Мажидова Гузал Дадажоновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ferula moschata ўсимлиги экстрактининг қиёсий кимёвий таркиби ва унинг жисмоний иш фаолиятга таъсирини ўрганиш (экспериментал изланиш)», 03.00.17 – Спорт физиологияси, фармакологияси ва генетикаси (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.1.PhD/В897.
Илмий раҳбар: Солиев Аъзамжон Баҳодирович, биология фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ҳузуридаги PhD.10/30.12.2019.Tib.69.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Турсунходжаева Феруза Мурадовна, биология фанлари доктори, профессор; Шарипов Авез Туйғунович, фармацевтика фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Буҳоро давлат тиббиёт институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ferula moschata доривор ўсимлиги экстрактининг жисмоний юкламаларга мослашиш жараёнига таъсирини тадқиқ этиш ҳамда унинг асосида спортчиларнинг жисмоний иш қобилиятини тиклашга қаратилган маҳаллий фитотерапевтик воситалар яратиш имкониятларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Ferula moschata экстрактининг in vivo шароитида тажриба ҳайвонлари (сичқонлар ва каламушлар) жисмоний фаоллигига таъсири аниқланиб, у ҳайвонларда жисмоний чидамлилик ва мотор фаоллик кўрсаткичларига ижобий таъсир қилиши ҳамда уларнинг жисмоний иш қобилиятини ошириши аниқланган;
илк бор Ferula moschata ўсимлигининг илдизпоя қисмидан тайёрланган экстракт таркибини масс-спектрометрик хроматография каби замонавий физик-кимёвий усуллар ёрдамида аниқланиб, ўсимлик таркибидаги биологик фаол моддалар (флавоноидлар, сапонинлар, углеводлар, аминокислоталар, органик кислоталар ва терпенлар) халқаро NIST маълумотлар базаси орқали исботланган;
Ferula moschata экстрактининг айрим фармако-токсикологик хусусиятлари тажриба ҳайвонларида баҳоланиши натижасида, у хавфсиз дозада токсик таъсир кўрсатмаслиги ҳамда физиологик нормалар доирасида қолиши аниқланган;
жисмоний юкламалар шароитида Ferula moschata ўсимлиги экстрактининг каламушлар мотор-мувозанат фаоллиги, феъл-атвор реакцияси ҳамда стрессга нисбатан реактивлик даражасига тикловчи таъсири ҳамда когнитив ва нейрофизиологик ҳолатларда аҳамиятли ижобий ўзгаришлар келтириб чиқариши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ferula moschata ўсимлиги экстрактининг қиёсий кимёвий таркиби ва унинг жисмоний иш фаолиятга таъсирини аниқлаш (экспериментал изланиш) бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Ferula moschata экстрактининг in vivo шароитида тажриба ҳайвонлари жисмоний фаоллигига ижобий таъсири, улардаги жисмоний чидамлилик ва мотор фаоллик кўрсаткичларининг ортишини акс эттирган «Ferulla moschata доривор ўсимлигини жисмоний фаолликни оширишда қўллаш» номли услубий тавсиянома Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институтининг “Фармакология ва токсикология лабораторияси”нинг амалиётига жорий этилган (Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ҳузуридаги Илмий кенгашнинг 2024 йил 16 апрелдаги 10/74-сон хулосаси). Натижада, лаборатория шароитида ҳайвонларда in vivo жисмоний фаолликни оширувчи янги фитопрепаратлар яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш имконини яратган;
Ferula moschata экстрактининг айрим фармако-токсикологик хусусиятларини экспериментал моделда баҳолаш, унинг хавфсизлик профили, таҳлил қилинган дозаларда токсик таъсир кўрсатмаслиги ва физиологик нормалар доирасида қолишлиги, тажриба ҳайвонларида мотор-мувозанат, феъл-атвор ва стрессга бўлган реактивлик даражаларига таъсирини баҳолаш орқали экстракт қўлланган гуруҳларда когнитив ва неврофизиологик ҳолатларда ижобий ўзгаришлар қайд этилганлиги Тошкент Тиббиёт Академиясининг 02.08.2024 йилдаги 5-сонли буйруғи асосида “Биотиббий технологиялар маркази” лабораторияси амалиётига жорий этилган (Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ҳузуридаги Илмий кенгашнинг 2024 йил 16 апрелдаги 10/74-сон хулосаси). Натижада, лаборатория шароитида ҳайвонларда фармако-токсикологик хусусиятларини экспериментал моделда баҳолаш бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш имконини яратган.