Аъзамжон Акмалжон ўғли Мамаджановнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Муҳаммад Вафо Карминагийнинг “Туҳфат ал-хоний” асари тарихий манба сифатида”. 07.00.08 – “Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари”.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В2023.3.PhD/Tar1626
Илмий раҳбар: Азамат Зиё, тарих фанлари доктори, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фанлар академияси Тарих институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти. DSc.02/30.12.2019.Tar.56.01. 
Расмий оппонентлар: Қаҳрамон Кенжаевич Ражабов, тарих фанлари доктори, профессор; 
Шодмон Ҳусайинович Воҳидов, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Муҳаммад Вафо Карминагий “Туҳфат ал-хоний” асарининг тарихий манба сифатидаги аҳамиятини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
“Туҳфат ал-хоний” асари асосида 380га яқин жуғрофий номларнинг аниқланганлиги аштархонийлар ва манғитлар даври минтақа тарихий географиясига ойдинлик киритишда; 330дан ортиқ шахс номларининг келтирилиши Туркистон сиёсий ҳаётида иштирок этган тарихий шахслар фаолиятини ўрганишда; 60дан ортиқ уруғ ва элат номлари билан боғлиқ маълумотлар 18-юзйилликдаги этник жараёнларда иштирок этган уруғ ва элатлар таркибини аниқлашда муҳим аҳамият касб этганлиги далилланган;
Манғитлар сулоласи ҳукмронлигининг илк даврларида Муҳаммад Раҳимхон томонидан ҳарбий-бошқарув соҳасида ислоҳот ўтказилиб, замонавий қурол-яроғ (милтиқ ва жазоир)лар билан қуролланган 12 минг кишилик мунтазам отлиқ қўшинга асос солингани сулоланинг ички барқарорлиги (кенагас, юз ва хитой-қипчоқ уруғларини бўйсундириш) ва ташқи хавфсизлигини таъминлаш (Эрон, Афғонистон ва Қўқон босқинларидан ҳимоя қилиш), шунингдек, мамлакатдаги Миёнқол, Кармана, Нурота, Самарқанд, Қарши, Шаҳрисабз, Ҳисор каби тарқоқ бекликларни иқтисодий жиҳатдан бирлаштиришда асосий омил бўлгани аниқланган;
айрим тарихий адабиётларда талқин қилинганидек, Бухоро хонлигида аштархонийлар сулоласи ўрнига манғитларнинг ҳокимиятга келиши “худбинлик ва сотқинлик натижаси”да юз бермаганлиги, аксинча, Абулфайзхон тахтдан туширилиб, ҳокимиятга Муҳаммад Раҳимхон келиши билан боғлиқ жараёнлар аслида Нодиршоҳнинг жияни Алиқулихон (хоннинг куёви сифатида Бухорони ўз қўлида сақлаб қолиш) режаларига қарши қаратилган тадбир бўлиб, бу ҳол хонлик аҳолисини қизилбош аскарлар талон-тарожидан сақлаб қолгани, Эрон босқинига қарши миллий озодлик курашини вужудга келтиргани ҳамда мамлакат мустақиллигининг қайта тикланишига олиб келгани далилланган; 
Бухоро хонлигида Муҳаммад Раҳимхон бошчилигида манғит сулоласининг тахтга келиши бошқарувда ҳукмдор тайинлашнинг наслий-шажаравий тамойилларга асосланмаган (яъни, ҳукмдорнинг этакчилик қобилияти, иқтидор ва салоҳиятига таянадиган) янгича дунёқараш ва сиёсий тафаккурни вужудга келтиргани, бу Туркистонда мавжуд бўлган тахт эгаси келиб чиқиш жиҳатидан чингизийлардан бўлиши лозимлиги тўғрисидаги тамойилнинг емирилишига сабаб бўлгани, 1785-йилда Шоҳмурод ибн Дониёлбийнинг амир унвони билан расман тахтга ўтириши эса ушбу жараённинг маҳсули бўлганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мавзу юзасидан ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
“Туҳфат ал-хоний” да  Бухоро хонлигида кечган ижтимоий-сиёсий жараёнларга оид 330дан ортиқ шахс, 380га яқин жуғрофий ва 60дан ортиқ уруғ ва элат номларининг мавжудлиги Туркистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирок этган тарихий шахслар фаолиятини ўрганиш, сулола даври тарихий географиясини белгилаш, этник жараёнларда иштирок этган уруғ ва элатлар таркибини аниқлаш борасидаги илмий хулосалардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Жавоҳир”, “Қисмат” кўрсатувлари ссенарийсини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг 2024-йил 31-июлдаги 06-31-903 сон маълумотномаси). Мазкур тадқиқот натижаларининг жорий этилиши 18-юзйиллик Бухоро хонлигининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-маданий ҳаётида муҳим ўрин тутган тарихий шахслар, уруғ ва элатлар билан боғлиқ янги маълумотларни оммалаштиришга хизмат қилади.
