Ниязметов Умидбек Худайбергановичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Географик ахборот тизими технологиялари асосида тупроқ хусусиятларига кўра экинларни оптимал жойлаштиришнинг илмий асослари», 03.00.13 – Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.DSc/В135.
Илмий маслаҳатчи: Бобомуродов Шухрат Меҳрибонович, биология фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти, DSc.25/30.12.2019.Qx/B.43.01.
Расмий оппонентлар: Турдиметов Шахобиддин Мухитдинович, биология фанлари доктори, доцент; Жабборов Зафаржон Абдукаримович, биология фанлари доктори, профессор; Қодирова Дилрабо Абдукаримовна, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: тупроқ хосса-хусусиятларига боғлиқ ҳолда геоахборот тизими технологияларидан фойдаланиб, ғўза ва соя экинларини мақбул жойлаштиришнинг илмий асосларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ғўза ва соя экинларини жойлаштиришда суғориладиган тупроқларнинг хосса-хусусиятлари ҳамда табиий омилларга бўлган талаблари асосида муҳит омилларини баҳолаш коэффициентлари (МОБK=0,1; 0,3; 0,5; 0,7; 1,0) ишлаб чиқилган;
«тупроқ хусусиятлари – табиий омиллар – ҳудуднинг сув билан таъминланганлик даражаси – қишлоқ хўжалиги экинлари» тизимида уйғунлашган муҳимлилик даражаси балл (МДБ = 3; 5; 10) билан баҳоланган;
ғўза ва соя экинларини тупроқ кўрсаткичларига ва муҳит омилларига бўлган талаби асосида «яроқлилик даражаси»нинг коэффициентлари («жуда қулай – >85%», «қулай – 70-85%», «ўртача қулай – 60-70%»; «қулайлиги кам – 50-60%», «мос эмас – <50%») аниқланган;
ярим гидроморф суғориладиган бўз-ўтлоқи тупроқларда ғўза ва соя экинларини тупроқ ҳосил қилувчи ва муҳит омилларига бўлган талаби асосида мақбул жойлаштирилганда тупроқларда жуда қулай ва қулай ер майдонлари ғўза учун 55%, соя учун 63% эканлиги исботланган;
ғўза ва соя экинларини бугунги кундаги анъанавий жойлаштиришга нисбатан янги ишлаб чиқилган дастурий таъминотда жойлаштирилганда 27,4 % самарадорликка эга бўлиши илмий асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ғўза ва соя экинларини тупроқ хосса-хусусиятларига боғлиқ ҳолда географик ахборот тизими (ГАТ) технологияларидан фойдаланиб, мақбул жойлаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Тупроқ хосса-хусусиятларирга кўра экинларни жойлаштириш дастури» дастурий таъминоти «Сирдарё» ва «Паркент» туманлари қишлоқ хўжалиги бўлимларида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 26 майдаги 05/05/2504-сон маълумотномаси). Натижада, таянч массивларининг тупроқ хосса-хусусиятларига мос ғўз ва соя экинларини автоматик тўғри жойлаштириш орқали сарф этиладиган вақт ва ресурсларни тежаш ҳамда ер ресурларидан самарали ва оқилона фойдаланиш имконини берган;
таянч массивлари тупроқларининг механик таркиби, гумус, ҳаракатчан фосфор ва алмашинувчан калий, шўрланганлик даражаси картограммалари Сирдарё вилояти Сирдарё тумани «Малик» массиви ҳамда Тошкент вилояти Паркент тумани «Заркент» массивида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 26 майдаги 05/05/2504-сон маълумотномаси). Натижада, тупроқ хосса - хусусиятларини ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда йиллик минерал ўғит миқдорини аниқлашга қаратилган тадбирларни белгилаш имконини берган;
ғўза ва соя экинларини таянч массивларига мақбул жойлаштириш учун М: 1: 10 000 масштабли хариталари «Малик» ҳамда «Заркент» массивларида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 26 майдаги 05/05/2504-сон маълумотномаси). Натижада, тупроқларнинг хосса - хусусиятларига мос ғўза ва соя экинларини мақбул контурларга жойлаштириш имконини берган;
«Малик» ва «Заркент» массивларининг тупроқларини ҳолатлари бўйича маълумотлар базаси «Сирдарё» ва «Паркент» туманлари қишлоқ хўжалиги бўлимларида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 26 майдаги 05/05/2504-сон маълумотномаси). Натижада, маълумотларни сифатли ва тезкор таҳлил қилиш ҳамда сақлаш, тупроқ кўрсаткичларини синфларга ажратиш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини берган.