Абдурашидов Шахриёр Машрабжон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Кон ишлари ва уюмлаб ишқорлашнинг техноген ҳосилаларини, қазиб олиш технологияси ва технологик схемаларини асослаш», 04.00.10 – Геотехнология (очиқ, ер ости ва қурилиш) (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.2.PhD/Т2625.
Илмий раҳбар: Тухташев Алишер Баходирович, техника фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, DSc.17/04.06.2021.Т.06.02.
Расмий оппонентлар: Заиров Шерзод Шарипович, техника фанлари доктори, профессор; Очилов Шуҳратулла Атоевич, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: кон ишлари ва уюмлаб ишқорлашнинг техноген ҳосилаларини қазиб олишда иқтисодий тежамкор технологияни ва технологик схемани асослаш ва ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
техноген ҳосилаларни қазиб олишда технологияни ва технологик схемаларни танлаш учун асос бўладиган техноген хомашё тури, сифати ва йириклигининг асосий диапазонини ҳисобга олган ҳолда ер юзасидаги техноген конларнинг таркибий турланиши асосланган;
маъдан-тоғ жинсли техноген ҳосилаларни қазиб олишнинг турли вариантларининг технологик схемалари ишлаб чиқилган ва қўлланиладиган ускуналарнинг тури, қазиб олиш усули, массивнинг тавсифи ва техноген хомашёнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда уларни танлаб ва ялпи қазиш учун қазиб олиш технологиялари асосланган;
кон массасининг ҳажми ва оптимал ўртача миқдорини аниқлаш учун ҳисоблаш методикасининг назарий асослари асосланган ҳамда ҳисоблаш натижалари асосида кон массасининг ҳажми ва оптимал ўртача миқдори бир вақтнинг ўзида бир неча ярусларни биргаликда қазиб олишда ва штабелни бутун баландлиги бўйича қазиб олишда эришилиши аниқланган;
уюмлаб ишқорланган штабелни қазиб олиш учун, кон массасини танлаб қазишни таъминлайдиган технологиялар ва технологик схемалар ишлаб чиқилган, ҳамда штабелни икки ярусга бўлиб қазиб олиш учун юклагичлар ва роторли экскаваторни конвеер транспорти билан биргаликда қўллаш орқали металнинг оптимал ўртача миқдорига эришилиши исботланган;
ишлаб чиқилган технологик схемаларда, яъни баландлик бўйича юқоридан пастга маъданни суришда самарали масофани таъминлаган ҳолда штабелни кесишда булдозерларнинг оптимал ва хавфсиз ишлаш бурчаклари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Кон ишлари ва уюмлаб ишқорлашнинг техноген ҳосилаларини, қазиб олиш технологияси ва технологик схемаларини асослаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
маъдан-тоғ жинсли техноген ҳосилаларни қазиб олиш технологиялари ва технологик схемаларининг унумдорлигини ҳисоблаш методикаси «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖнинг «ОУЕЎС» конида жорий этилган (Навоий кон-металлургия комбинати АЖнинг 2024 йил 9 сентябрдаги 23/01-01-07/534-сон маълумотномаси). Натижада техноген ҳосилани ним поғоналар билан ҳамда бутун баланлиги бўйича қазиб олишда, конвеер мажмуасини қайта ўрнатиш вақтини ҳисобга олувчи коеффициент киритилган;
уюмлаб ишқорланган штабелни тўлиқ баландлиги бўйича ва икки ярусга бўлиб қазиб олишда кесишнинг хавфсиз бурчагини аниқлаш учун графоаналитик усули «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖнинг «ОУЕЎС» конида жорий этилган (Навоий кон-металлургия комбинати АЖнинг 2024 йил 9 сентябрдаги 23/01-01-07/534-сон маълумотномаси). Натижада хавфсиз кесиш бурчаги, кон массасини суриш масофаси, кон-капитал ишларининг юзаси ва ҳажми аниқланган;
таркибий синфланиши ишлаб чиқилган ва маъдан омборларини ҳамда уюмлаб ишқорланган чиқиндиларни танлаб ва ялпи қазиш учун қазиб олиш технологиялари ва технологик схемалари «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖнинг «ОУЕЎС» конида жорий этилган (Навоий кон-металлургия комбинати АЖнинг 2024 йил 9 сентябрдаги 23/01-01-07/534-сон маълумотномаси). Натижада штабелни икки ярусга бўлиб қазиб олиш технологик схемаларида, маъдан сифатини тезкор бошқаришга эришилиши асосланган.