Sayt test rejimida ishlamoqda

Маматалиев Нозим Нимаджоновичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Монтмориллонитсимон табиий ва синтетик қатламли материалларнинг интеркаляцияси: тузилиши ва хусусиятлари ўртасидаги ўзаро боғлиқлик» 02.00.11 – Коллоид ва мембрана кимёси (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.1.DSc/K217.
Илмий маслаҳатчи: Абдикамалова Азиза Бахтияровна, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, DSc.02/30.12.2019.K/T.35.01.
Расмий оппонентлар: Эргашев Ойбек каримович, кимё фанлари доктори, профессор; Рўзимуродов Олим Нарбекович, кимё фанлари доктори, профессор; Исмоилов Равшан Исроилович, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент кимё-технология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: синтетик монтмориллонитсимон қатламли материалларни яратиш ҳамда Cr ва Cr+Al полиоксокатионларининг табиий ва синтетик монтмориллонит тузилмасига интеркаляцияси орқали ҳосил бўлган материалларнинг тузилмаси ва хоссалари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
золь-гель усулида атмосфера шароитида (L1) ва автоклав шароитида (L2) рН = 8,5–9,0 оралиғида лапонит синтез қилинганда унум мувофиқ равишда 81,2 ва 88,5 % ни ташкил этиши, рН ≤ 7 ва рН > 9,5 шароитида эса компонентларнинг қатламли фаза тузилмасига тўлиқ интеркаляцияланмаслиги сабабли унум камайиши аниқланган;
автоклав шароитида золь-гель усулида рН = 8,5 да синтез қилинган лапонит (L2) энг ривожланган мезоғовакли тузилишга эга бўлиб, унинг солиштирма юзаси 121,2 м²/г, умумий ғовак ҳажми 0,2532 см³/г ва ўртача гидравлик радиуси 5,47 нм ни ташкил этиши, бу эса тузилманинг гомогенлик даражаси ва текстурасининг юқори ривожланганлиги билан боғлиқлиги исботланган;
Cr³⁺ ва Cr³⁺/Al³⁺ полиоксокатионлари интеркаляцияси натижасида монтмориллонитнинг ноль заряд нуқтаси рН ≈ 10,0 дан рН ≈ 4,3–4,4 гача силжиши, бу жараён гидратланган Na⁺ катионларининг қатламлараро тузилмадаги манфий заряд зичлигини камайтирувчи ва координацион тўйинганликни оширувчи полиядровий комплексларга алмашиниши орқали сирт кислоталигининг камайиши билан боғлиқлиги исботланган;
L2 намунасига Cr³⁺ ва Cr³⁺/Al³⁺ полиоксокатионлар интеркаляцияси 150–400 °C ҳарорат оралиғида масса йўқотилишининг ортиши, термокимёвий таъсирларнинг кучайиши ҳамда янада ғовакли, дисперс тузилманинг шаклланишига олиб келиши қатламли матрицада гидрофил табиатли полиядровий комплексларнинг бирхил тақсимланиши орқали қатламлараро масофаларни барқарорлаштирувчи таъсири билан асосланган;
интеркалирланган монтмориллонит (ММ) ва L2 намунасида метилен кўки ва Конго қизили бўёқ моддаларининг адсорбцияси кимёвий сорбция механизми бўйича бориши ва жараённинг псевдоиккинчи тартиб моделига (R² > 99,5 %) мувофиқлиги, бунда максимал адсорбция тезлиги (k₂ = 47,11 г/мг·мин) Cr+Al-L2 намунасида қайд кузатилиб, бу унинг фаол координация марказларини шакллантиришдаги самарадорлиги ва сорбцион ўзаро таъсирни тезлаштириш қобилиятига боғлиқлиги билан исботланган;
табиий алюмосиликатларда катион табиатли бўёқ моддасининг сорбция жараёни Ленгмюр моделига мувофиқ келиши, интеркалирланган шаклларда ва анион табиатли бўёқ учун эса Фрейндлих модели афзал эканлиги, бу ҳолат Cr³⁺ ва Cr³⁺/Al³⁺ полиоксокатионлари интеркаляцияси натижасида координацион фаол марказларга эга гетероген юза шаклланиши билан асосланган;
бўёқ моддаларни нурлатиш асосида парчаланишнинг максимал фотокаталитик фаоллиги УФ + H₂O₂ + Cr-L2 тизимида, айниқса ёрқин қизил ва ализарин қизил бўёқлари учун кузатилиб, бу интеркалирланган Cr³⁺ нанофазаларнинг юқори концентрацияси ва •OH-радикалларнинг самарали генерацияси билан боғлиқлигига, шу билан бирга, Cr+Al-L2 намунасининг ализарин сариғини парчалашга устунлигиги сирт манфий зичлигининг пасайиши орқали адсорбциянинг яхшиланиши билан асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Табиий ва сунъий монтмориллонит асосида интеркалирланган материаллар ҳамда лапонит олиш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
интеркалирланган монтмориллонитда органик моддалар aдсорбциясига оид маълумот ва хулосалар Аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методикаси (кимё) мутахасислиги магистрларига мўлжалланган «Сирт юзаси ҳодисалари ва адсорбция» дарслиги мазмунида ўз аксини топган (Гувоҳнома, №491160). Натижада, олий таълим муассасалари магистрларнинг адсорбентларда эритмадан адсорбция механизмлари соҳасида билимларини бойитиш ва мустаҳкамлаш имконини берган;
Cr ионлари билан модификация қилинган лапонит асосидаги сорбентларни олиш усули «Uzwoolentex» МЧЖ ҚКда  амалиётга жорий этилган («Uzwoolentex» МЧЖ ҚКнинг 2025 йил 2 апрелдаги 20-сонли маълумотномаси). Натижада, импорт ўрнибосар аналоглар билан солиштирилганда, Cr-модификацияланган лапонитлар сувдаги бўёқ моддалар миқдорини 5 баробарга камайтириш имконини берган;
саноат оқова сувларини, жумладан, бўёқ моддалар ва бошқа органик ифлослантирувчиларни комплекс тозалаш технологияси «Uzwoolentex» МЧЖ ҚКнинг “2026–2030 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати”га киритилган («Uzwoolentex» МЧЖ ҚКнинг 2025 йил 2 апрелдаги 20-сонли маълумотномаси). Натижада, водород пероксиди ва интеркалирланган лапонитни ўз ичига олган каталитик тизим асосида ишлаб чиқилган ушбу технология 20–150 дақиқа ичида органик ифлослантирувчиларнинг 98 % гача зарарсизлантириш имконини беради. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish