Sayt test rejimida ishlamoqda

Худойбердиев Нурали Худойберди ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Беда селекциясида озуқа миқдори юқори ва шўрга бардошли бошланғич ашёларни танлаш”, 06.01.05 – Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.3.PhD/Qx1198
Илмий раҳбар: Аллашов Бахром Давлетбаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.05/08.05.2024.Qx.42.02.
Расмий оппонентлар: Эгамов Илҳомжон Урайимжонович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Маматкулов Турсункул, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади беда коллекциясидаги хорижий ва маҳаллий нав, намуналарининг уруғ унувчанлигини аниқлаш ҳамда озуқавийлиги, ўрта даражада шўрланган тупроқ-иқлим шароитига бардошлилиги ҳамда қимматли хўжалик белгиларини таҳлил қилган ҳолда асосий белгилари юқори намуналарни танлаш ва бошланғич ашё сифатида тавсия этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор беда коллекцияси генофондида сақланиб келинаётган хорижий нав, намуналар, жумладан Осиё, Европа, Африка, Жанубий ва Шимолий Америка, ҳамда Австралия қитъаларидан келтирилган жами 72 та нав, намуналар уруғ унувчанлиги бўйича таҳлил қилинган ва кўрсаткичларнинг қимматли хўжалик белгиларга таъсири турлича бўлганлиги аниқланган;
тадқиқотларда беда нав, намуналарида баргдорлиги билан пичан улуши маҳсулдорлиги орасидаги боғлиқлиги r=0,19 дан (к-6171 намунасида), r=0,52 гача (к-6105 намунасида), андоза Тошкент-1 навида r=0,56 бўлганлиги ҳамда кўк масса маҳсулдорлиги билан баргдорлиги белгиси боғлиқликлари таҳлиллари бўйича кучсиз ва ўрта ижобий ҳолатни (r=0,17-0,59), андоза навида эса ўрта ижобий (r=0,57) ҳолатда эканлиги асосида юқори кўрсаткичли намуналарни танлаш самарадор бўлиши асосланган;
хорижий ва маҳаллий нав, намуналарининг озуқа миқдорини аниқлаш учун лаборатория шароитида таҳлиллар ўтказилиб, ўсимликлардаги мой миқдори бўйича к-6100 намунаси ва Эмилиана (Италия) нави, протеин миқдори бўйича к-6644 ва к-6100 намуналари андоза навига нисбатан яққол устунлиги аниқланган;
беданинг қимматли хўжалик белгилари ва озуқавийлигининг ижобий корреляцияси натижасида к-6100, к-6194, к-6656, 6171, к-6650, к-6649, к-6200, к-6771, к-6640, к-6719 каби нав, намуналарни бошланғич ашё сифатида танлаб олиш ва амалий селекцияда қўллаш илмий асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Турли минтақалардан олиб келинган беда намуналарини танлаш асосида қимматли селекцион ашёларни танлаш бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлар натижалари асосида:
беда коллекциясидан олинган эколо-геогафик узоқ ва маҳаллий нав, намуналар Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти марказий тажриба хўжалигида ўрганилган ва амалий селекцияда фойдаланилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025 йил 1 апрелдаги 05/04-04-108-сонли маълумотномаси). Натижада, пичан маҳсулдорлиги к-6719 намунасида 43,3 %, к-6200 намунасида 46 %, к-6771 намунасида 44,7 %, к-6640 намунасида 43,7 %, баргдорлик кўрсаткичи эса к-6197, к-6804, к-6719, к-6100, к-6172, к-6163, к-6186, к-6771, к-6219, к-6633 ва к-6640 намуналарида 50,0-56,3 % бўлиб, ушбу белгилар бўйича андоза Тошкент-1 навига нисбатан юқори кўрсаткичлар олинган;
беданинг қимматли хўжалик белгилари юқори нав, намуналарини ПСУЕАИТИнинг Сирдарё илмий-тажриба станциясининг 1 га майдонида жорий қилинган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025 йил 1 апрелдаги 05/04-04-108-сонли маълумотномаси). Натижада, андоза Тошкент-1 навидан к-6660 намунаси бош поя баландлиги 14,4 см, 6649 намунаси кўк масса маҳсулдорлиги 474 г, к-6100 намунаси баргдорлик кўрсаткичи бўйича 16 % га, к-6197 намунаси эса 14% юқори, к-6194 намунаси гуллаш муддати бўйича 3,1 кунга эрта, к-6200 намунаси пичанбоплиги бўйича 15% гача юқори бўлиши аниқланиб, умумий ҳосилдорилиги юқоридаги нав, намуналар андоза навига нисбатан 1,5-2,5 ц/га юқори ҳосил олиш имконини берган;
турли хил селекцион танловлар асосида беданинг хорижий ва маҳаллий нав, намуналаридан ажратиб олинган эколо-географик узоқ бўлган к-6649, к-6100, к-6660, к-6197 нав, намуналари Жиззах вилоятида 0,50 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025 йил 1 апрелдаги 05/04-04-108-сонли маълумотномаси). Натижада, ушбу нав, намуналар орасидаги назорат навига нисбатан к-6660 намунаси бош поя баландлиги 14 см баландликни, к-6649 намунаси кўк масса бўйича 629 грам юқори маҳсулдорликни, к-6100 намунаси баргдорлик кўрсаткичи бўйича 12 %, к-6197 намунаси эса 14 % гача юқори бўлганлиги аниқланиб, умимий ҳосилдорлиги бўйича эса андоза навига нисбатан 1,5-3,0 ц/га қўшимча ҳосил олишга эришилган.  

 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish