Sayt test rejimida ishlamoqda

Улуғов Нурали Абдулла ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистонда спичрайтер фаолияти ва уни такомиллаштириш механизмлари” мавзусидаги 23.00.02 – “Сиёсий институтлар, жараёнлар ва технологиялар”.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.4.PhD/Ss452
Илмий раҳбар: Саидолимов Саидхон Талъат ўғли. Сиёсий фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик университети, DSc/03/29.12.2022/Ss.21.02
Расмий оппонентлар: Султонова Эътибор Сиддиқовна, с.ф.д., профессор; Омонов Бахтиёр Ахтамович, с.ф.д., профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Халқаро ислом академияси.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда спичрайтер фаолияти ва уни такомиллаштириш механизмларини тадқиқ этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, хусусан, давлат ва жамият бошқарувидаги шаффофлик ва ошкоралик, ички ва ташқи сиёсатдаги очиқлик ва прагматизм шароитида давлатнинг халқ билан ўзаро сиёсий коммуникациясида янги давр бошлангани, бу жараёнда спичрайтер алоҳида сиёсий институт сифатида юзага келаётгани илк бор сиёсатшунослик фанлари контекстида илмий-назарий жиҳатдан асосланган;
Янги Ўзбекистонда демократик тамойиллар асосида халқ билан очиқ, ишончли ва самарали мулоқот ўрнатиш, инсонларни ўйлантириётган ўткир ва долзарб муаммоларга биргаликда ечим топиш, уларни умумий мақсад ва қадриятлар атрофида бирлаштиришда спичрайтер институти ўзига хос сиёсий технологиялардан бири эканлиги очиб берилган;   
Ўзбекистонда спичрайтер фаолиятини “халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши зарур” деган тамойил асосида ташкил этиш, шунингдек, давлат раҳбарига таъсирчан ва ишончли сиёсий нутқ ва маъруза матнларини тайёрлашда илғор хорижий тажрибалар, янги усул ва услублар, замонавий технология ва механизмларни амалиётга кенг тадбиқ этишга доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган;    
Давлат раҳбарлари ва ҳукумат аъзолари, сиёсий партиялар етакчилари, маҳаллий ҳокимият вакилларининг фуқаролар билан самарали ва ишончли мулоқотни йўлга қўйиш, сиёсий мулоқот маданиятини ривожлантиришда спичрайтер ва матбуот хизматлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш ҳамда уни замон талаблари асосида такомиллаштириш зарурияти далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистонда спичрайтер фаолияти ва уни такомиллаштириш механизмлари бўйича ишлаб чиқилган амалий таклиф ва тадқиқот натижалари асосида:
сиёсий етакчиларнинг халқ ва давлат ўртасидаги самарали мулоқотини йўлга қўйиш, инсонларни ўйлантираётган ўткир ва долзарб муаммолар ечимига қаратилган нутқларни тайёрлашда илғор хорижий тажриба асосида янги усуллар, ёндашув ва технологияларни, таъсирчан механизмларни амалиётга жорий этиш юзасидан ишлаб чиққан илмий натижаларидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг расмий нутқ ва чиқишлари, халқаро ташрифлари чоғидаги маъруза ва баёнотлари лойиҳаларини тайёрлаш  жараёнида, шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг Спичрайтер фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ҳуқуқий ҳужжат – Спичрайтернинг лавозим йўриқномаси ҳамда иш дастурини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2024 йил 23 майдаги
1-сонли далолатномаси). Натижада Олий Мажлис Сенати раиси Спичрайтери фаолиятида давлат ва жамият ҳаётининг долзарб ва ўткир муаммоларини ҳар томонлама пухта ўрганиш, аниқ далил ва рақамлар таҳлили асосида ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш механизми йўлга қўйилиб, халқ вакилларининг халққа очиқ ва эркин бўлиши, уларнинг нутқ ва маърузаларини кенг жамоатчиликка холис ва таъсирчан етказишда илмий-назарий ва амалий жиҳатдан хизмат қилмоқда.
Ўзбекистоннинг ижобий имиджини янада ошириш, давлат ва жамият бошқарувида шаффофлик, очиқлик ва эркинликни таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Спичрайтери бўлинмаси фаолиятини янада такомиллаштириш, таъсирчан сиёсий технология сифатида давлат раҳбарининг сиёсий нутқларининг аниқ мақсадаларга қаратилганини таъминлаш, ташқи ва ички сиёсий жараёнларга таъсирини ошириш, илғор хорижий тажрибалар асосида Ўзбекистонда спичрайтер фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган илмий ва амалий таклифларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий чиқишлари, нутқ ва маърузалари лойиҳаларини ишлаб чиқишда, давлат ва жамият тараққиёти билан боғлиқ ўта нозик ва долзарб мавузларга бағишланган “Ахборотнома” махсус таҳлилий тўпламини мунтазам равишда тайёрлаб боришда, шунингдек,  бўлинма ходимларининг билим ва малакаларини ошириш мақсадида “Спичрайтинг – муҳим сиёсий инструмент” (“Спичрайтинг – как важный политический инструмент”) номли ўқув-услубий қўлланмасини яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2024 йил 21 майдаги 17-1-933-сонли далолатномаси). Натижада Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Спичрайтери бўлинмаси фаолиятини назарий, амалий ҳамда илмий-услубий жиҳатдан таъминлашга, ходимларнинг билим ва кўникмаларини оширишга  хизмат қилмоқда.  
Мамлакатимизда юз бераётган муҳим ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиқ ва таъсирчан шаклда оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказиш, жамият ҳаётига оид долзарб муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга оид илмий натижалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан  вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шаҳар ва туман ҳокимликлари ахборот хизматлари раҳбарлари ва мас'ул ходимлари малакасини ошириш учун ташкил этилган семинар-тренингларда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг 2024 йил 23 майдаги 18/1-06-3091-сонли далолатномаси). Диссертация натижаларининг амалиётга жорий этилиши республика идораларининг ахборот хизматлари вакиллари ва матбуот соҳаси ходимларининг билим ва малакаларини оширишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish