Набиев Фирузжон Хамидовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормаларининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига имплементацияси”, 12.00.10 – Халқаро ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.4.PhD/Yu223.
Илмий раҳбар: Тошев Бобоқул Норқобилович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази, DSc.07/27.02.2020.Yu/108.01.
Расмий оппонентлар: Умарханова Дилдора Шарипхановна, юридик фанлар доктори (DSc), профессор; Юнусов Ҳайдарали Муратович, юридик фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат юридик университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ушбу соҳадаги долзарб муаммоларни ўрганиш орқали (тадқиқот предметини ташкил этувчи масалалар доирасида) интеллектуал мулк соҳасида халқаро ҳуқуқ нормаларини имплементация қилишнинг миллий ҳуқуқий механизмини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
юридик адабиётларда “интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормалари”, “интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормаларини имплементация қилиш”, “интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормаларини имплементация қилиш механизми”, “интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро стандартлар” каби тушунчаларнинг ягона таърифи мавжуд эмаслиги асослантирилган;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимига терговга қадар текшириш институти жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг интеллектуал мулк соҳасидаги амалдаги қонунчилигида мазкур институтга оид нормалар мавжуд эмаслиги асослантирилган;
ТРИПС келишувининг 41-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда амалдаги қонунчиликда гувоҳларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларидан келиб чиққан ҳолда интеллектуал мулк обектларига бўлган мутлақ ҳуқуқларнинг бузилиши фактини расмийлаштириш тартибида такрорланувчи қоидалар мавжудлиги асослантирилган;
интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормалари асосида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида ажратилган аризаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳуқуқий бўшлиқ мавжудлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Диссертация ишида кўрсатилган таклиф ва тавсиялардан қуйидагиларда фойдаланилди:
“суриштирув” деган сўзни “терговга қадар текширув, суриштирув” деган сўзлар билан алмаштириш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2019-йил 23-майдаги ЎРҚ-542-сон “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонунининг 22-моддаси 1-бандини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентларо алоқалар Қўмитасининг 2021-йил 13-январ кунги 10/1-46-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши исботлаш мақсадида жиноят-процессуал ҳаракатларини олиб борилишини халқаро ҳуқуқ стандартларга мос равишда ташкил этилиши билан нафақат суриштирув, балки терговга қадар текширув босқичида ҳам далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашдан иборат амалиётни қўлланилишига имкон яратган;
холислар ўзининг ҳозирлигида амалга оширилган ҳаракатлар факти, мазмуни, ва натижаларини далолатномада тасдиқлаши шартлиги, улар амалга оширилган ҳаракатлар юзасидан далолатномага киритилиши лозим бўлган фикр-мулоҳазалар билдиришга ҳақли деган сўзларни чиқариб ташлаш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2022-йил 2-февралдаги ЎРҚ-749-сон “Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг 2-моддаси 1-бандини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг 2022-йил 20-апрелдаги 04/7-10-сон далолатномаси). Ушбу таклиф интеллектуал мулк обектларига мутлақ ҳуқуқлар бузилган тақдирда процессуал расмиялаштириш тартибини аниқлаштириш имконини берган;
ажратилган талабнома талабнома берувчи томонидан дастлабки талабнома бўйича қарор қабул қилингунга қадар топширилади, ажратилган талабномада кўрсатилган товарлар дастлабки талабномада қолдирилган товарлар билан бир хил бўлмаслиги лозимлиги тўғрисидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 19-сентябрдаги 480-сон қарори 1-иловаси билан тасдиқланган Товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларини рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентининг 48-банди 2-кичик бандини, ажратилган талабномада кўрсатилган товарларнинг товар белгисига топширилган дастлабки талабномада мавжудлиги ҳақидаги таклифидан мазкур Маъмурий регламентнинг 78-банди 2-кичик бандини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот-таҳлил ва юридик таъминлаш департаментининг 2024-йил 2-февралдаги 12-15-13-сонли далолатномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлган товар ва/ёки хизматларнинг бир қисмига нисбатан товар белгисини ўтказиш учун ажратилган талабномага нисбатан илтимоснома бериш, ажратилган талабномани рўйхатга олиш, мазкур талабномани кўриб чиқиш (давлат экспертизасидан ўтказиш) ва якуний қарор қабул қилиш тартибини белгилашда хизмат қилган.