Ғуломова Наргиза Саъдуллаевнанинг
филология фанлари доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Алишер Навоий “Хазойин ул-маоний” куллиёти ғазалларидаги лексик бирликларнинг семантик базасини яратиш”, 10.00.11 – Тил назарияси. Амалий ва компютер лингвистикаси (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.4.DSc/Fil904.
Илмий маслаҳатчи: Абжалова Манзура Абдурашетовна, филология фанлари доктори, профессор в/б.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.05.02.
Расмий оппонентлар: Султонова Шохиста Махаммаджановна, филология фанлари доктори, профессор; Базарова Дилбар Уринбаева, филология фанлари доктори, профессор; Умарова Наргизахон Рустамовна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади янги типдаги Алишер Навоий муаллифлик корпусини яратиш ва унинг базасини такомиллаштириш, корпусда изоҳталаб лексик бирликларнинг семантик тавсифларини интерактив тарзда чиқариш учун “Ғаройиб ус-сиғар”, “Наводир уш-шабоб”, “Фавойид ул-кибар” девонларидаги лексик бирликларнинг семантик базасини яратишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
жаҳон ва ўзбек корпусшунослигидаги муаллифлик корпусларининг семантик тегларини ишлаб чиқиш тажрибаси асосида муаллиф асарларидаги лексик бирликларни корпус базаси учун семантик теглаш технологияси аниқланган;
янги типдаги Алишер Навоий муаллифлик корпусини такомиллаштиришнинг дастурий ва лингвистик технологиялари ишлаб чиқилган, корпуснинг афзалликлари ва таълим жараёнидаги зарурати далилланган;
Алишер Навоий муаллифлик корпусида маълумотларни тақдим этишнинг қиёслаш, контекстуаллик, кенг қамровлилик, тизимлилик тамойиллари ишлаб чиқилган, корпус менежерини шакллантиришда метамаълумотнинг зарурати ёритилган ва корпус репрезентациясини таъминловчи хусусиятлар статистик жиҳатдан далилланган;
семантик аннотацияга қўйилган умумий лингвистик, техник, дидактик талаблар белгиланган; Алишер Навоий асарларида қўлланган лексемаларни семантик теглашда фасетли тасниф асосида лексик-семантик гуруҳларга ажратиб тасниф этиш афзалликлари аниқланган;
“Ғаройиб ус-сиғар”, “Наводир уш-шабоб”, “Фавойид ул-кибар” девонлари ғазалларидаги шеърий санъатлар (талмеҳ, ташбеҳ, таносуб, ирсоли масал, тазод, тасдир, тасбеъ), халқ мақоллари, турғун бирикмаларини семантик теглаш хусусиятлари аниқланган ва уларнинг семантик тавсифлари базаси шакллантирилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Алишер Навоий МКни такомиллаштириш бўйича олинган илмий ва амалий натижалар асосида:
жаҳон ва ўзбек корпусшунослигидаги муаллифлик корпусларининг семантик тегларини ишлаб чиқиш тажрибаси асосида муаллиф асарларидаги лексик бирликларни корпус базаси учун семантик теглаш технологияси аниқланганлигига оид хулосалардан 2023-2024-йилларга амалга оширилган АЛ-662205561 рақамли “Алишер Навоий муаллифлик корпусини яратиш (“Хазойин ул-маоний” куллиётидаги ғазаллар асосида)” номли амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил 23-ноябрдаги 04/1-3350-сон маълумотномаси). Натижада Алишер Навоий муаллифлик корпуси базаси учун ғазалларни семантик тегларини ишлаб чиқиш технологияси қиёслаш, контекстуаллик, кенг қамровлилик, тизимлилик тамойиллари асосида такомиллашиб, корпуснинг афзалликлари ва таълимий аҳамияти ошишига эришилган;
янги типдаги Алишер Навоий МКни такомиллаштиришнинг дастурий ва лингвистик технологиялари ишлаб чиқилган, корпуснинг афзалликлари ва таълим жараёнидаги зарурати далилланиб, корпусида муаллиф асарларидаги лексемаларни корпус базаси учун семантик теглаш технологияси аниқланганлиги тўғрисидаги хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021-2023-йилда амалга оширилган ИЗ-2021020813 рақамли “Алишер Навоий ижодининг хорижда оʻрганилиши ва таргʻиботи асосида коʻп тилли мултимедиа тоʻпламини яратиш” мавзусидаги илмий-амалий лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил 26-августдаги 14/1-2187-сон маълумотномаси). Натижада Навоий ижодининг хорижда оʻрганилиши ва таргʻиботи асосида коʻп тилли мултимедиа тоʻпламининг дастурий ва лингвистик технологиялари ишлаб чиқишда фойдаланилган;
“Ғаройиб ус-сиғар”, “Наводир уш-шабоб”, “Фавойид ул-кибар” девонлари ғазалларидаги шеърий санъатлар (талмеҳ, ташбеҳ, таносуб, ирсоли масал, тазод, тасдир, тасбеъ), халқ мақоллари, турғун бирикмаларини семантик теглаш хусусиятлари аниқланган ва уларнинг семантик тавсифлари базаси шакллантирилганлиги тўғрисидаги хулоса ва натижалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бажарилган АМ-ФЗ-201908172 рақамли “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” номли амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил 27-августдаги 14/1-2200-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларини қўллаш амалий лойиҳа доирасида тайёрланган илмий мақолалар тўпламининг ҳамда тил корпуси бўйича олиб борилган тадқиқотлар кўламини оширишга хизмат қилган;
семантик аннотацияга қўйилган умумий лингвистик, техник, дидактик талаблар аниқланганлиги ва Алишер Навоий асарларида қўлланган лексемаларни семантик теглашда фасетли тасниф асосида лексик-семантик гуруҳларга ажратиб тасниф этиш афзалликлари очиқланганлиги ҳақидаги илмий хулосалардан “Алишер Навоий асарларининг омонимлар изоҳли луғати”ни нашр этишда фойдаланилган (Алишер Навоий асарларининг омонимлар изоҳли луғати [Матн]: ўқув услубий луғат. – Навоий: Навоий, 2024. – 104 б. ИСБН 978-9943-6940-9-5). Натижада семантик аннотацияга қўйилган умумий лингвистик, техник, дидактик талабларга таянган ҳолда омоним сўзларни фасетли тасниф асосида лексик-семантик гуруҳларга ажратишга эришилган;
Алишер Навоий муаллифлик корпусида маълумотларни тақдим этишнинг қиёслаш, контекстуаллик, кенг қамровлилик, тизимлилик тамойиллари ишлаб чиқилганлиги ҳақидаги илмий хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” телерадиоканали ДМнинг “Адабий жараён”, “Ғазал бўстони”, “Бедорлик” эшиттиришлари ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2024-йил 20-июндаги 04-36-759-сон далолатномаси). Натижада, тингловчилар дунёқарашида Алишер Навоий муаллифлик корпуси семантик теглари базаси ва ундан фойдаланиш имкониятлари ҳақидаги тасаввурларнинг пайдо бўлиши, ёшларнинг Навоий ижодига бўлган қизиқиши ҳамда интернет орқали ғазал таҳлилларини тез ва қулай шароитда ўқиш кўникмаларининг такомиллашишига кўмаклашган.