Sayt test rejimida ishlamoqda

Расулов Шухрат Хўжақуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Томат маҳсулотини паст ҳароратда қуритиш жараёни ва аппаратини такомиллаштириш», 02.00.16 – Кимё технологияси ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш жараёнлари ва аппаратлари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.3.PhD/Т3040.
Илмий раҳбар: Джураев Хайрулло Файзиевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Бухоро муҳандислик-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Бухоро муҳандислик-технология институти, DSc 03/28.02.2022.Т101.01. 
Расмий оппонентлар: Нурмухамедов Хабибулла Сагдуллаевич, техника фанлари доктори, профессор; Сафаров Жасур Эсиргапович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади: паст ҳароратли қуритиш усулини қўллаш асосида томат мевасини энергия тежамкор қуритиш  жараёни ва қурилмасини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қуритиш жараёнидаги технологик параметрларни назорат қилиш ва автоматик бошқариш тизимига асосланган экспериментал синов қурилмаси ишлаб чиқилган;
томат мевасининг ички қатламидаги суюқлик томчиларининг молекуляр ҳаракатини тезлаштиришда ИҚ - нурнинг λ = 0,75 ÷ 1,1 мкм тўлқин узунлиги диапазонида (+50-25+45-180+50-25+45) дастлабки импулсли ишлов бериш режими, маҳсулот юзасидаги намликнинг чиқишини  жадаллаштиришда λ = 2,4 ÷ 2,8 мкм тўлқин узунлиги диапазонида узлюксиз қуритиш режимлари асосланган;
текстураси юмшоқ эгулувчан структурага эга бўлган, томат мевасини 10 % лимон кислотаси эритмасида 20 дақиқа давомида ишлов бериш, 10 дақиқа тиндириш ва паст ҳароратли (58 ÷ 62 0C) иссиқлик режими асосида қуритиш жараёни экспериментал асосланган;
дастлабки ишлов бериш ва қуритиш жараёнида маҳсулот қатламлари бўйича температура ва намлик ўзгаришини ифодаловчи математик модел ишлаб чиқилиб, математик моделлаштириш ҳамда қуритиш жараёнининг оптимал режимлари асосида энергиятежамкор қуритиш жараёни ва қурилмаси такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Томат маҳсулотини паст ҳароратда қуритиш жараёни ва аппаратини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
паст ҳароратда томат маҳсулотини қуритишга мўлжалланган ярим саноат қурилма Ўзбекистон-Қозоғистон “Гала Ривер” қўшма корхонасида жорий қилинган (Ўзбекистон озиқ-овқат саноати уюшмасининг 2024-йил 02-февралдаги № 02-13/02-24-сонли маълумотномаси). Натижада, такомиллаштирилган қуритиш қурилмасини қўллаш орқали узоқ муддатли сақланиш имкониятига эга бўлган қуритилган томат маҳсулотини олиш имконини берган;
нурланиш спектрининг мақбул тўлқин узунликлари диапазонида томат маҳсулотини паст ҳароратда қуритишга мўлжалланган қурилма “ЛИВАДИЯ-БУКҲАРА” МЧЖ да жорий этилган (Ўзбекистон озиқ-овқат саноати уюшмасининг 2024-йил 02-февралдаги № 02-13/02-24-сонли маълумотномаси). Натижада, маҳсулот массасининг бирлик юзадаги миқдори 9,5 ÷ 10,2 кг ташкил этганда  сарфланаётган энергия миқдори маҳсулот таркибидан 1 кг намликни чиқариб юбориш учун - 0,56 кВт/соатни, 1 кг тайёр қуруқ маҳсулот учун эса - 0,49 кВт/соатни ташкил этиб натижада энергия самарадорлигини 1,2 ÷ 1,5 марта ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish