Саидбобоева Гулзора Нематжоновнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертацива мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон ССРнинг электр энергетика саноати тарихи”. 07.00.01–Ўзбекистон тарихи; 07.00.01 - Фан ва технологиялар тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.1.DSc/Tar214
Илмий маслаҳатчи: Мусаев Нуриддин Умурзакович тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети. DSc.03/30.12.2019.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: тарих фанлари доктори, профессор Маҳкамова Нодира Рахмановна; тарих фанлари доктори, профессор Ҳайдаров Иззатулла Махмуталиевич; география фанлари доктори, профессор Комилова Нилуфар Қаршибоевна.
Етакчи ташкилот номи: Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон ССРнинг совет давридаги электр энергетика саноати тарихини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистонда ХХ асрнинг 20-йиллари ўрталаридан бошлаб эътибор кучайтирилган электрлаштириш тадбирлари учун кўпинча маблағларнинг кам ажратилганлиги, қурилиш материаллари ва техник жиҳозларнинг етишмаслиги, уларнинг таъминотидаги узилишлар сабабли электр станциялар қурилиши график режалардан орқада қолганлиги, баъзан ишчи кучи етишмаганидан жазони ижро этиш муассасаларининг маҳбуслари энергетика қурилишларига жалб қилинганлиги далилланган;
Иккинчи жаҳон уруши арафаси ва уруш йилларида Ўзбекистон ССРда электр станциялари бунёд этиш асосан умумухалқ сафарбарлиги асосида ташкил этилганлиги, бунда минглаб ўзбек меҳнаткашлари, жумладан хотин-қизлар ҳам иштирок этиб, қурилиш майдонларида техник касбларни эгаллаганликлари аниқланган;
республикани электрлаштириш жараёни кўпроқ арзон ёқилғи маҳсулотлари (газ, кўмир, мазут) ҳисобига иссиқлик электр станциялари қуриш ҳисобига амалга оширилганлиги, гидроелектр станциялар эса кўпроқ пахтачиликни ривожлантириш ҳамда ирригация ишларини жонлантириш мақсадида йирик сув омборлари ва тўғонлар базасида қурилганлиги натижасида республика ҳудудларида электр энергия ишлаб чиқариш улуши нотекис ривожланганлиги асосланган;
Ўзбекистон ССРда электр энергетика саноати республиканинг саноат, техник, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий ҳаётини тубдан ўзгартиргани, шаҳар ва қишлоқларга электр узатиш линиялари орқали барқарор электр таъминоти йўлга қўйилсада, асосий истеъмолчи бўлган саноат тармоқларининг электр энергия эҳтиёжлари тўлиқ қопланмаганлиги, йирик шаҳарларда ҳам электрлаштириш даражаси аҳоли жон бошига ҳисоблаганда Иттифоқ даражасидан анча ортда қолганлиги, республиканинг улкан муқобил энергетик манбалари (қуёш, шамол)дан фойдаланиш масаласига эътибор қаратилмаганлиги аниқланган;
республикада энергетика, электр муҳандислиги бўйича олий, ўрта махсус техник кадрлар тайёрлаш, миллий ишчилар қатламини шакллантиришда тубжой аҳоли вакилларидан кўра, бошқа миллат вакилларининг устунлиги, партия ва совет ташкилотларининг бундай номутоносибликларга эътибор бермаганлиги, Ўзбекистон аҳолисининг демографик ҳолати, саноат ишлаб чиқаришида ишчи кучлари масалаларига бирёқлама ёндашганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистон ССРнинг электр энергетика саноати тарихига оид ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида ўлкада электрлаштириш ҳолати ва ГОЕЛРО режаси, давлат муассасаларининг Ўзбекистон ҳудудида электрлаштириш тадбирларини амалга оширишдаги фаолияти, республикадаги электрлаштириш жараёни ва унинг бошқарув масалалари таҳлилидан муаллифлар жамоаси томонидан республика олий ўқув юртларининг 60320300–Архившунослик бакалавриат таълим йўналиши талабаларига мўлжаллаб ёзилган “Ўзбекистоннинг давлат муассасалари тарихи. ИИ қисм” дарслигида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2022 йил 9 сентябрдаги 302-89 рақамли гувоҳномаси). Мазкур дарслик республикада совет даврининг электрлаштириш сиёсати ҳамда унинг бошқарув асослари ҳақида талабаларнинг билим ва кўникмаларини янада оширишга хизмат қилган;
республикада совет бошқарувининг илк босқичларида электр энергетик иншоотларнинг бунёд этилиш тарихи, қурилишлар давомида йўл қўйилган камчиликлар, кўп ҳолларда керакли жиҳозлар ва қурилиш материалларининг ўз вақтида етказиб берилмаслиги қурилиш ишларининг сустлашгани, маҳаллий кадрларнинг электрлаштириш жараёнида озчиликни ташкил этиши ва уни бартараф этишда давлат идораларининг саъй-ҳаракатлари, Ўрта Осиё энергетика институти ва Ўрта Осиё давлат университети (САГУ)нинг соҳа учун техник кадрлар тайёрлаш тизими, Ўзбекистоннинг совет даври саноат ривожида электрлаштиришнинг тутган ўрни ҳақида олинган янги натижалардан “Ўзбекистон” радиосида эфирга узатилган “Жараён” эшиттиришнинг ссенарийсини ёзишда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат муассасасининг 2023 йил 20 июлдаги 04-35-1108-сон маълумотномаси). Илмий натижалар тингловчиларда Ўзбекистонни совет даврида электрлаштириш тарихи ҳақида таянч маълумотга эга бўлишларида хизмат қилган;
1940–80-йиллари Ўзбекистонда кўплаб гидроелектр станциялари бунёд этилганлиги, уларнинг электр энергияга бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилиши баробарида, бу иншоотларнинг аксарияти пахтачилик майдонларини кенгайтиришга хизмат қилувчи сув омборлари, тўғонлар негизида қурилганлиги, уларнинг бирламчи вазифаси республикада пахта яккаҳокимлигига олиб келганлиги, баъзи гидроелектр станциялар қурилиши етарли миқдорда молиялаштирилмаганлиги сабабли уларни бунёд этиш амалда тўхтатиб қўйилганлиги, энергетика соҳасида миллий кадрларнинг етишмаслиги архив фондлари ҳужжатлари ҳамда тарихий адабиётлар доирасида таҳлил қилиниб, тадқиқотда ўз илмий тасдиғини топганлигига оид натижалардан фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекгидроенерго” акциядорлик жамиятининг 2023 йил 8 сентябрдаги 02-10/2591-сон маълумотномаси). Бундаги натижалар электр энергетика соҳаси бўйича кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича стратегияларни ишлаб чиқилишига хизмат қилган.
совет ҳокимиятининг 20–30-йиллардаги бошқаруви даврида Ўзбекистон ҳудудида гидроелектр иншоотларини барпо этиш борасидаги сиёсати кўп ҳолларда “марказ” манфаатларига мос тарзда олиб борилганлиги, ҳудуднинг мавжуд гидро ресурсларидан унумли фойдаланилмаганлиги, электрлаштириш тадбирлари қишлоқ хўжалик хомашё маҳсулотларини кўпайтириш ҳисобига олиб борилганлиги, саноат ва ижтимоий соҳага етарлича эътибор қаратилмаганлиги, амалда эса республикани иқтисодий жиҳатдан қарамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилганлигига доир натижаларидан фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекгидроенерго” акциядорлик жамиятининг 2023 йил 8 сентябрдаги 02-10/2592-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши Ўзбекистонда гидроелектр иншоотларини барпо этиш ва уларни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқилишида тарихий тажрибага асосланган илмий ёндашувларни жорий қилишга имкон берган.
Ўзбекистон ҳудудида электрлаштириш тадбирларининг амалга оширилиши, унинг босқичлари, энергетик лойиҳаларнинг техник татбиқи, электр станцияларнинг бунёд этилишида халқимизнинг иштироки, электрлаштиришдаги алоҳида ютуқ ва муаммолар, республикада амалга оширилган электрлаштириш жараёни, унинг саноат, ижтимоий ва маданий ҳаётдаги ўзгаришлар, иқтисодий ўсишга таъсири хусусида тадқиқотчи “Ўзбекистон тарихи” телеканали орқали эфирга узатилган “Мавзу” кўрсатувида атрофлича фикр-мулоҳазаларини баён этган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат муассасасининг 2023 йил 20 декабрдаги 06-28-1930-сон маълумотномаси). Илмий натижалар томошабинларда халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий тарихи ҳақида билим ва тасаввурларини янада бойитишга ёрдам берган.