Султанов Муроджон Қиличовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини геоинформацион алгоритмлар, аэрокоcмик ва картографик услубларда моделлаштиришнинг илмий-амалий асослари», 11.00.06 - Геодезия. Картография (география фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.4.DSc/Gr59.
Илмий маслаҳатчи: Сафаров Эшкобул Юлдашевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Урганч давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги DSc.03/30.12.2019.Gr.01.06 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Фазилова Дилбархон Шамурадовна, физика-математика фанлари доктори, профессор; Тураев Рухиддин Амиркулович, техника фанлари доктори, профессор; Рафиқов Вахоб Асомович, география фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Хоразм вилояти қишлоқ хўжалиги экин ерларини оптималлаштириш ва уларнинг ҳосилдорлигини ошириш бўйича геоинформацион, аэрокосмик ва картографик моделлаштириш ва улардан фойдаланишнинг методикасини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
геоинформацион алгоритмлар ва сунъий йўлдош спектрал маълумотлари асосида юқори вақт серияли ва ҳудудий аниқликдаги синтезланган Sentinel-2 сунъий йўлдош суратларини ишлаб чиқиш ҳамда топографик хариталари WGS-84 координаталар тизимига ўтказиш услуби такомиллаштирилган;
Хоразм вилояти тупроқ-иқлим шароитида етиштириладиган кузги буғдой навларининг генетик ва экологик омиллари экинлар ўсиш жараёнига асосланган DSSAT модели ёрдамида мувофиқлаштирилган ва унинг қўлланилиш методикаси ишлаб чиқилган;
дала тадқиқотлари, сунъий йўлдош спектрал маълумотлари ва геоинформацион алгоритмлар асосида кузги буғдой навлари экин ерлари жойлашувини таснифлаш услуби такомиллаштирилган;
геоинформацион алгоритмлар, дала тадқиқотлари ва синтезланган Sentinel-2 сунъий йўлдош спектрал маълумотлари асосида кузги буғдой навлари ҳосилдорлик кўрсаткичларини баҳолашнинг регрессион моделлари ишлаб чиқилган;
дала тадқиқот намуналарини сунъий йўлдош маълумотлари билан ўзаро боғлиқлигини кластерлаш ва геоинформацион алгоритмларнинг экин моделлари интеграцияси асосида қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини регионал баҳолашнинг картографик услуби ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Хоразм воҳаси тупроқ-иқлим шароитида кузги буғдой навлари ҳосилдорлигини моделлаштиришнинг геоинформацион ва аэрокосмик услубларини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
геоинформацион алгоритмлар ва сунъий йўлдош спектрал маълумотлари асосида юқори аниқликдаги синтезланган Sentinel-2 сунъий йўлдош суратлари ҳамда топографик хариталари, WGS-84 координаталар тизимида ишлаб чиқилган услуби Қишлоқ хўжалиги вазирлигида қишлоқ хўжалиги экинларини мониторинг қилиш амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ Хўжалик вазирлигининг 2024 йил 18 январдаги 06/25-25-05/281-сон маълумотномаси). Натижада, қишлоқ хўжалик экин майдонлари мониторинг қилиш учун юқори аниқликдаги сурталардан фойдаланиш имконияти ошган;
Хоразм вилояти тупроқ-иқлим шароитида етиштириладиган кузги буғдой навлари экологик омиллари экинлар ўсиш жараёнига асосланган DSSAT модели ёрдамида мувофиқлаштирилган ва унинг қўлланилиши бўйича ишлаб чиқилган методикаси Қишлоқ Хўжалик вазирлигида Хоразм вилояти қишлоқ хўжалик бошқармаси пахта ва ғаллачилик бўлимида агротехнологияларни оптималлаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ Хўжалик вазирлигининг 2024 йил 18 январдаги 06/25-25-05/281-сон маълумотномаси). Натижада, ишлаб чиқилган илмий ишланмалар асосида Хоразм воҳаси шароитида кузги буғдой етиштиришнинг оптимал вариантлари аниқланган. Сув тақчил шароитларда сувдан оқилона фойдаланишнинг ҳудудий жиҳатлари юқори ҳосил олиш имконини берган;
дала тадқиқотлари, сунъий йўлдош спектрал маълумотлари ва геоинформацион алгоритмлар асосида кузги буғдой навлари экин ерлари жойлашувини таснифлаш услуби бўйича ишлаб чиқилган ҳариталар асосида суғориш сувини ҳудудий тақсимотини мониторинг қилишда «Амударёчапқирғоқ» ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ Хўжалик вазирлигининг 2024 йил 18 январдаги 06/25-25-05/281-сон маълумотномаси). Натижада, ғалла экин майдонларига сув тақсимотини белгилаш самарадорлигини яхшиланишига хизмат қилган.
сунъий йўлдош тасвирлари, дала тадқиқотлари, геоинформацион алгоритмлар ва экин моделлари интеграцияси асосида кузги буғдой навлари ҳосилини регионал баҳолаш ва ишлаб чиқилган ҳосилдорлик хариталари Қишлоқ Хўжалик вазирлигида Хоразм вилояти қишлоқ хўжалик бошқармаси ер тузиш бўлими амалиётида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ Хўжалик вазирлигининг 2024 йил 18 январдаги 06/25-25-05/281-сон маълумотномаси). Натижада, кузги буғдой навлари ҳосилдорлик хариталари асосида жуда паст ҳосилдор бўлган ер майдонларида экинларни жойлаштиришни оптималлаштиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish