Рауфов Миразиз Мустафақуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Синхрон таржимада трансформацияларнинг қиёсий-чоғиштирма таҳлили (инглиз, француз, ўзбек тиллари расмий дискурси мисолида)”; 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик ихтисослиги.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.2.PhD/Fil4684
Илмий раҳбар: Сайфуллаев Анвар Исламович, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент
Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.01.10.
Расмий оппонентлар: Джумабаева Жамила Шариповна, филология фанлари доктори, профессор; Нишонов Патхиддин Пайзибоевич, филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инглиз, француз ва ўзбек тилларида қилинган синхрон таржималарда қўлланган трансформацияларнинг лингвистик (лексик, грамматик) ва экстралингвистик (когнитив-прагматик) хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
инглиз, француз ва ўзбек тиллариаро синхрон таржимада трансформацияларнинг қиёсий-чоғиштирма таҳлили асосида уларнинг таржима жараёнидаги асосий функсиялари – мазмунни аниқ етказиш, грамматик ва лексик мосликни таъминлаш, нутқ тезлигига мослашиш механизмлари аниқланган ва ушбу функсияларнинг таржима жараёнида хатоликларни минималлаштириш ва вақтни оптималлаштиришга сезиларли даражада таъсир қилиши исботланган;
инглиз, француз ва ўзбек тиллариаро синхрон таржимада кенг қўлланиладиган лексик-семантик яъни синонимия, антонимия, контекстуал алмаштириш ҳамда грамматик – сўз тартиби, гап қурилиши, қўшимча элементлар трансформацияларининг ҳар бир тил жуфтлигига хос ўхшаш ва фарқли жиҳатлари, жумладан, қўлланиш частотаси, семантик мослик даражаси, когнитив юкламани енгиллаштиришдаги роли тизимли таҳлил қилиниб, назарий хулосалар берилган ва мисоллар билан асосланган;
синхрон таржимада эквиваленти мавжуд бўлмаган миллий-маданий бирликларнинг адекват таржимасига эришишда трансформациялардан самарали фойдаланишнинг зарурлиги инглиз, француз ва ўзбек тилларига синхрон таржималари таҳлили асосида лингвистик ҳамда маданий-коммуникатив аҳамияти очиб берилган;
синхрон таржима жараёнида юзага келадиган лингвистик трансформацияларнинг қонуниятларини белгиловчи психолингвистик механизмлар – таржимоннинг стресс шароитида барқарор ишлаши, диққатни бир вақтнинг ўзида бир неча фаолиятга тақсимлаши, тезкор қарор қабул қилиш ва қисқа муддатли хотира ресурсларини самарали бошқариш каби когнитив жараёнлар тизимли равишда таҳлил қилиниб, уларнинг таржима сифатини ошириш, хатоларни минималлаштиришдаги роли далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Инглиз, француз ва ўзбек тиллариаро синхрон таржимада трансформацияларнинг қиёсий таҳлили асосида:
синхрон таржима жараёнида инглиз, француз ва ўзбек тилларининг хусусиятларига мувофиқ тарзда трансформация турлари (лексик, грамматик ва семантик)нинг танланиши натижасида чиқарилган илмий хулосалардан Тошкент шаҳридаги Франция Алянсида олиб борилган синхрон таржималар ҳамда халқаро конференцияларда фойдаланилган (Тошкент Француз Алянсининг 2024-йил 30-ноябрдаги 16-сонли маълумотномаси). Натижада синхрон таржима жараёнида қўлланадиган трансформациялар сифати ва самарадорлигининг ошишига эришилган;
синхрон таржима жараёнида юзага келадиган тиллараро ўхшашлик ва фарқларни аниқлашга қаратилган амалий қоидалар ишлаб чиқилганлиги, натижада синхрон таржимонларда муаммоларга дарҳол ечим топиш кўникмасини ривожлантириш билан боғлиқ назарий хулосалар Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети “Таржима назарияси ва амалиёти” кафедрасининг профессор-ўқитувчилари томонидан ўқитилаётган “Амалий синхрон таржима” (магистратура мутахассислиги талабалари учун) фани ўқув дастурини тузиш, жумладан, “Синхрон таржимада трансформациялардан фойдаланиш”, “Турли лексика ва уларнинг таржимаси”, “Синхрон таржимада лексик муаммолар” каби мавзуларнинг киритилишига асос бўлиб хизмат қилган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил 19-декабрдаги 16-4201-сонли маълумотномаси). Бундан ташқари, Таржима назарияси ва амалиёти таълим йўналиши талабаларининг синхрон таржимага доир назарий ҳамда амалий билимларининг кенгайишига хизмат қилган;
синхрон таржимада эквивалентлик муаммоси, адекват таржимага эришишдаги аҳамияти ва эквиваленти мавжуд бўлмаган миллий-маданий бирликларнинг берилишига доир хулоса ҳамда тавсиялардан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги ФЗ-2019062034 рақамли “Хорижий тилларда сўзлашувчилар учун ўзбек тилини интенсив ўргатувчи мултимедиа маҳсулотларини яратиш” лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 2024-йил 19-декабрдаги 24-806-сонли маълумотномаси). Натижада тадқиқот материаллари таржимашунослик, лексикография ва лингводидактика каби фанларни ўқитиш ҳамда мазкур амалий лойиҳа бўйича электрон дарсликлар, луғатлар ва мултимедиа материалларини тайёрлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилган.