Жумаев Илҳом Ҳамроевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қутадғу билиг” асарида Ўзғурмиш образининг поетик талқини”, 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.4.PhD/Fil2873
Илмий раҳбар: Тўхлиев Боқижон, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01.
Расмий оппонентлар: Шодмонов Нафас Номозович, филология фанлари доктори, профессор; Бозорова Насиба Пўлатжоновна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (Пҳ), доцент Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ўзбек тили, адабиёти ва фолклор институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асаридаги Ўзғурмиш образининг поетик талқинларини аниқлаш ва илмий асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўзғурмиш образининг “Қутадғу билиг” сужети ва образлар тизимида тутган ўрни ҳамда Кунтуғди ва Ўзғурмиш образлари муносабати замирида шоҳ ва гадо тизими туриши мисоллар орқали асосланган;
зуҳд мотивининг “Қутадғу билиг” достонига таъсири ва Ўзғурмиш образининг зуҳд мавзуси доирасидаги ахлоқий-дидактик талқинлари зуҳдиёт масаласининг моҳияти, зоҳидлик ҳаракати тарихини ёритиш ҳамда улуғ зоҳидларнинг қарашлари асосида очиб берилган;
Ўзғурмишнинг комил зоҳид образи эканлиги зуҳднинг даражалари ва зоҳидларнинг мартабалари – зуҳди хойифон, зуҳди рожиён ва зуҳди дўстонга оид қарашлар мисоллар орқали асосланган;
Юсуф Хос Ҳожибнинг Ўзғурмиш образи тасвирида юксак поетик маҳорат кўрсатгани Ўзғурмиш образи ва дунё тимсоли муносабати, ирсоли масал, тамсил ва ташбиҳ каби бадиий тасвир воситалари мисолида далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
“Қутадғу билиг” асарида Ўзғурмиш образининг поетик талқини бўйича олинган илмий натижалар:
“Қутадғу билиг” асарининг тузилиши, поетик хусусиятлари, образлар (шу жумладан, Ўзғурмиш образи) талқини, бадиий ўзига хослигига доир маълумотлар ва илмий хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021–2023 -йилларда бажарилган ПФ-201912258 рақамли “Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил 2-майдаги 04/1-1148-сонли маълумотномаси). Натижада мазкур платформанинг ўзбек адабиёти тарихига доир ўринлари тўлдирилган, янги маълумотлар билан бойитилган.
“Қутадғу билиг” асари лингводидактик характердаги умумтуркий манба ҳисобланади. Асардаги лингводидактик материаллар: мақоллар, афоризмлар, иборалардан ва унга доир хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2019–2022-йилларда бажарилган ПЗ-2020042022 рақамли “Туркий тилларнинг лингводидактик электрон платформасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил 2-майдаги 04/1-1147-сонли маълумотномаси). Натижада платформадаги туркий тиллар тарихида қўлланилган мақол, афоризм, фраземаларнинг акс этиши ушбу электрон дастурнинг бойишига хизмат қилган.