Хайдаров Равшан Мирзакалановичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Аудиторлик текширувларида ташқи сифат назоратини такомиллаштириш”, 08.00.08 – “Бухгалтерия ҳисоби, иқтисодий таҳлил ва аудит”.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.1.PhD/Iqt2804.
Илмий раҳбар: Тўраев Абдурахим Нортожиевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкет давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/10.12.2019.I.16.01.
Расмий оппонентлар: Ахмеджанов Каримжон Бакиджанович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Ташназаров Самиддин Низамович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: аудиторлик текширувларида ташқи сифат назоратини такомиллаштиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
аудиторлик фаолиятида йўл қўйиладиган қоидабузарликларни жиддийлик даражасига ва Аудитнинг халқаро стандартлари кесимида гуруҳлаш мезонларини қўллаш таклифидан аудиторлик текширувлари сифатини баҳолашда фойдаланиш асосланган;
аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари ўтказган аудиторлик текширувлари сифатини ташқи назорати натижаларига баллик баҳолаш тизимини жорий этиш орқали аудиторлик ташкилотларини тўрт гуруҳга ажратиш таклиф этилган;
аудиторлик текширувларини ташқи сифат назоратидан ўтказишда, ташқи сифат назоратининг самарадорлигини ошириш мақсадида, таваккалчилик тамойилини қўллаш таклиф этилган;
аудиторлик ташкилотининг ички стандартларини Аудитнинг халқаро стандартларига қиёслаб қайта ишлаб чиқиш аудиторлик текширувларини сифатини ошириши асосланган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Аудиторлик текширувларининг сифатини ошириш, аудитнинг ташқи сифат назорати тартибини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
аудиторлик ташкилотлари фаолиятида йўл қўйиладиган қоидабузарликларни жиддийлик даражасига кўра баҳолаш ва Аудитнинг халқаро стандартлари асосида гуруҳлаш мезонларидан фойдаланиш таклифи Ўзбекистон аудиторлар палатаси томонидан аудит сифатининг ташқи назорати бўйича ишлаб чиқилган услубий ҳужжатларда фойдаланилди (Ўзбекистон аудиторлар палатасининг 2022 йил 15 сентябрдаги 15/09-1-сон маълумотномаси). Мазкур таклифни аудит сифатининг ташқи назорат тизимига жорий этилиши аудиторлик ташкилоти фаолиятидаги қоидабузарликларни аниқлаш ва баҳолашда ягона ёндашувни, ҳамда объективликни таъминлади;
аудиторлик текширувлари сифатининг ташқи назоратида текшириш натижаларида баллик баҳолаш тизимини қўллаш ва олинган баллар сонига қараб аудиторлик ташкилотларини тўрт гуруҳга ажратиш таклифи Ўзбекистон аудиторлар палатасининг аудит сифатини ташқи назоратида қўлланилди (Ўзбекистон аудиторлар палатасининг 2022 йил 15 сентябрдаги 15/09-1-сон маълумотномаси). Аудиторлик текширувлари сифатини баҳолаш натижасида аудиторлик ташкилотларига берилган умумий баллар сонига қараб улар 4та гуруҳга ажратилди;
аудиторлик текширувлари сифатини ташқи назоратдан ўтказиш жараёнини автоматлаштириш мақсадида, таваккалчилик тамойили асосида ишлаб чиқилган электрон дастур Ўзбекистон аудиторлар палатаси томонидан аудит сифатини ташқи назорати тизимига қабул қилинди (Ўзбекистон аудиторлар палатасининг 2022 йил 15 сентябрдаги 15/09-1-сон маълумотномаси). Ўзбекистон Республикасининг Дастурий маҳсулотлар давлат реестрида 2024 йилнинг 17 майида ДГУ 38185-сон билан рўйхатга олинган. Мазкур дастур аудиторлик текширувлари сифатини ташқи назорати жараёнини автоматлаштириш, иш ҳажмини оптималлаштириш ва вақтни тежашга имконият яратди.
аудиторлик ташкилотининг Аудитнинг халқаро стандартларига қиёслаб қайта ишлаб чиқилган ички стандартлари Ўзбекистон аудиторлар палатаси томонидан қабул қилинди (Ўзбекистон аудиторлар палатасининг 2022 йил 15 сентябрдаги 15/09-1-сон маълумотномаси). Ишлаб чиқилган 30та ички стандартлар “НОРМА” электрон ҳуқуқий-ахборот тизимига оммавий фойдаланиш учун жойлаштирилди. Мазкур ички стандартлар услубий қўлланмалар бўлиб, аудиторлик текширувларини ўтказиш босқичларини стандартлаштиришга, аудит ҳажмини оптималлаштиришга, аудитнинг сифатини оширишга имконият яратди.