Ҳайитова Маҳбуба Сафаровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ирригация эрозиясига мойил тупроқлар шароитида ғўзанинг суғориш техникаси элементларини такомиллаштириш (Тошкент вилояти мисолида)”.
06.01.02 - “Мелиорация ва суғорма деҳқончилик” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.2.PhD/Т4794.
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:
Матякубов Бахтияр Шамуратович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи PhD.04/30.04.2021.Т.111.04 рақамли Илмий кенгаш асосида ташкил этилган бир марталик Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: техника фанлари доктори, доцент Ахмеджонов Дилмурод Ғуломович; қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим Рахмонов Рахматулло Умаралиевич.
Етакчи ташкилот - Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Тошкент вилоятининг ирригация эрозиясига мойил тупроқлари шароитида эгат тубини зичлаш қурилмасини қоъллаш орқали ғўзани эгатлаб суғоришда суғориш техникаси элементларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ғўзанинг “Султон” навини суғоришда эгат тубини ўзгарувчан зичлаш қурилмасидан фойдаланиб, эгат узунлиги бўйича ҳисобий қатламнинг бир хилда намланиш коеффициенти-типик бўз ўрта қумоқ тупроқлар шароитини инобатга олиб, юқори бўлиши асосланган;
эгат тубини ўзгарувчан зичлаш қурилмасидан фойдаланган ҳолда, типик бўз ўрта қумоқ тупроқлар шароитини инобатга олиб, суғориш сувининг маҳсулдорлиги 25 фоизгача юқори бўлиши асосланган;
ғўзанинг сувга бўлган талабини инобатга олиб, суғоришни бошқариш усули, ер устидан суғориш техникаси ва технологияси элементлари такомиллаштирилган;
технологиянинг ирригация эрозиясига таъсирини инобатга олиб, БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги дастури (ФАО) услубиятига мувофиқ, суғориш тартиби ишлаб чиқилган ҳамда суғориш техникаси элементлари мазкур шароитга асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.  Эгат тубини ўзгарувчан зичлаш қурилмасини қўллаш самарадорлигини аниқлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
эгат узунлиги бўйича ўзгарувчан зичлаш қурилмасидан фойдаланилган ҳолда тупроқ ювилишини камайтириш ва суғориш техникаси элементларини такомиллаштириш бўйича хулосалар ва тавсия берилган. Ғўзани суғоришда ўрта механик таркибли ва ҳудуднинг нишаблигини ҳисобга олган ҳолда суғориш техникаси элементлари такомиллаштирилган, яъни нишаблик 0,001 бўлганда: эгатлар орасидаги масофа 60 см, эгат узунлиги 50 м. ва эгатга бериладиган сув сарфи  0,25 л/с; нишаблик 0,030 бўлганда мос равишда: 60 см; 50 м; 0,1 л/с; ҳамда нишаблик 0,002 бўлганда: 60 см; 50 м; 0,2 л/с тавсия қилинган. Технологияни қўллаш натижасида тупроқ ювилиши 4,5-6,5 т/га кам бўлган, жумладан, нишаблиги 0,001 бўлган ҳудудда ғўзани анъанавий усул билан суғорилганда 20,1 т/га тупроқ ювилган бўлса, эгат тубини ўзгарувчан зичлаш қурилмасидан фойдаланилганда 13,6 тонна тупроқ ювилган. Натижада 6,5 т/га кам тупроқ ювилганлиги аниқланган. Нишаблиги 0,030 бўлган ҳудудда ғўзани анъанавий усул билан суғорилганда 29,4 т/га тупроқ ювилган бўлса, эгат туби ўзгарувчан зичланганда 24,9 тонна тупроқ ювилган. Таққосий натижаларга кўра 4,5 т/га кам тупроқ ювилган.
Нишаблиги 0,002 бўлган ҳамда юқоридан тупроқ ювилиб тушган ҳудудда ғўзани анъанавий усул билан суғорилганда 18,7 т/га тупроқ ювилганлиги кузатилди. Технология қўлланилиши натижасида 14,1 т/га тупроқ ювилганлиги аниқланиб, 4,6 т/га кам тупроқ ювилган. Эгат узунлиги бўйича ҳисобий қатламнинг намланиш коеффициенти 0,76-0,85, вегетация даврида тупроқнинг ювилиши 15-35 % га камайган ҳамда ўртача 400 м3/га сув иқтисод қилинган. Пахтадан олинган ҳосилдорлик 32,2 - 43,1 с/га, анъанавий суғориш усулига нисбатан қўшимча 3,8-6,0 с/га атрофида пахта ҳосили олинган бўлиб, рентабеллик даражаси 25-35 фоизни ташкил қилган. Эгат тубини ўзгарувчан зичлаш қурилмасини қўллаш “Бўз-сув” ирригация тизими бошқармаси сув этказиб берадиган сув истеъмолчиларининг ҳамда Тошкент вилояти, Қуйи Чирчиқ тумани “ТCТ Агро Cлустер” МЧЖ нинг ғўза этиштириладиган релефи нотекис майдонида жорий этилган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2024-йил 12-июндаги 03/17-2114-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларини пахтачиликга ихтисослашган кластер ва фермер хўжаликларида ирригация эрозиясига мойил бўлган тупроқлар шароитида сувдан самарали фойдаланишда, тупроқ унумдорлигини сақлашда ҳамда пахтадан юқори ҳосил олишда суғориш техникаси элементларини тўғри белгилашда кенг кўламда қўллашга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish