Ачилова Нурхон Нормухаммедовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ипак йўли аспекти: ўзбек адабиётида аждарҳо образи талқинлари”, 10.00.02 – ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.1.PhD/Fil3073.
Илмий раҳбар: Мусурманов Эркин Раббимович, филология фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, DSc.03/05.05.2023.Fil.02.11.
Расмий оппонентлар: Жуманазаров Умрзоқ Абдураззоқович, филология фанлари доктори, профессор; Ражабов Дилшод Зарипович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади Буюк Ипак йўли халқлари маданиятидаги аждарҳо тимсолининг ўзбек фолклори ва ёзма адабиётидаги вазифасини аниқлаш, уни Хитой ва Европа халқлари эпосларида келадиган образлар билан қиёслаш ҳамда уйғун, умумий ва фарқли жиҳатларини очиб беришдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қадимги ўзбек фолклорида аждарҳо тимсоли асосан яхшилик, куч-қудрат рамзи бўлиб келганлиги, юнон мифологияси, ислом дини ва форс маданияти таъсирида образ модернизацияга учраганлиги ҳамда салбий маъно касб эта бошлаганлиги асосланган;
аждарҳо сўзининг этимологияси қадимги дарий тилига тааллуқлилиги, “Лонг” сўзининг этимологияси туркийча “илон” сўзига фонетик ва лексик жиҳатдан яқинлиги очиб берилган;
ўзбек адабиётида илон ва аждарҳо образлари келиб чиқиш тарихи бир-бирига боғлиқлиги, кўп ҳолларда икки образ негизида бир хил тушунча ётганлиги ва уларнинг илоҳийлаштирилган идрокли мавжудот сифатида қаралганлиги далилланган;
Аждарҳо образининг ўзбек фолклори, “Алпомиш” достонидаги талқинлари билан Буюк ипак йўли бошида турган Хитой мифологияси лонглари ва Ипак йўлини ниҳоялаган Европа халқларининг қадимги ва нодир адабий ёдгорлиги “Беофулф” эпосидаги драконлари қиёсланиб, аждарҳо образларининг вақт, матн, индивидуаллик нуқтаи назардан сайёр эволюцион жараёнлари очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Буюк ипак йўли аспектида ўзбек адабиётида аждарҳо образи талқинлари билан боғлиқ изланиш олиб бориш асосида:
аждарҳо образининг ўзбек фолклори, “Алпомиш” достонидаги талқинлари билан Буюк ипак йўли бошида турган Хитой мифологияси лонглари ва Ипак йўлини ниҳоялаган Европа халқларининг қадимги ва нодир адабий ёдгорлиги “Беофулф” эпосидаги драконлари қиёсланиб, аждарҳо образларининг вақт, матн, индивидуаллик нуқтаи назардан сайёр эволюцион жараёнлари талқинларига оид чиқарилган илмий хулосалардан ЎзРФА ҚҚБ Қорақалпоқ гуманитар фанлар илми-тадқиқот институтида 2017-2020-йилларда бажарилган ФА-Ф1-ОО5-рақамли “Қорақалпоқ фолклоршунослиги ва адабиётшунослигини тадқиқ этиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳасини амалга оширишда фойдаланилган (ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлимининг 2024-йил 2-февралдаги 132/1-сон маълумотномаси). Натижада халқ оғзаки ижодида аждарҳо образининг келиб чиқиш тарихи, ривожланиш босқичлари, фолклоре ижодида тутган ўрни, ижобий ва салбий образ сифатида гавдаланиши каби жиҳатлари асосланишига эришилган;
аждарҳо сўзининг этимологияси қадимги дарий тилига тааллуқли бўлганлиги, “лонг” (Хитой аждарҳоси) сўзининг этимологияси туркийча “илон” сўзига фонетик ва лексикологик жиҳатдан жуда яқинлиги, аждарҳо ҳақидаги дастлабки ёзма маълумотлар Қадимги Миср битиклари ва шумер-бобил халқлари достонларида келтирилганлиги ва бир халқда ижобий талқин қилинган бошқа бир халқ мифологиясида салбий талқин этилган аждарҳо образитўғрисидаги илмий хулосалар ва материаллар Давлат илмий-техник дастури доирасидаги 2021-2023-йилларда бажарилган ПЗ-2020042022 – Туркий тилларнинг лингводидактик электрон платформасини яратиш лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил 8-апрелдаги 04/1-902-сон маълумотномаси). Натижада қадимги дунё саҳнида “Буюк ипак йўли” тушунчаси инсоният тарихидаги энг ёрқин феноменлардан бирига айланиши, Буюк ипак йўлида жойлашган халқлар адабиёти ва мифологиясидаги сеҳрли-фантастик тимсоллар маданий-маърифий ғоялар миграциялари сабабли ўзига хос жиҳатларга эга бўлиб борган ва доминант мифологик образларга айлана борганлиги ҳақидаги маълумотларнинг кенгайишига эришилган;
қадимги ўзбек фолклорида аждарҳо тимсоли асосан яхшилик, куч-қудрат рамзи бўлиб келганлиги, юнон мифологияси, ислом дини ва форс маданияти таъсирида образ модернизацияга учраганлиги ва салбий маъно касб эта бошлаганлиги ҳақида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят ҳудудий бўлинмаси қошидаги “Садоқат” ижодий тўгараги ёш ижодкорларига маърузалар қилинган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2022-йил 15-майдаги 57-сон маълумотномаси). Натижада ижодий тўгарак машғулотларининг илмий-оммабоплиги таъминлаган ва янги манбалар билан бойитилган;
ўзбек адабиётида илон ва аждарҳо образлари келиб чиқиш тарихи бир-бирига боғлиқлиги, кўп ҳолларда икки образ негизида бир хил тушунча ётганлиги ва уларнинг илоҳийлаштирилган идрокли мавжудот сифатида қаралганлиги ҳақида эришилган натижалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан 2024-йил январ ойи давомида эфирга узатилган “Ассалом Самарқанд” ва “Учқун” телекўрсатув ссенарийларини шакллантиришда фойдаланилган (Самарқанд вилояти телерадиокомпаниясининг 2024-йил 26-апрелдаги 01-07/81-сон маълумотномаси). Натижада Шарқий Осиё (хитой, корейс, япон) халқлари томонидан улуғланган аждарҳоларга, славян, Европа ва форс халқлари томонидан салбий образ сифатида қаралганлиги, аждарҳо образи туркий халқлар мифологиясида икки хил ўрин эгаллаганлиги, у баъзи эртак ва мифларда салбий қаҳрамон сифатида намоён бўлса, баъзи фолклор наъмуналарида қаҳрамонга ёрдам берувчи ижобий куч сифатида кўринганлиги ҳақида маълумотлар бериб ўтилган.