Sayt test rejimida ishlamoqda

Ли Адикнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи “Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятини молиявий-ҳуқуқий тартибга солиш муаммолари”, 12.00.02 – Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи. 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.DSc/Yu353.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/30.12.2019.Yu.22.02.
Расмий оппонентлар: юридик фанлар доктори, профессор Отахонов Фозилжон Хайдарович; юридик фанлар доктори, профессор Хамедов Иса Ахлиманович; юридик фанлар доктори, профессор Хусанов Озод Тиллабоевич.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети.
Диссертациянинг йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятини молиявий-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни янада такомиллаштириш учун таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
тадбиркорлик субектларининг товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларини ҳудудий тамойил асосида эркин ҳаракатланишини чеклаш, тўхтатиш ва тақиқлашга йўл қўймайдиган тартибни ўрнатиш зарурлиги асослантирилган;
аниқланган солиқ қонунбузарликларидаги айбини тан олган ва солиқ органининг солиқ қонунбузарлиги учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори олинган кундан бошлаб ўн кун ичида молиявий жазо суммасини ихтиёрий тўлаган тақдирда жарима миқдорини белгиланган миқдорга нисбатан икки баробар камайтириш зарурлиги асослаб берилган;
тадбиркорлик субектларига молиявий, моддий-техник ва ахборот ресурсларидан фойдаланишда, шунингдек, уларнинг маҳсулотлари (ишлари, хизматлари)ни ташқи ва ички бозорларда сотишда, жумладан, давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субектларини фаол жалб этиш ва уларнинг маҳсулотларини илгари суриш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотлар ташкил этишда кўмаклашиш лозимлиги асослантирилган;
тадбиркорлик субектлари ўз фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилгани тўғрисида давлат органлари ва бошқа органларнинг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракацизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилиши асослаб берилган;
ҳисоб палатасига зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шу жумладан, банкларнинг маълумотлар базасидан реал вақт режимида фойдаланиш ҳуқуқини бериш асослантирилган;
прокуратура, ички ишлар ва давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан хўжалик юритувчи субектлар фаолиятини текшириш учун қўзғатилган жиноят ишининг мавжудлиги асос бўладиган тартибни ўрнатиш зарурлиги тўғрисидаги таклиф асослантирилди. Бунда текширув фақатгина хўжалик юритувчи субектнинг қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолиятини қамраб олиши мумкин бўлиб, бу ҳақда текширувни тайинлаш тўғрисидаги қарорда кўрсатилиши шартлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалардан қуйидагиларда фойдаланилди:
Тадбиркорлик субектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг ҳудудий принцип бўйича эркин ҳаракатланишини чеклашга, тўхтатиб туришга ва тақиқлашга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2012-йил 2-майдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги ЎРҚ–328-сонли Қонуни (янги таҳрирдаги) 18-моддаси 5-хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2025-йил                       4-апрелдаги 3/дн-66-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши интеграциялашган ва рақобатбардош иқтисодий муҳитнинг шаклланишига сезиларли таъсир кўрсатишга ва тадбиркорлик субектлари ҳудудий чегараларни ҳисобга олмаган ҳолда эркин фаолият юритишига хизмат қилган; 
аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлардаги айбини тан олган ва солиқ органининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори олинган кундан бошлаб ўн кун ичида молиявий санксиялар суммаларини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, жарима миқдорини белгиланган миқдорга нисбатан икки баробар камайтириш зарурлиги ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2012-йил 2-майдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги ЎРҚ–328-сонли Қонуни (янги таҳрири) 40-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2025-йил 4-апрелдаги 3/дн-66-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши тадбиркорларнинг молиявий юкини камайтириш, уларнинг ҳалол хулқ-атворини рағбатлантириш, солиқ органлари билан низолашиш харажатларини пасайтириш ва фискал самарадорликка эришишга хизмат қилган; 
тадбиркорлик субектларига молиявий, моддий-техник ва ахборот ресурсларидан фойдаланишда, шунингдек, уларнинг товарларини (ишларини, хизматларини) ташқи ва ички бозорларда реализация қилишда,  жумладан, тадбиркорлик субектларини давлат харидлари жараёнига фаол жалб этиш ва уларнинг маҳсулотларини илгари суриш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотлар тузиш орқали ёрдам бериш таклифи Ўзбекистон Республикасининг 2012-йил 2-майдаги ЎРҚ–328-сонли “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни (янги таҳрири)нинг 43-моддасида фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2025-йил 4-апрелдаги 3/дн-66-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши тадбиркорлик субектларига кредитлар, субсидиялар ва инвестиция дастурларига киришни кенгайтириш; ишлаб чиқарувчиларнинг бозорлар тўғрисидаги хабардорлигини ошириш; тадбиркорларни давлат харидларига кенгроқ жалб этиш орқали уларнинг маҳсулотларига кафолатланган талабни яратиш ва даромадлар барқарорлигини таъминлаш; экспорт ҳажмини кенгайтириш ҳамда ташқи бозорлардаги ўз мавқейини мустаҳкамлаш имкониятларини таъминлашга хизмат қилган; 
тадбиркорлик субектларини давлат ва бошқа органлар қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракацизлиги) устидан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида судга мурожаат этганда давлат божини тўлашдан озод қилиш ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2012-йил 2-майдаги ЎРҚ–328-сонли “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни (янги таҳрири) 50-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2025-йил 4-апрелдаги 3/дн-66-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши тадбиркорларни ўзининг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш воситаси сифатида суд тизимидан кўпроқ фойдаланишга рағбатлантирди ҳамда давлат хизматларини расмийлаштириш тартиб-қоидалари сифатини яхшилашга хизмат қилган;  
ҳисоб палатасига ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, жумладан, банкларнинг маълумотлар базасидан реал вақт режимида фойдаланиш имкониятини бериш таклифидан Ўзбекистон Республикасининг 2019-йил 1-июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги ЎРҚ–546-сонли Қонуни 30-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2025-йил 4-апрелдаги 3/дн-66-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши Ҳисоб палатасига бюджет маблағлари, субсидиялар, солиқ имтиёзлари ва тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш билан боғлиқ шубҳали ёки мақсадсиз молиявий оқимларни назорат қилиш имкониятини беради. Зарур маълумотлардан марказлашган тарзда фойдаланиш вақт ва ресурсларни тежаш билан бир қаторда, назорат қилинадиган тадбиркорлик субектларига тушадиган юкни ҳам камайтиришига хизмат қилган; 
прокуратура, ички ишлар ва давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан хўжалик юритувчи субектлар фаолиятини текшириш учун қўзғатилган жиноят ишининг мавжудлиги асос бўлиши ва бунда хўжалик юритувчи субектнинг фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолиятигина текширув билан қамраб олиниши мумкинлиги, бу ҳақда текширув тайинлаш тўғрисидаги қарорда кўрсатилиши лозимлиги ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 1998-йил 24-декабрдаги “Хўжалик юритувчи субектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги 717-И-сонли Қонуни 9-моддаси иккинчи қисмига ўзгартиришлар киритишда фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2025-йил 4-апрелдаги 3/дн-66-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан етарли асосларсиз тасодифий ёки олдини олиш мақсадидаги таъсир кўрсатиш имкониятини истисно этади, бунда аниқ ҳуқуқий мезон ўрнатилади – фақат қўзғатилган жиноий ишгина бизнесни текшириш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу эса назорат қилувчи органларнинг виждонсиз раҳбарлари томонидан суиистеʼмолчиликларга йўл қўйиш имкониятларини чеклайди ва бизнес билан давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish