Худойбердиев Раҳматилло Фозиллиддиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ахборотларни узатиш тизимларида бошқарув ҳисоблаш воситаларининг ишлаш жараёнларини баҳолаш моделлари ва алгоритмлари”, 05.01.04 – “Ҳисоблаш машиналари, мажмуалари ва компютер тармоқларининг математик ва дастурий таъминоти” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.3.PhD/Т4868.
Илмий раҳбар: Садуллаева Шахло Азимбаевна, физика математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.13/30.12.2019.Т.07.01
Расмий оппонентлар: Кабулов Анвар Восилевич, техника фанлари доктори, профессор, Шукуров Камолиддин Элбобо оʻгʻли, техника фанлари фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ахборотларни узатиш тизимларида бошқарув ҳисоблаш воситаларининг ишлаш жараёнларининг вақт характеристикаларини (ўтказувчанлик қобилиятини) баҳолашнинг моделлари ва алгоритмларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
- бир ва кўп процессорли бошқарув ҳисоблаш воситаларида дастурларни ишлаш жараёнлари, оммавий хизмат кўрсатиш назариясига асосланган ҳолда, бир ва кўп тугунли бир чизиқли кўп фазали тизимлар шаклидаги аналитик моделлар ишлаб чиқилган;
- технологик дастурларнинг белгиланган ва динамик устуворликларга эга турли тузилмали бошқарув ҳисоблаш воситалари ишлаш жараёнларини имитацион моделлаштириш алгоритмлари ишлаб чиқилган;
- ахборот узатиш тизимини лойиҳалаш босқичида бошқарув ҳисоблаш воситаларини вақт характеристикаларини баҳолаш босқичларини ўз ичига олган алгоритм ишлаб чиқилган;
- ахборотларни узатиш тизимларида бошқарув ҳисоблаш воситаларининг ички дастурий таъминоти самарадорлигини баҳолаш мезонлари ва тамойиллари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ишлаб чиқилган ахборот узатиш тизимини лойиҳалаш босқичида бошқарув ҳисоблаш воситаларини танлаш ва ўтказувчанлик қобилиятини баҳолаш босқичларини ўз ичига олган алгоритм асосида:
Муборак газни қайта ишлаш заводининг 14-сонли цехининг олтингугуртни тозалаш блокларининг технологик жараёнларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими, шунингдек Муборак нефт ва газ қазиб олиш бошқармаси “Алан” конида газни комплекс тайёрлаш қурилмалари учун ахборот узатиш тизими тугунларини лойиҳалаш жараёнида БҲВларининг реал ишлаш хусусиятини ҳисобга олган ҳолда қимматбаҳо дала тажрибаларини ўтказмасдан танлашда ишлатилган (Рақамли технологиялар вазирлигининг 2024-йил 23-октябрдаги 33-8/7166-сонли маълумотномаси). Натижада, тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш жараёнида, лойиҳалаш вақтини 20-30 фоизга қисқартириш имконини берди;
ишлаб чиқилган аналитик ва имитацион моделлар, шунингдек, технологик дастурларнинг белгиланган ва динамик нисбий устуворликка эга бошқарувчи ҳисоблаш воситаларининг турли тузилмалари учун статистик моделлаштириш алгоритмлари “Марcос софт” МЧЖда лойиҳалаштирилаётган истиқболли маҳаллий маълумотларни узатиш тармоқларининг ҳисоблаш воситалари ўтказувчанлик қобилиятини баҳолаш учун фойдаланилган (Рақамли технологиялар вазирлигининг 2024-йил 23-октябрдаги 33-8/7166-сонли маълумотномаси). Натижада, ахборотларни узатиш тизимидаги БҲВларининг параметрларини оптимал танлаш, ҳамда лойиҳалаш вақтини 20% га қисқартириш имконини берди, шунингдек, лойиҳалаштирилаётган маҳаллий ахборотларни узатиш тизими ишлашининг ишончлилик даражасини 15-20% га оширди.