Sayt test rejimida ishlamoqda

Мақсуд ўғли Бахтиёрнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси: Кўндаланг текис эгилишдаги пўлат толалари билан кучайтирилган темирбетон тўсиннинг кучланганлик-деформацияланувчанлик ҳолати ва мустаҳкамлиги.
Ихтисослик шифри: 05.09.01–Қурилиш конструксиялари, бино ва иншоотлар.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: Б2023.3.PhD/Т4012.
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Раззаков Собиржон Жўраевич, техника фанлари докрори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган муҳандислик-қурилиш институти.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, Илмий кенгаш рақами: Наманган муҳандислик-қурилиш институти, PhD.03/01.04.2023.Т.90.02.
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:
Бегалиев Улуғбек Турдалиевич, техника фанлари доктори, профессор;  
Юнусалиев Элмурод Махаматякубович, техника фанлари доктори, доцент;
Етакчи ташкилот номи: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети. Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади Кўндаланг эгилишдаги фибротемирбетон тўсин конструксияларининг мустаҳкамлигини пўлат толалари билан дисперс арматуралаш орқали оширишдан иборат.
III.Диссертация тадқиқотининг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
пўлат толалар билан дисперс арматураланган фибротемирбетон тўсинларда бетон қоришмаси таркибига қўшиладиган  пўлат толаларнинг мақбул миқдори бетон массасига нисбатан 1÷3 фоизни, толалар узунлиги эса 10÷20 мм ни ташкил этиши экспериментал усулда асосланган ва технологик жараён тартиби ишлаб чиқилган;
  пўлат толалар билан дисперс арматураланганда фибробетоннинг чўзилишдаги мустаҳкамлиги оддий бетонга нисбатан 30÷40 фоизга юқори бўлиши аниқланган ва тажриба-синов усули ёрдамида асосланган; 
кучланганлик-деформацияланувчанлик ҳолатини тадқиқ қилиш асосида фибротемирбетон  тўсинларнинг  юк кўтариш қобилияти оддий бетон тўсинларга нисбатан 20÷30 фоизга ортиши  ишончли экспериментал усулда аниқланган ва назарий жиҳатдан   асосланган; 
пўлат толалари билан дисперс арматураланганда тўсинларнинг дарзбардошлигини оддий темирбетон тўсинларга нисбатан 2÷3 марта юқори бўлишига пўлат толаларнинг миқдори ва узунликларининг мақбул қийматларини аниқлаш ва қўллаш орқали эришилган;
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Кўндаланг текис эгилишдаги пўлат толалари билан кучайтирилган темирбетон тўсиннинг кучланганлик-деформацияланувчанлик ҳолати ва мустаҳкамлиги бўйича олинган илмий натижалар қуйидаги ташкилотлар томонидан жорий этилган: 
пўлат толалар билан дисперс арматураланган фибротемирбетон тўсинларни мустаҳкамликка ҳисоблаш дастури “Коммуналтаъмирлойиҳа” МЧЖ томонидан Тўрақўрғон туманидаги 4-сонли умумтаълим мактабининг ҳудудида жойлашган 300 ўринга мўлжалланган ўқув биносини лойиҳалашга жорий этилган (ЎзР Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 31.10.2024-йилдаги №24-06/11490-сонли маълумотномаси). Натижада 15% гача иқтисодий тежамкорликка эришилган;
пўлат толалар билан дисперс арматураланган фибробетон ишлаб чиқариш “Бунёдкор-3” МЧЖда жорий этилган (ЎзР Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 31.10.2024-йилдаги №24-06/11490-сонли маълумотнома). Натижада пўлат толалари билан дисперс арматураш орқали фибробетоннинг сиқилишдаги мустаҳкамлиги 10÷40 фоизга, чўчилишдаги мустаҳкамлиги 30÷40 фоизга,  эгилишдаги мустаҳкамлиги 20÷30 фоизга ортиши ҳисобига хом-ашё материалларининг тежалишига эришилган;
пўлат толалар билан дисперс арматураланган фибротемирбетон тўсинларни ҳисоблаш дастури “Наманган вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳудудий назорат инспексияси”да лойиҳалаш ишлари учун жорий этилган (ЎзР Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 31.10.2024-йилдаги №24-06/11490-сонли маълумотномаси). Натижада лойиҳа ишларига қўллаш орқали иш сифатини ва меҳнат унумдорлигини 15÷20 фоизгача оширишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish