Аллаяров Нодиржон Жураевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Манзарали дуккакдошлар (Leguminosae) оиласига мансуб дарахтларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш чораларини ишлаб чиқиш”, 06.01.09-Ўсимликларни ҳимоя қилиш (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.3.PhD/Qх628.
Илмий раҳбар: Нафасов Зафар Нурмахмадович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.05/30.12.2019.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Хайтмуратов Арслонбек Файзуллаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Умаров Зафар Абдишукурович, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўрмончилик илмий тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Дуккакдошлар оиласига мансуб манзарали дарахт зараркунандаларининг тарқалиши, тур таркиби, зарар етказиш даражаси, биоэкологик хусусиятлари, доминант турларнинг табиий кушандалари ва камзаҳарли инсектицидларни ўрганиш ҳамда уларга қарши экологик хавфсиз, самарали кураш чораларини ишлаб чиқиш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Республикамизда манзарали дуккакдошлар (Leguminosae) оиласига мансуб дарахтларда 11 та турдаги, шулардан Coleoptera туркумига мансуб 5 та, Lepidoptera 2 та, Ortoptera 1 та, Hemiptera туркумига мансуб 3 та тур зараркунандалар аниқланган;
асосий зараркунандаларнинг иқтисодий зарар миқдор мезони (ИЗММ) тасодифий танланган ўсимлик баргларининг 10-15% қисми ширалар билан қопланганлиги ҳамда баргда бужмайиш белгилари кузатилиши, кузги тунлам ва бузоқбош қўнғизлари личинкалари ҳар метр квадратда 1,5 -2,0 та қурт бўлиши, акация сохта қалқондорида 10 см новдада 25 тадан ортиқ қалқондор бўлиши аниқланган;
дуккакдошлар оиласига мансуб манзарали дарахтларга зарар келтирувчи сўрувчи зараркунандаларнинг 9 та тур энтомофаглари, жумладан, 5 та тур Coleoptera туркуми Coccinellidae оиласи, 1 та тур Diptera туркуми Syrphidae оиласи, 2 та тур Neuroptera туркуми Chrysopidae оиласи, 1 та тур Hymenoptera туркуми Formicidae оиласига мансуб табиий кушандалар аниқланган;
сўрувчи зараркунандалардан акaция шираси ва акaция сохта қалқондорига қарши микробиологик препаратлардан Биослип БТ (2,0-3,0 кг/га) ва Биослип БВ (2,0-3,0 л/га) 75,1-89,7 % гача билогик самарадорликка эришилиши исботланган;
донхўрлар (лат. Bruchidae) оиласига мансуб уруғ зараркунандаларига қарши Каратэ, 5% эм.к. 0,5 л/га 87-92%, Багира, 20% эм.к. (0,3-0,4 л/га) қўлланилганда 75-95%, Энтолучо, 20% сус.к. (0,3 л/га) препарати қўлланилганда эса 92,0% гача биологик самара бериши аниқланган;
илмий тадқиқотлар натижаларига асосланиб манзарали дуккакдошлар оиласига мансуб дарахатларда асосий зараркунандаларга қарши экологик хавфсиз ҳимоя қилиш чоралари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Зараркунандаларга қарши курашнинг экологик хавфсиз ҳимоя қилиш тадбирларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар илмий натижалари асосида:
“Манзарали дарахтларни зарарли организмларига қарши кураш бўйича” тавсиянома тасдиқланган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 28-майдаги №05/05-02-388-сонли маълумотномаси). Бугунги кунда ушбу тавсиянома манзарали дарахтлар кўчатчилиги билан шуғулланадиган деҳқон фермер ва ўрмон хўжаликларида қўлланма сифатида фойдаланиб келинмоқда.
Манзарали дарахтлар кўчатзорларида бузоқбош қўнғизлар, қуйруқли бузоқбош қўнғиз, кузги тунламлар илдиз зараркунандаларига қарши қарши Децис 10% эм.к. (0,1-0,2 л/га), Эффект-Экстра, 80% эм.к. (1,0-1,5 л/га) препаратларини қўллаш Хоразм вилояти “Анор” ф/х 33,5 гектар майдонида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 28-майдаги №05/05-02-388-сонли маълумотномаси). Натижада дуккакдошлар оиласига мансуб манзарали дарахтлар кўчатхоналарида юқори биологик ва иқтисодий самарадорликка эришилган.
Сўрувчи зараркунандалардан акaция шираси, акaция сохта қалқондорига қарши микробиологик препаратлардан Биослип БТ (2,0-3,0 кг/га) ва Биослип БВ (2,0-3,0 л/га) 82,0 % гача билогик самарадорликка эришилган. Каратэ, 5% эм.к. 0,5 л/га 87-92%, Багира, 20% эм.к. (0,3-0,4 л/га) қўлланилганда 75-95%, Энтолучо, 20% сус.к. (0,3 л/га) препарати қўлланилганда эса 92,0% гача биологик самарадорликка эришилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 28-майдаги №05/05-02-388-сонли маълумотномаси). Бунда сўрувчи зараркунандаларга қарши «Багира» препарати 0,3-0,4 л/га меъёрда қўллаш тизими Қашқадарё ўрмон хўжаликларида ва манзарали дарахтлар кўчатчилиги билан шуғулланувчи деҳқон фермер хўжаликларида 49 301 гектар майдонда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 28-майдаги №05/05-02-388-сонли маълумотномаси). Бунинг натижасида, тажрибалар ўтказилган йилларга боғлиқ ҳолда «Багира» препарати 0,3-0,4 л/га меъёрда қўлланилганда 1 сўм сарфланганда 5-7 сўмдан иқтисодий самарадорликка эришилган ҳамда кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бошқармалари, ўрмон хўжаликлари, манзарали дарахтлар кўчатчилиги билан шуғулланувчи фермер хўжаликларининг харажатларини қисқартиришга эришилган.