Манғитлар сулоласи ҳукмронлигининг илк даврларида Муҳаммад Раҳимхон томонидан 12 минг кишилик мунтазам отлиқ қўшинга асос солингани сулоланинг ички барқарорлиги ва ташқи хавфсизлигини таъминлаш ҳамда хонлик таркибидаги вилоятларини иқтисодий жиҳатдан бирлаштиришга сабаб бўлгани тўғрисидаги илмий янгиликларидан ФА Тарих институтида 2022 – 2024-йилларда амалга оширилган № ФЗ – 202007287 “Ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи манбалари (энг қадимги даврлардан 1991-йилгача) электрон “ақлли кутубхона” платформасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳаси доирасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг 2025-йил 25-апрелдаги 3/1255-1040-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши Муҳаммад Раҳимхон томонидан Бухоро амирлигида 12 минг кишилик мунтазам отлиқ қўшинга асос солингани, сулоланинг ички барқарорлиги ва ташқи хавфсизлигини таъминлашда асосий омил бўлгани тўғрисида илмий хулосалар чиқаришга хизмат қилади.
Бухоро хонлигида 1747-йилда Абулфайзхон тахтдан туширилиб, ҳокимиятга Муҳаммад Раҳимхон келиши билан боғлиқ жараёнлар аслида Нодиршоҳнинг жияни Алиқулихон режаларига қарши қаратилган тадбир бўлиб, бу ҳол хонлик аҳолисини қизилбош аскарлар талон-тарожидан сақлаб қолгани, Эрон босқинига қарши миллий озодлик курашини вужудга келтириб, мамлакат мустақиллигининг қайта тикланишига олиб келгани ҳақидаги илмий янгиликларидан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Жавоҳир”, “Қисмат” кўрсатувлари ссенарийсини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг 2024-йил 31-июлдаги 06-31-903 сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари Бухоро хонлигида ҳукмронлик қилган икки сулола – аштархонийлар ва манғитлар ўртасидаги ҳокимият алмашинуви даврининг баҳсли масалаларига ойдинлик киритишга хизмат қилади.
Муҳаммад Раҳимхон бошчилигида манғит сулоласининг тахтга келиши бошқарувда ҳукмдор тайинлашнинг наслий-шажаравий тамойилларга асосланмаган, янгича дунёқараш ва сиёсий тафаккурни вужудга келтириб, бу Туркистонда мавжуд бўлган тахт эгаси келиб чиқиш жиҳатидан чингизийлардан бўлиши тўғрисидаги тамойилнинг емирилишига сабаб бўлгани борасидаги илмий хулосалардан ФА Тарих институтида 2022 – 2024-йилларда амалга оширилган № ФЗ – 202007287 “Ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи манбалари (энг қадимги даврлардан 1991-йилгача) электрон “ақлли кутубхона” платформасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳаси доирасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг 2025-йил 25-апрелдаги 3/1255-1040-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари Муҳаммад Вафо Карминагийнинг “Туҳфат ал-хоний” асари тўғрисидаги янги маълумотларни оммалаштиришга хизмат қилади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish