Собиров Илхомжон Абдуллаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Фарғона водийси хўжаликларида қора ола зотли қорамоллар сут маҳсулдорлигини оширишнинг биотехнологик усуллари”, 16.00.02-Ҳайвонлар патологияси, онкологияси ва морфологияси. Ветеринария акушерлиги ва ҳайвонлар репродуксияси биотехникаси (ветеринария фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.2.PhD/ В90
Илмий раҳбар: Элмуродов Бозорбой Актамович, ветеринария фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ветеринария илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ветеринария илмий-тадқиқот институти, PhD06/29.10.2021.В.139.01.
Расмий оппонентлар: Дилмуродов Насриддин Бабакулович, ветеринария фанлари доктори, профессор; Балиев Шавкат Қўчқорович, ветеринария фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Фарғона водийси чорвачилик ва товар хўжаликлари шароитида қора ола зотли сигирларда сут маҳсулдорлигини оширишнинг генетик салоҳиятидан фойдаланиш, репродуктив қобилиятини рағбатлантиришга қаратилган биотехник омиллар мажмуасини яратиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Фарғона водийсининг ўзига хос кескин ўзгарувчан, қуруқ иқлим шароитида қора ола зотли сигирларда сут маҳсулдорлик даражасини биотехникавий омиллар (илк қочиртиш ёши, вазни, фаол мацион, туғиш фасли) билан боғлиқлиги аниқланган;
сигирлар жинсий фаолиятини рағбатлантиришда ферголин ва регостенол янги авлод гормонал препаратларини витаминлар билан бирга қўллаш орқали жинсий фаолиятини фаоллаштириш, оталаниш даражасини ошириш усули аниқланган;
сигирлар эндометрит касаллигида бачадон эпителий хужайраларининг қат-қат бўлиб кўчиб тушиши, бачадон безлари тузилишининг бузилиши, бириктирувчи ва толали тўқималарнинг ўсиши, карункулларни йўқолиши, касалликка хос мураккаб патоморфологик ўзгаришлар келтириб чиқариш механизми аниқланган;
биринчи марта оталантирилган қора ола зотли таналар тирик вазни ва ёши 1-лактасияда сут маҳсулдорлик кўрсаткичларига узвий боғлиқлиги илмий асосланган;
акушер-гинекологик касалликлар билан касалланган сигирларда бачадон ва тухумдонлар таркибидаги микроорганизмлар (стафилококк, стрептококк, cандидае замбуруғи каби) тур таркиби аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Фарғона водийси хўжаликларида қора ола зотли қорамоллар сут маҳсулдорлигини оширишнинг биотехнологик усуллари бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлар натижалари асосида:
“Сигирлар сут маҳсулдорлигини оширишнинг биотехнологик усуллари” бўйича Тавсиянома тасдиқланган ва сигирлар организмида жинсий циклни бошқаришда гормонал ва бошқа биологик фаол қўшимчалардан фойдаланиб сут маҳсулдорлигини оширишнинг асослари, ҳайвонларни боқиш ва парвариш қилиш усуллари такомиллаштирилиб ишлаб чиқаришга жорий қилинган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024 йил 12 декабрдаги 02/23-2971-сон маълумотномаси). Натижада соғин сигирларнинг сут маҳсулдорлигини ошириш борасидаги маълумотлар бойитилган, подада мол бош сонини кўпайтириш, сигирларнинг бепуштлик, қисирлик даражасини пасайтириш имконияти яратилган.
Фарғона водийсининг ўзига хос иқлими шароитида қора-ола зотли соғин сигирларнинг сут маҳсулдорлигини ошириш учун биотехнологик усуллардан фойдаланиш методологияси ишлаб чиқилган, зотнинг генетик имкониятлари ва фенотипик омиллардан фойдаланишнинг устуворлиги, шунингдек, янги авлод гормонал ферголин ва регостенол препаратлари ва витаминли препаратларини қўллаҳ ишлаб чиқаришга, яъни Олтинкўл туманидаги "Бахт имкон ривожи", Андижон туманидаги "Муқумий", Избоскан туманидаги "Пойтуғ сут булоғи" фермер хўжаликларида жорий қилинган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024 йил 12 декабрдаги 02/23-2971-сон маълумотномаси). Натижада соғин сигирларнинг хўжаликларда фойдаланиш муддатини оширишга, уларнинг сервис даврини қисқартиришга ва сут маҳсулдорлигини оширишга эришилган.