Собиров Собир Жўрақуловичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қовушқоқ-эластик муҳитдаги сферик жисмнинг гармоник ва нотурғун  тебраниш-лари”(Гармонические и неустановившиеся колебания сферического тела, контактирующего с вязкоупругой средой) 01.02.04-Деформацияланувчан қаттиқ жисм механикаси (физика - математика фанлари). Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.2.PhD/FM1312
Илмий раҳбар: Сафаров Исмоил Иброҳимович  физика-математика фанлари доктори, профессор
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат техника университети 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Бухоро давлат техника университети ҳузуридаги илмий даража берувчи PhD.03/27.02.2021.FM.101.02 рақамли илмий кенгаш. 
Расмий оппонентлар: Мардонов Ботир Мардонович  физика-математика фанлари доктори, профессор;  Рахмонов Баҳодир Собирович техника фанлари доктори, (DSc)  
Етакчи ташкилот номи: Наманган давлат техника университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: қовушқоқ-эластик муҳит билан контактда бўлган сферик жисмнинг ташқи юкланиш таъсиридаги гармоник ва нотурғун тебранишлари, ҳамда қовушқоқ-эластик муҳитда ҳосил бўладиган динамик кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини баҳолашга қаратилган ҳисоблаш методикаси, алгоритми ва дастурини ишлаб чиқиш ҳамда сонли натижалар олиб таҳлил қилишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат: илк марта қовушқоқ-эластик муҳитдаги сферик жисмнинг радиал, буралиш ва сфероидал сўнувчи хос тебранишларини ўрганиш методикаси ва алгоритми Бессел ва Ханкелнинг комплекс аргументли махсус сферик функсиялари ҳамда Лежандрнинг кўпҳадига асосланиб ишлаб чиқилган;
радиал ва буралиш тебранишларда Колтунов-Ржаницин ядросининг параметрлари (α,β) нинг комплекс частота ҳақиқий ва мавҳум қисмларига таъсири полимер материаллар учун 1-2% бўлиши, ядро амплитудаси А нинг таъсири эса 3-5% бўлиши ишлаб чиқилган методика ва алгоритм асосида топилган;
сфероидал тебранишларда комплекс частотанинг мавҳум қисми қатлам радиуслари нисбати r_2^*=0.945 бўлганда тебранишларнинг сўниш коеффициентининг энг катта бўлиши (ω_im=-13.24∙〖10〗^(-3)) параметрик таҳлил асосида аниқланган;
қовушқоқ-эластик муҳитда жойлашган деформацияланувчан сферик қобиққа стационар бўлмаган поғонали нотурғун куч юкланганда максимал зўриқишлар вақтнинг бошланғич қийматларидан кечикиб (t^g>1.0) ўзининг максимал қийматга эришиши ва кейинчалик 10-15% гача камайиб, асимптота чизиғига яқинлашиб бориши ишлаб чиқилган методика ва алгоритмини қўллаш асосида топилган.          
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Динамик кучлар таъсирида эластик ва қовушқоқ-эластик муҳитда жойлашган деформацияланувчи сферик жисмнинг динамик кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини ҳисоблаш усуллари тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
қовушқоқ-эластик композит қувурларда динамик юк таъсирида ҳосил бўладиган кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини аниқлаш методикаси ва алгоритмидан Бухоро давлат техника университетида  2012-2016-йилларда олиб борилган Ф4-14 рақамли “Суюқлик оқувчи ер ости эгри чизиқли қувурнинг динамик кучлар таъсиридаги кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини тадқиқ қилиш назариясини ривожлантириш ва ҳисоблаш усулларини ишлаб чиқиш” фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Бухоро давлат техника университетининг 2025 йил 2 июлдаги 845 - сонли маълумотнома). Натижада, кўп қатламли полимер қувурлар мустаҳкамлигини баҳолаш критериясини топишга имкон берган;
диссертацияда ишлаб чиқилган хос сон ва унга мос тебраниш формаларини топиш  методикасидан Тошкент кимё - технология институтида 2016-2020 йилларда бажарилган ОТ-Ф4-01 “Қовушқоқ суюқлик оқувчи кўп қатламли композит қувурлар эгри чизиқли бўлакларининг ҳарорат ва динамик юкланишлар таъсирида чизиқли бўлмаган динамик кучланиш-деформация ҳолатини ўрганиш усулларини ишлаб чиқиш ва назариясини ривожлантириш” мавзусидаги фундаментал лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (Тошкент кимё-технология институти 2025 йил 21 майдаги 1/01-1821 - сонли маълумотнома). Натижада, қовушқоқ суюқлик оқувчи кўп қатламли композит қувурлар динамик юкланишлар таъсирида чизиқли бўлмаган кучланганлик-деформацияланганлик ҳолати аниқланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish