Халилов Азим Журакуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Параметрларнинг ноаниқлик шароитида аммиакни синтезлаш жараёнини такомиллаштирилган бошқариш тизимини моделлаштириш ва ишлаб чиқиш”, 05.01.08 – Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришларни автоматлаштириш ва бошқариш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.4.PhD/Т908.
Илмий раҳбар: Мухитдинов Джалолитдин Пахритдинович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети, DSc. 03/30.12.2019.Т.03.02.
Расмий оппонентлар: Исмаилов Мирхалил Агзамович техника фанлари доктори, профессор; Авазов Юсуф Шодиевич техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: башоратли бошқаришни қўллаш ҳисобига бошқариш даражасини яхшилаш ва азот-водородли чиқиш аралашмасидаги аммиакнинг массавий чиқишини оширишни таъминлайдиган гибрид нейро-норавшан модел асосида аммиакни синтезлаш жараёнини бошқариш тизимини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тақсимланган синтезлаш колоннасидаги технологик жараён координаталарини башоратлаш имконини берадиган иссиқлик ва масса алмашинувининг дифференциал тенгламалари асосида Ҳабер-Бош жараёнининг математик модели ишлаб чиқилган;
тақсимланган параметрли тизимлар таҳлилидан мужассамлашган параметрли кўп босқичли тизимга ўтиш имконини берадиган аммиакни синтезлашнинг асосий босқичлари ўзаро таъсирининг алгоритми ишлаб чиқилган;
норавшан мантиқий хулосанинг математик аппаратидан фойдаланилган ҳолда қарор қабул қилиш жараёнидаги ноаниқликларни ҳисобга олиш имконини берувчи аммиакни синтезлаш жараёнининг имитацион модели ишлаб чиқилган;
эҳтимолий ғалаёнли таъсирларни башорат қилиш имконини берадиган гибрид нейро-норавшан модел ва нейрон тармоқли ростлагич асосида аммиакни синтезлаш жараёнини бошқаришнинг такомиллаштирилган тизими ва алгоритми ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ноаниқлик шароитида аммиакни синтезлаш жараёнини моделлаштириш ва такомиллаштирилган бошқариш тизимини ишлаб чиқиш натижасида: 
нейро-норавшан ростлагичнинг модели асосида ишлаб чиқилган такомиллашган бошқариш тизимининг имитацион модели ва дастурий таъминоти “Навоиазот” АЖ нинг 3-аммиак цехида жорий этилган (“Ўзкимёсаноат” АЖ нинг 2024-йил 20-сентябрдаги 23-3-2862-сон маълумотномаси). Натижада, қарор қабул қилиш жараёнида ноаниқликларни ҳисобга олиш имкони яратилган;
бошқариш обектининг нейро-норавшан модели ва нейрон тармоқли ростлагични қўллаш асосида аммиакни синтезлаш жараёнини бошқариш тизими  “Навоиазот” АЖнинг 3-аммиак цехида жорий этилган (“Ўзкимёсаноат” АЖ нинг 2024-йил 20-сентябрдаги 23-3-2862-сон маълумотномаси). Натижада ноаниқликлар шароитида аммиакни синтезлаш жараёнини бошқаришнинг сифат кўрсаткичларини ошириш имконини берган.
 

Yangiliklarga obuna bo‘lish