Кадиров Илхом Абдуллаевичнинг
Патентлар асосида ўтказиладиган
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи) “Талаб этилган хоссалар кўрсаткичларига эга бўлган цемент композитларининг ресурстежамкор технологиялари”, 05.09.05 - Қурилиш материаллари ва буюмлари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: №В2024.4.DSc/Т861
Илмий маслаҳатчи: техника фанлари доктори, профессор Адилходжаев Анвар Ишанович
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат транспорт университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат транспорт университети, DSc15/31.08.2022.Т.73.04
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади кимёвий полифунксионал модификаторлар ва техноген келиб чиқишга эга бўлган майда дисперсли минерал қўшимчалардан фойдаланган ҳолда эксплуатацион хоссалари яхшиланган цемент композитларини, яъни композицион боғловчи, органоминерал қўшимча, ноавтоклав газобетон, шунингдек, опалубкасиз қолиплаш технологияси учун иссиқлик билан ишлов беришнинг кам қиздириладиган технологияси учун бетон қоришмаси таркибларини ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
техноген минерал микротўлдирувчилар ва кимёвий қўшимчалардан фойдаланиш ҳисобига гидратация ва қотиш жараёнларини йўналтирилган бошқариш орқали талаб этилган хоссалар кўрсаткичларига эга бўлган янги авлод илгари қурилиш буюмларини ишлаб чиқаришда қўлланилмаган цемент композитларини лойиҳалаш имконини бериши ҳақидаги илгари сурилган гипотеза исботланган;
илк маротаба турли дисперслик ва сирт фаолликдаги бинар минерал микротўлдиргич ва полифунксионал қўшимчалардан фойдаланиш асосида цемент тоши коррозиясининг асосий турларига чидамлилиги юқори бўлган, шунингдек, бетоннинг 12-24 соат ва 28 кунлик ёшида юқори мустаҳкамлик кўрсаткичлари билан ажралиб турувчи ресурс- ва энергиятежамкор клинкерли гипссиз композицион боғловчи таркиби ишлаб чиқилган (№Уз ИАП 7709);
илк маротаба техноген минерал чиқинди ва кимёвий модификаторлар асосида ғовак структурасини йўналтирилган модификациялаш ҳисобига цемент боғловчиси сарфини камайтириш, унинг асосидаги бетоннинг музлашга бардошлилигини ва сув ўтказмаслигини оширишни таъминлайдиган комплекс органоминерал қўшимча ишлаб чиқилган (№УЗ ИАП 7876);
илк маротаба техноген чиқиндилар ва полифунксионал модификатор асосида талаб этилган физик-механик хоссаларга ва паст таннархга эга бўлган конструксион ва конструксион-иссиқлик изоляцион ноавтоклав газобетон ишлаб чиқариш учун хомашё аралашмаси ишлаб чиқилган (№УЗ ИАП 7877);
илк маротаба опалубкасиз қолиплаш усули билан йиғма темир-бетон тайёрлаш учун талаб этилган реологик хоссалар ва таркибга эга бўлган, темир-бетон буюмлар ва конструксияларни тайёрлашнинг кам қиздириладиган технологиясига ўтиш имконини берувчи бетон қоришмаси таркиби ишлаб чиқилган (№УЗ ФАП 02246).
IV. Тадқиқот натижаларини жорий қилиниши. Талаб этилган хоссалар кўрсаткичларига эга бўлган цемент композитларининг ресурстежамкор технологиялари бўйича олинган натижалар асосида қуйидаги ишланмалар амалиётга жорий қилинди:
клинкер, нисбий сирт юзаси Суд=9000-11000 см2/г бўлган микрокремнезем, нисбий сирт юзаси Суд=2000-2200 см2/г ни ташкил этган оҳактошли асосидаги микротўлдиргич, шунингдек, CЕМЕНТМИХ АC кимёвий қўшимчани ўз ичига олган олдиндан белгиланган хоссалар кўрсаткичларига эга бўлган композицион боғловчи илк маротаба ишлаб чиқилган ва “ШЕРОБОД ЦЕМЕНТ ЗАВОДИ” МЧЖда ишлаб чиқаришда жорий этилган ("Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмасининг 07.03.2025-йилдаги 02/15-820-сон маълумотномаси). Ушбу корхонада 06.03.2024 йилдан 30.12.2024 йилгача бўлган даврда УзИАП7709 рақамли "Композицион боғловчи" ихтиро патентига мувофиқ умумий қиймати 43 млн. сўм бўлган 100 тонна тажриба-синов партияси ишлаб чиқарилди. Натижада янги таркибли композицион боғловчини ишлаб чиқаришга жорий этиш орқали 5,8 млн. сўм иқтисодий самарадорликка эришилган;
нисбий сирт юзаси 4000-4200 см2/г ни ташкил қилувчи майдаланган қолип чиқиндилари, CЕМЕНТМИХ АР, ВОДОМИХ дан иборат бетон қоришмаси учун комплекс органоминерал қўшимча "БИНОКОР ТЕМИРБЕТОН СЕРВИС" МЧЖ ҚКда амалиётга жорий этилган. Ушбу корхонада 23.06.2024 йилдан 30.01.2025 йилгача бўлган даврда УЗ ИАП 7876-сонли "Бетон қоришмаси учун комплекс органоминерал қўшимча" ихтиро патентига мувофиқ 3500 дона ФБС12.4.6-Т маркали ертўла деворлари учун бетон блоклар партиясининг тажриба-саноат партияси ишлаб чиқарилган. ("Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмасининг 07.03.2025-йилдаги 02/15-820-сон маълумотномаси). Натижада янги таркибли комплекс органоминерал қўшимчани ишлаб чиқаришга жорий этиш орқали 265 млн. сўм иқтисодий самарадорликка эришилган;
ноавтоклав газобетон олиш учун цемент, олдиндан биргаликда 2000-2200 см2/г нисбий сирт юзагача майдаланган таркибида фаол алюминий бўлган алюминий саноатининг иккиламчи шлаклари ва металлургия саноатининг қолип шлаклари, шунингдек, гидратли оҳак, ПОЛИМИХ ЖБИ полифунксионал қўшимчаси, сувни ўз ичига олган хомашё аралашмаси асосида ноавтоклав газобетон қоришмаси "ШАҲРИЁР ИСЛОМОВ" МЧЖда амалиётга жорий қилинган. ("Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмасининг 07.03.2025-йилдаги 02/15-820-сон маълумотномаси). Натижада янги таркибли ноавтоклав газобетонни ишлаб чиқаришга жорий этиш орқали 465 млн. сўм иқтисодий самарадорликка эришилган;
темирбетон буюмлар ва конструксияларни тайёрлашнинг кам қиздириладиган технологиялари учун талаб этилган реологик хоссаларга эга бўлган цемент, шағал, қум, ПОЛИМИХ ЖБИ полифунксионал модификатори, сув ва 3000-3200 см2/г нисбий сирт юзасигача майдаланган пўлат эритиш чиқиндилари асосидаги минерал микротўлдиргичдан ташкил топган бетон қоришмаси "БИНОКОР ТЕМИРБЕТОН СЕРВИС" МЧЖ ҚКда амалиётга жорий қилинган ва у асосида опалубкасиз қолиплаш технологияси бўйича буюмлар ва конструксиялар ишлаб чиқарилган ("Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмасининг 07.03.2025-йилдаги 02/15-820-сон маълумотномаси). Натижада умумий қиймати 11,37 млрд. сўмлик ораёпма плиталари ишлаб чиқарилди ва 1145 млн. сўмлик иқтисодий самарадорликка эришилган.