Юлдашев Зокиржон Каримжоновичнинг
диссертация ҳимоясисиз селекция ютуғи (ихтиро патенти) асосида фалсафа доктори (PhD)
илмий даражасини бериш бўйича эълон матни

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Якка танлаш асосида дон хосили, сифат кўрсаткичлари юқори бўлган кузги буғдой навларини яратиш”, 06.01.05 - Селекция  ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.1.PhD/Qx842.
Илмий раҳбар: Сиддиқов Равшанбек Иномжонович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Илмий-тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти, DSc.05/08.05.2024.Qx.42.02.
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти: Кузги буғдойнинг “АСР чилигиси” нави (NAP 525).
II. Тадқиқотнинг мақсади кузги юмшоқ буғдойнинг жаҳон ҳамда маҳаллий генофонддаги коллекцион нав ва намуналарни биологик, фойдали хўжалик белги-хусусиятларини ўрганган холда уларни ўзаро дурагайлаш асосида олинган авлодларидан якка танлаш орқали республиканинг суғориладиган тупроқ шароитларига мос, эртапишар, ҳосилдорлиги ва дон сифат кўрсаткичлари юқори бўлган янги навларни яратиш.   
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
илк бор юмшоқ буғдойнинг жаҳон генофондидан олинган ва интродуксия қилинган маҳаллий нав ва намуналари орасидан ажратилган  турли экологик-географик гуруҳларга мансуб бўлган, хўжалик белгилари юқори бўлган намуналар оддий ҳамда мураккаб усулда чатиштирилиб,  махсулдорлиги юқори бўлган навларни яратиш мақсадида олинган ёш дурагай популяцияларни бошқа юқори кўрсаткичларга эга бўлган навлар билан такрор чатиштириш (беккросс) самарали бўлиши исботланган; 
олинган дурагайларда ота-она шакллари бўйича ўсимлик бўйининг ирсийланиши Ф1- Ф3 авлодларда 2,8-5.0 гача, ўзгарувчанлиги 2,5-22.0% гача бўлган ҳолда уларнинг ичидан юқори рекомбинатив шакллар ажралиб чиқишини таъминлаши илмий асосланган;
оддий ва мураккаб дурагайлаш, беккросс усулларини қўллаган ҳолда бошланғич манбаларни селекция жараёнига жалб этиш асосида эртапишар, ҳосилдорлик, доннинг сифат кўрсаткичлари юқори бўлган янги кузги буғдой навларини яратиш учун бошланғич ашё сифатида АС-2009-Д6, АС-2009-Д4, АС-2009-Д10 тизмалари танлаб олинган ва уларда қимматли хўжалик белги ва хусусиятларнинг шаклланиши ирсий қонуниятлар бўйича асосланган;
кузги юмшоқ буғдойнинг навларини дурагайлаш натижасида олинган тизмалардан якка танлаш йўли билан эртапишар, ҳосилдорлиги ва донининг сифат кўрсаткичлари юқори бўлган «Аср чилгиси» нави яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Кузги юмшоқ буғдойнинг янги яратилган эртапишар юқори ҳосилли, донининг таркибида оқсил, клейковина миқдори юқори навларини яратиш бўйича амалга оширилган тадқиқотлар натижалари асосида:
кузги юмшоқ буғдойнинг янги яратилган эртапишар «Аср чилгиси» нави яратилган, Интеллектуал мулк агентлигининг селекция ютуғига NAP 525 рақамли патенти олинган ва нав бирламчи уруғчилик тизимида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025 йил 26 майдаги №05/05-03-213-сонли маълумотномаси). Натижада, «Аср Чилгиси» навининг бирламчи уруғчилик тизими илмий асосда ташкил этилган, 2024 йил ҳосилидан 20,7 тонна юқори навдор уруғликлар тайёрлаш имконияти яратилган;
янги яратилган «Аср чилгиси» нави 2018-2020 йил рақобатли нав синовлари ҳамда эксперт комиссияси хулосасига асосан Фарғона, Андижон Жиззах вилоятлари суғориладиган майдонларда кузги муддатларда экиш учун 2024 йилдан истиқболли навлар сифатида Қишлоқ хўжалиги экинлари Давлат реестрига киритилган ва Фарғона, Андижон  вилоятлар бўйича 40 гектар суғориладиган майдонларда жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025 йил 26 майдаги №05/05-03-213-сонли маълумотномаси).  Натижада, «Аср Чилгиси» нави экилган майдонларда эскидан экиб келинаётган навларга нисбатан юқори ҳосилдорликка эришилиб,  рентабеллик даражаси 36-37% ни ташкил қилган;
«Аср Чилгиси» нави 2023-2024 йилларда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида “Вахобхожи Тошпўлатобод” фермер хўжалигида 5,0 гектар, Бешариқ туманидаги “Сардор файз” фермер хўжалигида 5,0 гектар, Данғара туманидаги “Шокиржон Хаитов” фермер хўжалигида 10,0 гектар, Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани “Нафосат келажаги” фермер хўжалигида 10,0 гектар, Балиқчи тумани “Алчазор ғалла замини” фермер хўжалигида 10,0 гектар майдонда илмий асосда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025 йил 26 майдаги №05/05-03-213-сонли маълумотномаси). Натижада, ҳудудлар бўйича ўртача ўртача 5-8 с/га, ёки 8,5-10,2 фоизгача қўшимча дон ҳосили етиштириш имконини берган; 
кузги юмшоқ буғдой бўйича тадқиқотлар асосида “Глобал иқлим ўзгаришлари шароитида ресурстежамкор инновацион технологиялар асосида кузги буғдой етиштириш” бўйича тавсиянома чоп этилган ва тавсиялар ишлаб чиқаришга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025 йил 26 майдаги №05/05-03-213-сонли маълумотномаси). Натижада, ушбу тавсиянома республикамизнинг қишлоқ хўжалик соҳасида, жумладан ғаллачилик билан шуғулланувчи фермер ва дехқон хўжаликлари, кластерлар томонидан фойдаланиб, юқори ва сифатли дон ҳосили олиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish