Корёғдиев Бобур Умиджон ўғлининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Тасвирга бўлган ҳуқуқни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш”, 12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.2.PhD/Yu1921.
Илмий раҳбар: Имомов Нурилло Файзуллаевич, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/30.12.2019.Yu.22.01.  
Расмий оппонентлар: Ҳамроқулов Баҳодир Мамашарифович, юридик фанлар доктори, профессор, Палуаниязов Холмуҳаммед Айтжанович, юридик фанлар номзоди.
Етакчи ташкилот: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади фуқароларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқини фуқаролик ҳуқуқининг обекти сифатида назарий ва амалий жиҳатдан чуқур ўрганиш, ушбу ҳуқуқнинг мазмун-моҳиятини аниқлаш, уни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда тасвирдан розиликсиз фойдаланиш ҳолатларида юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
фуқарони тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда розилик олиш мажбурийлиги, 16 ёшга етган шахслар розилик беришда мустақил субект бўла олишлиги ҳамда жамоат ва давлат манфаатларини ҳисобга олганда розиликсиз ҳам тасвирдан фойдаланиш мумкин бўлган ҳолатлар мавжудлиги асослантирилган;
тасвирга бўлган ҳуқуқ шахсий ҳамда оммавий манфаатлар кесишмасида мувозанатни таъминлаш вазифасини келтириб чиқариши таҳлил қилиниб, илм-фан, маданият ва бошқа соҳалар таниқли вакилларининг тасвиридан жамият учун катта қизиқиш уйғотадиган ахборотни тарқатиш мақсадларида фойдаланилганда розилик талаб этилмаслиги асослантирилган;
фуқаронинг шахсий ҳаёти, шу жумладан, унинг келиб чиқиши, яшаш жойи, шахсий ва оилавий ҳаёти тўғрисидаги ҳар қандай ахборотни йиғиш, сақлаш, тарқатиш ва фойдаланишга унинг розилигисиз йўл қўйилмаслиги асослантирилган;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг фото ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш учун жавобгарликни кучайтириш асослантирилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тасвирга бўлган ҳуқуқни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
фуқарони тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда розилик олиш орқали ҳимоя қилиш билан боғлиқ таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 5-апрелдаги Ф-5464-сон Фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш консепсияси асосида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳасининг 109-моддаси биринчи қисмида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик департаментининг 2025-йил 22-июлдаги 8/0010-02-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг жорий қилиниши тасвирга бўлган ҳуқуқ муҳофазаси учун ҳуқуқий асос яратишга, шунингдек шахс тасвиридан фойдаланишни тартибга солишга хизмат қилган;
илм-фан, маданият ва бошқа соҳалар таниқли вакилларининг тасвиридан жамият учун катта қизиқиш уйғотадиган ахборотни тарқатиш мақсадларида фойдаланилганда розилик талаб этилмаслиги билан боғлиқ таклиф янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳасининг 28-моддаси учинчи қисми иккинчи бандида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик департаментининг 2025-йил 22-июлдаги 8/0010-02-сон далолатномаси). Ушбу таклиф жамоат арбоблари, машҳурларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқини махсус режимда муҳофазалашга ҳамда ахборот олишга бўлган эркинликни таъминлашга хизмат қилган;
фуқаронинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ ахборотдан фойдаланиш тартибига оид таклиф янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳасининг 110-моддаси биринчи-иккичи қисмларида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик департаментининг 2025-йил 22-июлдаги 8/0010-02-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг жорий қилиниши фуқаронинг шахсий ҳаётини фуқаролик ҳуқуқий муҳофаза қилишга хизмат қилган;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг фото ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш учун маъмурий жавобгарликка оид таклиф Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1952-моддасида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармасининг 2025-йил 17-июлдаги 27/2-158-25-сон далолатномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг тасвирга бўлган ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш орқали уларнинг шахсий-номулкий ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish