Холмамат Рашидович Рауповнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармогʻи номи): “Ўзбекистонда кон-металлургия саноатининг шаклланиши ва тараққиёти (1943–2024-йй)”. 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: B2019.4.DSc/Tar145
Илмий маслаҳатчи: Қаҳрамон Кенжаевич Ражабов, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти. DSc.02/30.12.2019. Tar.56.01.
Расмий оппонентлар: Шуҳрат Эргашевич Эргашев, тарих фанлари доктори, профессор; Бахтиёр Эргашевич Эргашев, тарих фанлар доктори, профессор; Бахтиёр Махмуджонович Расулов, тарих фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: 1943–2024-йилларда Ўзбекистонда кон-металлургия саноатининг шаклланиши ва тараққиёт тарихини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўтган асрда ўлкада кон металлургия соҳасининг фаолияти хусусий жиҳатдан тўрт босқичга, 1940-1950-йиллар кончилик тармоғининг саноат корхоналарига айланиши, 1950-60-йиллар охири қимматбаҳо ва рангли маъданларни қайта ишлайдиган корхоналарга асос солиниши, 1970-80-йиллар кон-металлургия соҳасида комбинатларининг даври, 1980-90-йиллар соҳани иқтисодий қийинчиликлар гирдобида қолиши, раҳбар кадрларни марказдан йўриқнома билан келиши каби қисмлардан иборат эканлиги асосланган;
Ўлкадаги кон-металлургия конлари захираси саноат корхоналари хом-ашёси учун эмас, кўпроқ стратегик мақсадларга йўналтирилган ҳарбий ва атом саноатига ихтисослашгани ҳамда бундай хомашё ўлкадаги 20 дан ортиқ уран, олтин ва мис конлари, 6 та гидрометаллургия, мис бойитиш, металл эритиш заводлари бўлган 3 та кон-металлургия комбинатларида ишлаб чиқарилганлиги далилланган;
кон-металлургия саноати шаклланишида турли республикалардан кадрлар жалб қилиниши ижтимоий оқибатларга олиб келгани (табақалашган иш ҳақини яратилиши, миллий кадрлар синфини тайёрлаш ишларидаги узилишлар, бошқарувдаги бир ёқлама ёндашув), инсон омилини ҳисобга олмаган ҳолда шаҳарларда атроф-муҳит ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар юзага келгани далилланган;
кон-металлургия саноатига ихтисослашган корхоналарнинг тўла қувватда ишлаши натижасида саноат шаҳарларида (Бекобод, Учқудуқ, Навоий, Олмалиқ) экологик хавф ортиб кетганлиги (ҳавони олтингугурт гази, азот оксидлари, углеродлар  билан ифлосланиши, уран чиқиндиларнинг рекультивация қилинмаслиги) ҳамда аҳоли орасида нафас йўли ва онкологик каби касалликларнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлгани далилланган;
Ўзбекистонда кон-металлургия саноати корхоналари фаолиятида катта сифат ўзгаришлар (замонавий технологияларни жорий этилиши, малакали кадрлар тайёрлаш тизимини яратилиши) юз берганлиги, модернизация ва трансформация қилиш жараёнлари (инновацион технологияларни жорий этилиши, халқаро молия бозорларига чиқилиши, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлар асосида эълон қилиниши) ҳамда бошқарувнинг замонавий шакллари жорий этилиши натижасида қимматбаҳо ва рангли металлар ишлаб чиқариш ҳажми кўпайишига таъсири аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мавзу юзасидан ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
Ўзбекистон кон-металлургия саноати корхоналари − Олмалиқ, Навоий кон-металлургия ва Ўзбекистон металлургия комбинатларининг ташкил этилиш тарихи, уларнинг ривожланиш босқичларидаги муаммо ва ютуқлар, кейинги йилларда амалга оширилган инвестицион лойиҳаларнинг натижалари тўғрисидаги маълумотлардан “Ўзбекистонда кон-металлургия тарихи”, “Янгиланаётган Ўзбекистон: Навоий кон-металлургия комбинатининг янги тарихи” номли монографияларни тайёрлашда фойдаланилган (Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 2023-йил 18-августдаги 24-2458-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши Ўзбекистонда саноат корхоналарининг ривожланиш тарихи билан бир қаторда тармоқ тараққиётига муносиб ҳисса қўшган давлат арбоблари, таниқли олим ва корхона раҳбарлари фаолиятини ҳамда мазкур соҳа тарихини янада кенгроқ ўрганишга имкон беради.
Навоий кон-металлургия комбинати тарихи ва истиқболлари тўғрисидаги маълумотлар НКМКнинг 2021-йилдаги “Барқарор ривожланиш тўғрисидаги ҳисоботи”да (ҳттпс://www.нгмк.уз”) фойдаланилган. Ўзбекистон кон-металлургия саноати тарихини ўрганиш ва тарғиб қилиш юзасидан билдирилган таклиф асосида “Ўзбекистонда кон-металлургия тарихи”, “История горной металлургии Узбекистана” номли китоблар корхоналар ва олий ўқув юртларига тарқатилди (“НКМТ” акциядорлик жамиятининг 2023-йил 31-августдаги 23/01-07/422-сон маълумотномаси). Натижада, мазкур адабиётлар кон-металлургия саноати корхоналари тарихига қизиқувчилар, соҳа вакиллари ва олий ўқув юртлари талабаларининг кон-металлургия саноати ривожланиш босқичлари тўғрисидаги тушунчаларини бойитишга хизмат қилади.
Қизилқум саҳросида уран ва олтин конларининг топилиши, Навоий кон-металлургия комбинатининг ташкил этилиши, корхонанинг кейинги йилларидаги тараққиёти ҳақидаги материаллар асосида “Навоий вилояти тарихи ва маданияти” давлат музейида комбинат тарихи ва фаолияти акс эттирилган бўлим ташкил этилди (Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг 2023-йил 21-сентябрдаги 02-06/3363-сонли маълумотномаси). Бўлимдаги экспонатлар музейга ташриф буюрувчиларнинг Навоий кон-металлургия комбинати тарихи, ривожланиш босқичлари ва бугунги кундаги равнақи тўғрисидаги тасаввурларни бойитишга хизмат қилади.
Ўзбекистонда кон-металлургия саноатининг шаклланиши ва ривожланиш босқичлари, корхоналарни кадрлар билан таъминлашдаги бир томонлама ёндашувлар ҳамда мустақиллик йилларида республикада кон-металлургия саноати учун малакали маҳаллий кадрлар тайёрлаш борасида олиб борилган ижобий ишлар ва унинг натижаларига оид илмий-тарихий маълумотлардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг 2023-йил 8-августда эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатувида фойдаланилган (Ўзбекистон МТРК “Ўзбекистон” телерадиоканалининг 2023-йил 8 августдаги 02-31-1189-сон маълумотномаси). Натижада, Ўзбекистонда кон-металлургия саноатининг шаклланиши, янги конларнинг очилиши, саноат корхоналарининг ташкил этилиши ва уларни кадрлар билан таъминлаш борасидаги илмий маълумотлар илк маротаба омма эътиборига ҳавола этилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish