Sayt test rejimida ishlamoqda

Хамраев Фозилбек Юлдошевичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси: “Ўзбек тили замонавий ўзлашмаларини миллийлаштириш: методологик асослари, манбалари ва усуллари”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.3.PhD/Fil4961 Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши давлат университети.
Илмий раҳбар: Шукуров Отабек Улашевич, филология фанлари доктори, профессор.
Илмий Кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, Илмий Кенгаш рақами: Термиз давлат университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи PhD 03/31.03.2021.Fil.78.04 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Холиёров Ўрал Менглиевич, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент, Жўраева Бибиш Муҳсиновна, филология фанлари доктори, доцент. 
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тили замонавий ўзлашмаларини миллийлаштиришнинг методологик асослари, манбалари ва усулларини илмий асослаш ҳамда уларнинг тилшуносликдаги ўрни ва аҳамиятини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ўзбек тилининг кўп асрлик номлаш анъаналари ҳамда тарихий ва тадрижий тараққиёт жараёнларидан келиб чиқиб тилда пайдо бўлаётган янги ўзлашмаларни миллийлаштиришда, асосан, унинг мавжуд миллий анъаналарига, шунингдек, хорижий (инглиз, рус) ҳамда қардош (қозоқ, қирғиз, турк, озарбайжон, туркман каби) тиллар тажрибаларига таяниш муҳимлиги далилланган;
янги ўзлашмаларни миллийлаштиришга хизмат қилувчи муҳим манбалар сирасида ҳозирги ўзбек тилининг фаол лексикаси, ўзбек халқ сўзлари, шунингдек, тарихийлик жиҳатдан шаклланган захира луғат манбалари муҳим ўрин тутиши бир қанча далилий ва тавсиявий мисоллар орқали (тизим < система; таҳлил < анализ, мунозара < дебат; ноодатий < аномал; ермой < керосин; мойсочиқ < салфетка; жамоа < команда; нишона < логотип каби) асослаб берилган;
замонавий ўзлашмаларни миллийлаштириш жараёнида янги сўз ҳосил қилиш моделлари: семантик (ҳавола, юкламоқ), аффиксация (тузлама, дастурчи), композиция (орттасвир, гулқоғоз), синтактик (ижтимоий тармоқ, ҳисоб рақам) усуллардан фаол фойдаланиш, шунингдек, калкалаш (дунёқараш, темир йўл) ҳамда фонетик жиҳатдан тилнинг миллий табиатига мослаш (дўхтир < доктор, сўқа < соха) усулларининг муҳимлиги илмий-таҳлилий асосда исботланган;
ўзбек тили лексикасига сўз ўзлаштириш жараёнида рус тилининг воситачилик роли пассивлашиб, асосан, инглиз тилидан тўғридан тўғри сўз олиш анъанаси ривожланаётганини эътиборга олиб, янги ўзлашмаларни тилимизнинг фонетик, лексик, семантик имкониятларига мослаб ўзлаштириш зарурлиги далиллаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Дунё ва оʻзбек тилидаги замонавий ўзлашмаларни миллийлаштириш масалаларини оʻрганиш жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:
ҳозирги пайтда глобаллашув ва интернет технологияларининг кучли таъсири ўлароқ ўзбек тилидаги замонавий ўзлашмаларни миллийлаштиришга кучли зарурат мавжудлиги, бу зарурат ўзбек тилининг тарихан такомиллашиб келаётган ўз номлаш анъаналарига эга эканлиги, мазкур масала ечимига қаратилган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилганига оид назарий фикрлар ҳамда фактик материаллардан Давлат илмий-техник дастурлари доирасидаги 2020-2022-йилларда бажарилган АМ-Ф3-201908172. “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” амалий грант лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил 24-сентябрдаги 04/1-2614-сонли маълумотномаси). Натижада лойиҳа луғат корпусининг тузилишига доир янги илмий манба ва маълумотлар билан бойиган;
ҳозирги ўзбек тилининг фаол сўзлар қатлами, шевалар лексикаси ва эскирган сўзлар, шунингдек, умумтуркий сўзлар замонавий ўзлашмаларни миллийлаштиришга хизмат қилувчи манбалар этиб белгилангани ва уларнинг янги хорижий сўзлар билан алмашиниш имконияти билан боғлиқ маълумотлардан Давлат илмий-техник дастурлари доирасидаги 2021-2023-йилларда бажарилган ПЗ – 2020042022. “Туркий тилларнинг лингводидактик электрон платформасини яратиш” амалий грант лойиҳасида фойдаланилган. дарслигида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 23-январдаги 04/1-262-сонли маълумотномаси).  Натижада лойиҳадаги умумтуркий сўзлар талқинига оид маълумотлар назарий ва амалий жиҳатдан мукаммаллашган;
ўзбек тилининг сўз ясаш моделларини ишга солиш, шунингдек, калкалаш ва фонетик мослаштириш хорижий сўзларни миллийлаштиришнинг муҳим усуллари эканлиги ва бу  усулларнинг миллийлик нуқтайи назаридан турлича қиймат касб этишига оид хулосалардан “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат муассасасида эфирга узатилган “Адабий жараён”, “Таълим ва тараққиёт” номли дастурлар ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон телерадиоканали давлат муассасасининг 2024-йил 13-сентябрдаги 0436-1012-сонли маълумотномаси). Натижада ушбу дастурлар учун тайёрланган маълумотларнинг мазмун кўлами кенгайган, илмий далилларга бой бўлиши таъминланган.      

Yangiliklarga obuna bo‘lish