Қайтаров Зоҳиджон Дусмон ўғли
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Деформацияланувчи ғовак муҳитда кўп фазали сизиш жараёнларини сонли таҳлил қилиш (Численный анализ процессов многофазной фильтрации в деформируемой пористой среде)”.
01.02.05 – “Суюқлик ва газ механикаси” (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.4.PhD/FM798
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Бурнашев Владимир, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, физика-математика фанлари доктори,
Диссертация бажарилган муассаса номи: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.FM/Т.02.09
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:
Равшанов Нормахмад: техника фанлари доктори, профессор.
Тўлқин Мавланов: техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: Назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади нефт қатламларида муҳит деформациясини ҳисобга олган ҳолда кўп фазали сизишнинг математик моделларини такомиллаштириш, уларни амалга оширишнинг сонли усуллари ва ҳисоблаш тажрибаларини ўтказишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ғовак муҳитда кўп фазали сизиш жараёнининг математик моделлари муҳитнинг деформацияси натижасида унинг ғоваклиги ва ўтказувчанлиги ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилган ва уларни реализация қилиш учун “катта зарралар” усули асосида итерацион усулларни қўлламасдан ҳисоблаш жараёнларини амалга оширишга имкон берувчи сонли алгоритм ишлаб чиқилган;
бир ўлчовли ғовак муҳитда, кўп фазали сизиш жараёнлари қазиб олиш қудуқларининг дебитлари ва муҳитнинг деформацияланувчанлигини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилган ҳамда ўтказилган ҳисоблаш тажрибалари натижасида муҳитнинг деформацияланиш даражасининг ошиши билан қазиб олиш қудуқлари дебитлари кескин пасайиши аниқланган;
деформацияланувчи ғовак муҳитда кўп фазали сизишнинг текис масаласи қўйилган ва сонли ечилган ҳамда ўтказилган ҳисоблаш тажрибалари натижасида қазиб олиш қудуқлари жойлашувининг ғовак муҳитнинг деформацияланиш жараёнига сезиларли таъсир кўрсатиши аниқланган;
деформацияланувчи ғовак муҳитда кўп фазали сизишнинг профил масаласи қўйилган ва сонли ечилган, турли даражада деформацияланувчи муҳитлар учун жараённинг асосий гидродинамик кўрсаткичлари оғирлик кучини ҳисобга олган ҳолда аниқланган ҳамда сизиш жараёнига муҳит деформацияси ва оғирлик кучининг таъсири баҳоланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Деформацияланувчи ғовак муҳитларда суюқликлар сизиши жараёнларининг математик моделлари, сонли усуллар ва алгоритмлар асосида:
Жиззах вилояти Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан сув омборини тўлдириш жараёнида сув билан оқиб кирган турли моддаларнинг чўкишидан ҳосил бўлган қатлам деформацияси натижасида сув сатҳининг ўзгаришини баҳолаш учун жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 31 июлдаги 02/13-2788-сонли гувоҳномаси).Тадқиқот натижалари сув омборлари тубида чўкма ҳосил бўлишини ва чўкма деформацияси натижасида сув омборлари сиғимининг ўзгаришини аниқлаш, натижаларни визуализация қилиш орқали вақт ва фазовий координаталар бўйлаб босим майдонини гидродинамик параметрларга боғлиқ ҳолда аниқлаш ҳамда сув омборидаги оқимни ўрта ва узоқ муддатли башорат қилиш сифатини оширишда ҳисоблаш аниқлигини 5-6% га ошириш имконини берган. Сув омбори сиғимидаги ўзгаришларни башорат қилишда сув омборининг тубида ҳосил бўлган чўкма деформациясининг роли баҳоланган.