Равшанова Наргиза Бахтиёровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ерёнғоқ экиш учун тупроқни тайёрлайдиган машина чуқурюмшатгичининг параметрларини асослаш», 05.07.01 - Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.2.PhD/Т5724
Илмий раҳбар: Маматов Фармон Муртозевич, техника фанлари доктори, профессор
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши давлат техника университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат техника университети, PhD.03/30.06.2020.Т.111.02.
Расмий оппонентлар: Равшанов Ҳамроқул Амирқулович, техника фанлари доктори, доцент; Жўраев Акрам Азамат ўғли, техника фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ғалладан бўшаган далаларда ерёнғоқ экиш учун тупроқни пуштали экишга тайёрлашда меҳнат унумдорлигини ошириш ва энергия-ресурстежамкорликни таʼминлайдиган юмшатгичлар билан жиҳозланган машинани ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
кузги бўғдойдан бўшаган далаларда бир йўла пушталарни текислаш билан бирга шакллантириладиган пушталар остини юмшатиш ва мавжуд пушталар ўрнига янги пушталар шакллантириш технологияси талаблар даражасида тупроқни пуштали ерёнғоқ экишга тайёрлаш ва пушталар остини юмшатилишини ҳисобга олиниб ишлаб чиқилган;
пушта текислагич, ўнг ва чап такомиллашган чуқурюмшатгичлар ва пушта шакллантиргичлардан ташкил топган комбинациялашган машинанинг конструксияси мавжуд пушталар ўрнига янги пушталар шакллантиририб, сомон қолдиқларини талаблар даражасида сифатли кўмиш ва пушталар ости тупроғини юмшатилишини таъминлашини ҳисобга олиниб ишлаб чиқилган;
кенгайтиргичли исканасимон панжа билан жиҳозланган такомиллашган чуқурюмшатгич конструксияси мавжуд пушталар пастги қатлами ва шаклланадиган пушталар ости тупроғини чуқур, сифатли юмшатилишини таъминлашини ҳисобга олиниб ишлаб чиқилган;
кенгайтиргичли исканасимон панжа ва қия устунли чуқурюмшатгич орасидаги бўйлама масофа уларни тупроқ билан таʼсирлашиш зоналари ва палахсаларни сифатли юмшатилишини ҳисобга олган ҳолда асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Ерёнғоқ экиш учун тупроқни тайёрлайдиган машина чуқурюмшатгичининг параметрларини асослаш бўйича олинган натижалар асосида:
такрорий экинларни пуштага экишга тупроқни тайёрлаш усулига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасасининг ихтирога патентлари олинган (“Комбинациялашган тупроққа ишлов бериш қуроли” № ИАП 8113, 2025 й. ва “Чопиқ қилинадиган экинларни пуштага экишга тупроқни тайёрлаш усули”, № ИАП 8114, 2025 й.). Натижада кузги бўғдойдан бўшаган далаларни ерёнғоқ экишга тайёрлайдиган комбинациялашган машинани ишлаб чиқиш имкони яратилган;
кузги бўғдойдан бўшаган далаларни бир ўтишда ерянғоқ экишга тайёрлаш учун ишлаб чиқилган комбинациялашган машина Қашқадарё вилояти Қарши тумани фермер хўжаликларида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази” нинг 2025-йил 3-июлдаги 05/04-04-345-сонли маʼлумотномаси). Натижада кузги бўғдойдан бўшаган далаларда тупроқни пуштали ерёнғоқ экиш учун тайёрлашда ёнилғи сарфи 25,71 фоизга, меҳнат сарфи 43,59 фоизга ва фойдаланишдаги харажатлар 21,06 фоизга камайган;
кузги буғдойдан бўшаган далаларни бир ўтишда ерёнғоқ экишга тайёрлайдиган комбинациялашган машинанинг саноат нусхаларини ишлаб чиқишни ўзлаштириш учун дастлабки талаблар, техник топшириқ ва лойиҳа-конструкторлик ҳужжатлари (техникавий шартлар ва чизмалар) “БМКБ-Агромаш” АЖ да лойиҳалаш жараёнига жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази” нинг 2025-йил 3-июлдаги 05/04-04-345-сонли маʼлумотномаси). Натижада кузги буғдойдан бўшаган далаларни бир ўтишда ерёнғоқ экишга тайёрлайдиган машинанинг саноат нусхаларини ишлаб чиқариш имкони яратилган.