Сарабеков Аъзамжон Абдукадировичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни шакллантириш ва ривожлантиришнинг фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солинишини такомиллаштириш” 12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).
Илмий раҳбар: Рустамбеков Исламбек Рустамбекович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/30.12.2019.Yu.22.01.
Расмий оппонентлар: Гулямов Саид Саидахрарович, юридик фанлар доктори, профессор; Хурсанов Рустам Холмуратович, юридик фанлар доктори, профессор в.б.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни рақамли иқтисодиёт контекстида комплекс, илмий-назарий жиҳатдан таҳлил қилиш, рақамли иқтисодиётдаги ҳуқуқий тартибга солиш муносабатларида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ушбу муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
дастур кодлари, ахборот тизимлари ёки тармоқлар орқали тузилган электрон битимлар, шунингдек, электрон алоқа воситалари орқали амалга ошириладиган ҳужжат айланмаси битимларнинг ёзма шаклига тенглаштирилиши зарурлиги илмий асосланган;
рақамли технологиялар соҳасида фаолият юритувчи корхоналарнинг жаҳон бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтириш ва рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатувчи хорижий АТ компанияларини жалб этиш бўйича ҳуқуқий механизмларни яратиш зарурати асослаб берилган;
иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект, блокчейн, катта маълумотлар ва ақлли рақамли технологияларни қўллаш учун ягона рақамли платформа орқали тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган консолидациялашган ахборот тизимларини яратиш зарурлиги илмий асослаб берилган;
технологик нейтраллик, инновацияларни рағбатлантириш, субектларнинг рақамли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро уйғунлашув принциплари асосида рақамли иқтисодиётни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш консепсияси илмий асослаб берилган;
рақамли технологияларни шартномавий-ҳуқуқий тартибга солиш, рақамли платформаларни тартибга солишнинг институционал инфратузилмаси ва кичик ҳамда ўрта бизнесни рақамлаштиришни рағбатлантириш каби йўналишларни ўз ичига оладиган рақамли иқтисодиётни шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий механизмлар тизими асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалардан қуйидагиларда фойдаланилган:
дастурий кодлар, ахборот тизимлари ёки тармоқлар орқали амалга ошириладиган электрон битимларни битимларнинг ёзма шаклига тенглаштириш, шунингдек, электрон ҳужжат айланмасининг ҳуқуқий мақомини белгилашга оид таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 15-мартдаги ПҚ-129-сон “Тадбиркорлик субектларига халқаро платформалар орқали рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ишлаб чиқишда қўлланган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2025-йил 3-июндаги 11/32-9453/8-сонли жорий этиш тўғрисидаги далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши рақамли битимларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришга ҳамда рақамли технологиялар соҳасидаги корхоналарнинг жаҳон бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтириш учун ҳуқуқий шароитлар яратилишига хизмат қилди;
рақамлаштириш соҳасида хизматлар экспортни ривожлантириш, хорижий АТ компанияларини жалб этиш ва рақамли экспортни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча механизмларини яратиш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 26-февралдаги ПҚ-87-сон “Мамлакатимизда рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар экспортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинишида инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2025-йил 3-июндаги 11/32-9453/8-сонли жорий этиш тўғрисидаги далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши рақамли технологиялар соҳасида экспорт ҳажмларининг ошишига ва Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётга хорижий инвестициялар жалб қилинишига ёрдам берди;
сунъий интеллект, блокчейн технологиялари, катта маълумотлар ва ақлли рақамли технологияларни иқтисодиёт тармоқларида жорий этишни ягона консолидациялашган рақамли платформа орқали амалга оширишга оид таклиф “2025–2030-йилларга мўлжалланган кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш стратегияси”ни тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 19-мартдаги ПФ–50-сон Фармонини ишлаб чиқишда қўлланган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2025-йил 3-июндаги 11/32-9453/8-сонли жорий этиш тўғрисидаги далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши кичик ва ўрта бизнесни рақамли трансформация қилиш ҳамда илғор рақамли технологияларни иқтисодий жараёнларга жорий этиш учун ҳуқуқий асос яратилишига имкон яратди;
ахборот тизимлари, электрон ресурслар ва маълумотлар базаларини яратиш, шунингдек, маълумотларни таҳлил қилиш ва ихтисослаштирилган рақамли хизматлар кўрсатиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклиф норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларнинг ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш жараёнида қўлланган (Ўзбекистон Республикаси Бош вазири аппаратининг 2025-йил 20-майдаги 12-16-41-сонли жорий этиш тўғрисидаги далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши Ўзбекистон Республикасида замонавий рақамли иқтисодиёт ҳуқуқий базасини шакллантириш ва рақамли хизматларни ҳуқуқий тартибга солишнинг самарали механизмларини яратишга ёрдам берди.