Маллаев Жахонгир Илхомовичнинг
диссертация ҳимоясисиз селекция ютуғи (ихтиро патенти) асосида фалсафа доктори (PhD)
илмий даражасини бериш бўйича эълон матни
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Шолининг нав намуналарини ўрганиш асосида серҳосил янги навини яратиш”, 06.01.05–Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/Qx1602.
Илмий маслаҳатчи: Мамарахимов Бунёд Икрамович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Илмий-тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Шоличилик илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.05/08.05.2024.Qx.42.02.
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти: Шолининг “Тантана” нави (НАП 00266).
II. Тадқиқотнинг мақсади шолининг турли минтақалардан олинган нав намуналари коллекциясини ўрганиш асосида серҳосил, турли тупроқ-иқлим шароитларига мос янги навини яратиш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор географик келиб чиқиши турлича бўлган шолининг коллекцион нав намуналари орасидан қимматли хўжалик белгиларининг юқори кўрсаткичларига эга бўлган намуналар мақсадли чатиштириш учун танланган ва айнан ҳосилдорлик кўрсаткичлари юқори бўлган дурагайлар яратилган;
дурагай авлодларда ҳосилдорликни таъминловчи белгиларнинг ижобий корреляцияси асосида танлов йўналиши аниқланган ва белгилари уйғунлашган, дон ҳосилдорлиги, дон сифати юқори ва турли ноқулай шароитларга чидамли бўлган комбинациялар ажратиб олиш имконияти асосланган;
УЗРОС 7-13 х 854-83 дурагайидан танлаш йўли билан олинган 760-01 тизмаси асосида шолининг қилтиқсиз, ўртапишар ва ҳосилдор янги “Тантана” нави яратилган ва Интеллектуал мулк агентлиги томонидан НАП 00265 рақамли патент олинган;
унинг бошқа навлардан хўжалик учун қимматли белгилар мажмуаси бўйича фарқланиши, бир хиллиги, барқарорлиги ҳамда янгилиги тасдиқланган ҳолда, навнинг бирламчи уруғчилиги йўлга қўйилган ва кенг майдонларда жорий қилинган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Шолининг нав намуналарини ўрганиш асосида серҳосил янги навини яратиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижасида:
УЗРОС 7-13 х 854-83 дурагайидан танлаш йўли билан шолининг ўртапишар ва ҳосилдор янги “Тантана” нави яратилиб, 03.02.2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан янгилик деб топилган ва унга НАП 00266 рақамли патент берилган, нав жами 112 гектар майдонда жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2025-йил 25-апрелдаги 05/05-03-167-сонли маълумотномаси). Натижада, шоли генофонди янги манба билан бойитилган, экилган майдонларида ўртача ҳосилдорлик гектарига 72,3 сентнерни ташкил этиб, амалдаги ҳосилдорликдан 3-5 с/га юқори ҳосил олишга эришилган ҳамда рентабеллик даражаси 44,3 фоизни ташкил этган;
шолининг “Тантана” нави Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги “ГОЛД ГРАНАТЕ” МЧЖ да 35 гектар ва Шоличилик илмий-тадқиқот институтида 17 гектар, жами 52 гектар майдонда жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2025-йил 25-апрелдаги 05/05-03-167-сонли маълумотномаси). Натижада, вилоят табиий иқлим шароитида ўртача 75 с/га ҳосил олиниб, гектарига соф даромад 2,9 млн сўмни, рентабеллик даражаси 51,1 фоизни ташкил этган;
шолининг “Тантана” нави Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги “Янгийўл гуруч таъминот” МЧЖ да жами 40 гектар майдонда жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2025-йил 25-апрелдаги 05/05-03-167-сонли маълумотномаси). Натижада, вилоятнинг табиий иқлим шароитида шолининг “Тантана” навини асосий экин сифатида етиштиришда ҳосилдорлик ва иқтисодий самарадорлик кўрсаткичлари юқори бўлган ва ўртача 72 с/га ҳосил олиниб, гектарига соф даромад 2,0 млн сўмни, рентабеллик даражаси 42,6 фоизни ташкил этган;
Хоразм вилояти Гурлан туманидаги Шоличилик илмий-тадқиқот институтининг Хоразм филиалида 20 гектар майдонда жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2025-йил 25-апрелдаги 05/05-03-167-сонли маълумотномаси). Тадқиқотчи томонидан ишлаб чиқаришга тавсия қилинаётган ушбу янги навни жорий қилиш натижасида ўртача 70 с/га ҳосил олиниб, гектарига соф даромад 1,5 млн сўмни ва рентабеллик даражаси 37,0 фоизни ташкил этган.