Худойбердиев Темур Махмаражабовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Мирзачўлнинг шўрланган грунтлари таркиби ва хусусиятларининг шаклланиши ҳамда диффузион ювилиш пайтида уларнинг ўзгариши», 04.00.04 - Гидрогеология ва муҳандислик геологияси (геология-минералогия фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.4.PhD/GM247.
Илмий раҳбар: Закиров Мираббас Мирсаатович, геология-минералогия фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти, DSc.24/30.12.2019.GM.96.01.
Расмий оппонентлар: Ибрагимов Азиз Сабирович, геология-минералогия фанлари доктори; Аимбетов Иззет Каллиевич, техника фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Мирзачўлнинг шўрланган грунтлари таркиби ва хусусиятларининг шаклланишини ва диффузион ювилиш пайтида уларнинг ўзгаришини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Мирзачўл ҳудудида шўрланиш жараёнининг ривожланишига таъсир қилувчи асосий геологик ва техноген омиллар ҳамда туз ҳосил бўлиш ва миграцияси манбалари аниқланган;
шўрланган грунтлардан тузларнинг фаол ювилиши, Мирзачўлнинг дреналанмаган сув айирғич ҳудудларидан фарқли ўлароқ, пастқам участкаларда ва қадимги оқим ўйиқларида кенг ривожланганлиги аниқланган;
грунт ғоваклигидаги эритмадан тузларнинг максимал ювилиши (хлорид тузларининг эриши) дастлабки кунларда кузатилиши, иккинчи максимум (сульфат тузларининг эриши) 15-20-кунларда намоён бўлиши ва жараённинг барқарорлашуви супеслар учун 28-34-кунларда, суглиноклар учун 32-40-кунларда юзага келиши аниқланган;
грунтларнинг иккиламчи шўрланиши ҳисобига ҳосил бўлган 0.75–1 м, баъзи жойларда 1.5 м гача чуқурликларда жойлашган зич шўрланган зона (қийин эрийдиган: аморф кремнезём – SiO2, гипс – CaSO4.2H2O, кальцит – СаСО3, магний ва кальцийнинг қўш карбонат ангидрит тузи – СаСО3.MgСO3; осон эрийдиган: NaCl, NaSO4.10H2O, MgCl2, CaCl2) мавжудлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Мирзачўл ҳудудида шўрланган грунтларни ва диффузион ювилиш пайтида уларнинг ўзгаришини илмий-услубий ўрганиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
тузларнинг ювилиш жараёни ривожланишига таъсир этувчи аниқланган комплекс омиллар “Ўзбекгидрогеология” давлат муассасаси илмий-амалий фаолиятига жорий қилинган (Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 2025 йил 27 январдаги 08-0401-сонли маълумотномаси). Натижада, туз ҳосил бўлиши ва миграциясининг асосий манбаларини аниқлаш учун самарали мониторинг тадқиқотларини ўтказиш имконини берган;
шўрланган грунтларнинг ювилишини ўрганиш методикаси ҳамда туз ҳосил бўлиши ва миграциясининг асосий манбалари “Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий-тадқиқот институти – O‘ZGASHKLITI” Қорақалпоқ филиали илмий фаолиятига жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси қурилиш вазирлигининг 2024 йил 6 декабрдаги 03-07/01-3773-сонли маълумотномаси). Натижада, Мирзачўл ҳудудида осон, ўрта ва қийин эрийдиган тузларнинг сифат ва миқдорий кўрсаткичлари билан тавсифланган грунтларнинг тарқалиш майдонларини асосли ажратиш имконини берган;
Мирзачўлнинг ўзлаштирилган ва қайта ўзлаштирилаётган ҳудудларида 0,75–1,5 м чуқурликда аниқланган зич иккиламчи шўрланган грунт горизонти “Ўзбекгидрогеология” давлат муассасаси ишлаб чиқариш амалиётига жорий қилинган (Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 2025 йил 27 январдаги 08-0401-сонли маълумотномаси). Натижада, шўрланган грунтларда олиб бориладиган мониторинг тадқиқотларини такомиллаштиришга ёрдам берган;
Мирзачўлнинг шўрланган грунтлари таркиби ва хусусиятлари шаклланишининг комплекс таҳлиллар натижалари “Ўзбекгидрогеология” давлат муассасаси илмий фаолиятига жорий қилинган (Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 2025 йил 27 январдаги 08-0401-сонли маълумотномаси). Натижада, ўзлаштирилган ва қайта ўзлаштирилаётган ҳудудларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш учун гидрогеологик ва муҳандислик-геологик тадқиқотларни самарали режалаштириш имконини берган;
заиф ўтказувчан грунтларнинг ғоваклик эритмасида аниқланган ионларнинг юқори концентрацияли зонадан паст концентрацияли зонага кўчиши “Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий-тадқиқот институти – O‘ZGASHKLITI” Қорақалпоқ филиали амалиётига жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси қурилиш вазирлигининг 2024 йил 6 декабрдаги 03-07/01-3773-сонли маълумотномаси). Натижада, шўрланган грунтларда туз миграциясини аниқлаш бўйича лаборатория тадқиқотларини самарали режалаштириш имконини берган.