Отабоева Моҳира Ахмадовнанинг филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): Таржимада муаллиф амаҳоратини қайта яратиш (инглизчадан ўзбекчага таржималар мисолида), 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.4.PhD/Fil1685
Илмий раҳбарнинг фамилияси, исми, шарифи, илмий даражаси ва унвони: Очилов Эргаш Зокирович, филология фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.01
Расмий оппонентлар: Ҳамидов Хайрулла Худоёрович, филология фанлари доктори (DSc), профессор; Умарова Маҳлиё Юнусовна, филология фанлари доктори (DSc), профессор.
Етакчи ташкилот: Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: жаҳон болалар адабиётининг нодир намуналари ҳисобланган Л.Керроллнинг “Алиса Мўжизалар мамлакатида” ва Ч.Диккенснинг “Катта умидлар” романларининг ўзбек тилидаги бевосита ва билвосита таржималари тадқиқи мисолида мутаржимларнинг муаллиф услубини сақлаш ва асар бадииятини тиклашдаги маҳорат қирраларини кўрсатиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Л.Керроллнинг “Алиса Мўжизалар мамлакатида” асари ва Ч.Диккенснинг “Катта умидлар” романининг ўзбек тилига бевосита ва билвосита таржималарининг қиёсий тадқиқи аслиятга мувофиқ мукаммал таржима яратиш учун мутаржим муаллиф мансуб нонсенс ва танқидий-реализм адабий оқимларининг мазмун моҳияти ҳамда ёзувчи услубига хос етакчи хусусиятлардан хабардор бўлиши муҳимлиги кўрсатилган;
муайян мамлакатнинг миллий колорити, аслият тилининг сўз бойлиги, ифода тарзи, бадиий тасвир воситалари, фразеологизмлари ва шева унсурлари, муаллиф мансуб халқнинг юмор хусусиятларини чуқур билмай туриб, асардаги нозик ишоралар, тагдор қочиримлар, илмоқли сўз ўйинлари ҳамда адиблар назарда тутган барча маъно қирраларини тўғри етказиб бўлмаслиги, бинобарин бу ҳолда адекват таржимага эришиш мушкуллиги конкрет мисоллар таҳлили орқали асосланган;
инглиз тилидан қилинадиган бадиий таржималарда лексик муаммо ҳисобланмиш полисемия ҳодисаси билан боғлиқ ҳолатларга топилган ечимлар ўрганилиб, таржимонларнинг бу борадаги ютуқ ва камчиликлари умумлаштирилди ва айни ҳолатда контекстдан келиб чиқиб таржима қилиш муваффақиятга олиб келиши аниқ мисоллар таҳлили орқали кўрсатиб берилди ҳамда мазкур асарларнинг янги нашрлари ва келгусида амалга ошириладиган қайта таржималари учун ёрдам берадиган тавсиялар берилган;
тадқиқотга тортилган асарлар бевосита ва билвосита таржима нуқтаи назаридан ҳам текширилиб, бевосита таржиманинг афзалликлари, билвосита таржима аслиятга мазмун, шакл ва бадиий жиҳатдан тўла мувофиқ бўлмаслигидан ташқари, таржимонга ҳам ўзининг маҳоратини том маънода намоён этишга имкон бермаслиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Бадиий таржимада муаллиф маҳоратини қайта яратиш хусусиятларини очиб беришда муаллиф услубини сақлаш, миллий колоритни акс эттириш, инглиз тилидан бевосита ва билвосита таржима амалиётидаги лексик масалалари таҳлили жараёнида олинган илмий натижалар қуйидаги асосда жорийланган;
Жаҳон адабиётидаги танқидий-реализм оқими, ўзбек адабиётшунослиги учун янгилик бўлган – нонсенс адабий методининг пайдо бўлиш босқичлари, дунё адабиётшунослигига таъсирига бағишланган қарашлар, шунингдек, уларнинг ёзувчилар (Л.Керролл, Ч.Диккенс) услубини шаклланишидаги роли ва аҳамиятини очиб беришга доир хулосаларидан ҳамда бу йўналишда ёзилган асарларнинг таржимасидаги ёндашувлар таҳлилининг натижаларидан ОТ-Ф1-80 “Глобаллашув муаммоларининг бадиий талқини ва замондош образи” фундаментал тадқиқот дастури доирасида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2023-йил 25-декабрдаги 3/1255-2889-сон маълумотномаси). Натижада, жаҳон таржимашунослигида алоҳида ўрганиладиган нонсенсе-асар таржимасида ўзбек мутаржимлари қандай ёндашгани ва улар қўллаган усуллар нечоғли ўзини оқлагани, бундай асарлар таржимасида нималарга эътибор бериш кераклиги борасида назарий фикрларнинг далилланиш даражаси ортган;
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Бадиий таржима кенгаши ҳисобот йиғилишларида, адабий тўгарак машғулотларида тадқиқот натижаларидан унумли фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2023-йил 4-декабрдаги 01-03/3182-сон маълумотномаси). Натижада, инглиз-ўзбек адабий алоқалари, хусусан, Л.Керролл ва Ч.Диккенс асарларининг она тилимизга қилинган таржималарида муаллиф услубини сақлаш, давр ва миллий колоритни акс эттириш, таржималардаги адекватлик масалаларига доир таҳлиллар уюшмада ўтказилган маърузалар мазмунини бойитишга хизмат қилган;
“Маҳалла” телеканалининг “Сўз айтгани келди дунёга” номли ҳужжатли филмда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маҳалла” телерадиоканали давлат муассасасининг 2023-йил 16-ноябрдаги 01–12–1145-сон маълумотномаси). Натижада, бадиий таржиманинг бугунги кундаги аҳамияти, ривожи, жумладан, инглиз адабиёти намуналарини она тилимизга ўгириш масаласи ва унинг долзарблиги, соҳа олдида турган муаммолар, бугун чоп этилаётган айрим таржима асарларнинг савияси таҳлил қилинган. Таржимашуносликдаги мақоллар, шевалар, идиомаларни ўгиришнинг роли очиб берилган.