Sayt test rejimida ishlamoqda

Рахимжонов Зиёвуддин Қаҳрамон ўғлининг 
доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): “Автомобил кўприкларини сейсмик ҳимоялаш учун тебранишларни динамик сўндирувчиларнинг параметрларини танлаш”, 05.09.02 – “Геотехника” (Кўприклар, транспорт тоннеллари ва метрополитенлар) (техника фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.4.PhD/Т4021.
Илмий раҳбар: Нишонов Неъматилла Асатиллаевич, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат транспорт университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат транспорт университети ҳузуридаги DSc.15/31.08.2022.Т.73.04 рақамли Илмий кенгаш. 
Расмий оппонентлар: Юлдашев Шарафитдин Сайфитдинович, техника фанлари доктори, профессор; Ювмитов Анвар Сайфуллаевич, техника фанлари доктори (DSc), катта илмий ходим. 
Етакчи ташкилот: Жиззах политехника институти
Диссертация йўналиши. Техника йўналиши. Назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: тебранишларнинг динамик сўндиргичлари параметрларини танлаш ҳисобига автомобил йўлларидаги транспорт иншоотларининг сейсмик мустаҳкамлигини ошириш ва сейсмик таъсирларга ҳисоблаш усулини такомиллаштиришдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
автомобил йўлларидаги кўприкларни оралиқ қурилмалари оғир ва таянчлари енгил бўлишини ҳисобга олган ҳолда, оралиқ қурилма таянчнинг тебранишларни динамик сўндиргичи режимида ишлашини таъминлашининг конструктив техник ечими ишлаб чиқилган; 
сейсмик таъсирлар шкаласи асосида тебранишларнинг динамик сўндиргичлари режимида кўприкларни ҳисоблашда, қурилиш майдонида сейсмик хавфини ҳисобга олган ҳолда, замин грунти тезланишларини сон кўринишида киритиш имконини берувчи спектрал усули ишлаб чиқилган;
демпферлаш ва реал тезланишларни инобатга олиш ҳисобига, тебранишларни динамик сўндиргичли кўприк иншоотларини сейсмик таъсирларга чизиқли-спектрал ҳисоблаш усули такомиллаштирилган;
сейсмик таъсирларда оралиқ қурилмаларнинг характерли нуқталарини тебранишларнинг иккинчи шакли бўйича аниқлаш орқали, тебранишларнинг динамик сўндиргичлари сифатида оралиқ қурилмаларини қўллаш ҳисобига кўприклар ишончлилигини оширилиши асосланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Автомобил кўприкларини сейсмик ҳимоялаш учун тебранишларни динамик сўндирувчиларнинг параметрларини танлаш бўйича ўтказилган илмий-тадқиқот иши натижалари асосида:
сейсмик таъсирлар шкаласи асосида тебранишларнинг динамик сўндиргичлари режимида кўприкларни ҳисоблашда замин грунти тезланишларини сон кўринишида киритиш имконини берувчи спектрал усули “Оʻзёʻлкоʻприк кластери” давлат муассасасида лойиҳалаш жараёнида фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2025 йил 13 февралдаги №4/Э227-сонли маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижалари, сейсмик ҳимояли таянчлардан фойдаланилганда таянчнинг эгувчи момент қийматини 2.33 марта камайтиришга эришиш мумкинлиги кўрсатилган;
тебранишларнинг динамик сўндиргичлари сифатида оралиқ қурилмаларини қўллаш ҳисобига, сейсмик таъсирларда оралиқ қурилмаларнинг характерли нуқталарини тебранишларнинг икки шакли бўйича аниқлаш усули Транспорт бўйича Бош лойиҳа-қидирув институти АЖ да «Жиззах шаҳридаги 4К253а “Ислом Каримов шоҳ кўчасига” шаҳобча автомобил йўлидан М39 “Тошкент-Термез” автомобил йўлига уланувчи янги йўналишдаги умумий фойдаланишдаги 4 км автомобил йўли ва 700 пм узунликдаги йўл ўтказгич қуриш» объектини лойиҳалаш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хоʻжалиги вазирлигининг 2025 йил 20 февралдаги №06/2009 -сонли маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижалари ҳисоб-лойиҳалаш ишлари муддатини ҳамда оралиқ қурилма тезланишларини 1.2 марта камайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish