Сафаров Хуршид Абдуражабовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қўйларнинг гелминтозлари ва уларга қарши даволаш-профилактика чора-тадбирлари”, 03.00.06-Зоология (Ветеринария фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.3.PhD/В92.
Илмий раҳбар: Джаббаров Шухрат Абдумажидович, ветеринария фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ветеринария илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ветеринария илмий-тадқиқот институти, PhD06/29.10.2021.В.139.01.
Расмий оппонентлар: Гафуров Актам Гафурович, ветеринария фанлари доктори, профессор; Даминов Асадулло Сувонович, ветеринария фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент Давлат Аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Республикамизнинг турли ҳудудларида қўйларнинг гелминтлари ва асосий гелминтозларининг тарқалиш даражасини ва бу кўрсатгичларнинг йил мавсумлари бўйича ўзгаришини (динамикаси) аниқлаш, гелминтозларга қарши янги маҳаллий ва хорижий антгелминт воситаларни синовдан ўказиш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Республиканинг турли географик-иқлим минтақаларида чорвачилик соҳасини юритишнинг замонавий шакллари шароитида кенг миқёсда қўйларнинг гелминтозларининг тақалиши ва уларнинг 58,30% умумий зарарланиш даражаси аниқланган;
сўнги йиллардаги иқлим ўзгаришларини инобатга олган ҳолда қўйларнинг гелминтозлар билан зарарланиш кўрсатгичлари йил мавсумлари кесимида ўрганилган жумладан, энг юқори зарарланиш куз ойларида 69,18%, энг паст зарарланиш қиш ойларида 40,29%, баҳор ойларида бу кўрсатгич 63,58% ва ёз ойларида 52,84% эканлиги аниқланган;
қўйлар гелминтозларига қарши янги маҳаллий ва хорижий антгелминт воситалар синовдан ўтказилган ва уларнинг 75,0-80,0% самарадорлиги аниқланган;
Қорақалпоғистон Республикаси шароитида қўйларнинг маршаллагиоз, нематодироз, бошқа-ошқозон ичак стронгилятозлари, фассиолёз ва мониезиоз кенг тарқалган ва умумий зарарланиш 31,86% эканлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қўйларнинг гелминтозлари ва уларга қарши даволаш-профилактика чора-тадбирлари бўйича илмий-тадқиқотлар натижалари асосида:
Қўйларнинг турли гелминтозлар билан зарарланганлиги, зарарланиш даражасини аниқлаш мақсадида олиб борилган тадқиқотлар даврида (2021-2023 йилларда) жами текширилган 2465 та намуналарнинг 58,30% умумий гелминтозлар тухумлари билан турли хил даражада зарарланганлиги аниқланган ҳамда қўйларнинг гелминтозларини олдини олиш ва даволашда йанги маҳаллий ва хорижий самарали антгелминтик препаратлар амалийотга жорий қилинган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024-йил 06-августдаги 02/23-442-сон маълумотномаси). Ишлаб чиқилган чора-тадбирларни амалийотда қоъллаш натижасида қўйлар орасида гелминтозларнинг олдини олишга еришилган.
Қўйлар гелминтозларининг тарқалиши Республиканинг турли географик-иқлим минтақаларида, жумладан, суғориладиган минтақаларда 61,59%, тоғолди-тоғ минтақаларда 65,03%, чўл-яйлов минтақаларда 39,87% гелминтозлар билан зарарланиш мавжудлиги аниқланган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024-йил 06-августдаги 02/23-442-сон маълумотномаси). Натижада қўйларнинг ушбу гелминтозларга қарши тежамкор ва юқори самарали даволаш усуллари бўйича илмий амалий тавсиялар берилган.
Қўйлар гелминтозларининг ҳудудлар ва минтақаларда ҳозирги кундаги тарқалиш ҳолати, фасллар бўйича динамикаси ўрганилган ва ушбу гелминтозларни даволаш ва профилактика қилишнинг янги воситалари синовдан ўтказилган ва амалиётга жорий қилинган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024-йил 06-августдаги 02/23-442-сон маълумотномаси). Натижада қўйларда гелминтозлар билан 75,0-80,0% зарарланиш даражасини камайтиришга эришилган.
Маҳаллий Алсус антгелминтик препарати албендазол ҳисобида 10 мг/кг дозада оғиз орқали қўлланилганда мазкур восита қўйларнинг маршаллагиозига қарши 87,3%, нематодирозига 92,7%, бошқа ошқозон-ичак стронгилятозларига 98,8%, мониезиозга 77,5% экстенссамара кўрсатиши аниқланган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024-йил 06-августдаги 02/23-442-сон маълумотномаси). Ушбу антгелминтик препарати қўллаш натижасида қўйлар гелминтозларига қарши ўтказилган даволовчи чора-тадбирлар учун қилинган ҳар бир сўм харажатга 3,59 сўм иқтисодий самара олинган.
Алсус 10% албендазолнинг суспензиясини Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларидаги фермер хўжаликлари ва шахсий хўжаликлардаги қўйларнинг гелминтозларига қарши қўлланилган ва жорий қилинган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2024-йил 06-августдаги 02/23-442-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида қўйларнинг турли гелминтозлар билан зарарланишининг олди олинган ва даволашда юқори самара кўрсатган.