиёт” дарсликларидаги халқ достонларини ўрганиш бўйича савол-топшириқлар билан бирга қўшимча уюштириладиган мустақил ишларни бажариш, шунингдек, нақл ва мақолларнинг қўлланилиш табиати, лисоний ва лингвомаданий хусусиятлари, нақл ва мақоллар ўқувчиларнинг фаоллик, изчиллик, онглилик, хотирасининг кучлилиги, сўзамоллиги ва нутқ бойлигининг юксак даражада бўлишига сабабчи омиллар ҳақида илмий-назарий ва методик фикр-мулоҳазалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида бажарилган Ф1-А1-С007-сонли “Қорақалпоқ нақл-мақоллари лингвистик обект сифатида” мавзусидаги илмий-амалий тадқиқот лойиҳасидаги белгиланган вазифаларни бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2024-йил 11-октябрдаги № 474/1-сон маълумотномаси). Натижада, лойиҳанинг илмий- назарий асосланишига, нақл ва мақолларнинг лингвистик табиати таҳлилларида қўшимча материалларнинг киритилишига эришилган; диссертациядаги “Равшан”, “Кунтуғмиш”, “Алпомиш” каби халқ анъанавий достонларининг сюжети, тили, эпик қаҳрамонлар фаолиятининг тарбиявий аҳамияти билан ёш авлодни таништириш ва уларнинг ёшлар тарбиясига ижобий таъсирига оид тавсиялар ва хулосалардан Жиззах вилояти телерадиокомпаниясининг эфирга узатиладиган “Сайқал” ҳамда “Субҳидам” кўрсатуви дастури ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Жиззах вилояти телерадиокомпаниясининг 2024-йил 17-октябрдаги 431/2-10-сонли маълумотномаси). Натижада, бир қатор радиоешиттириш ва кўрсатувлар орқали вилоят аҳолисининг халқ достонлари ҳақидаги билимларининг кенгайишига олиб келган, шунингдек, ёшларда халқ достонларини ўрганиш орқали тарихимиз, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳини уйғотишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish