Якубов Назиржон Салижоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистонда совет сайлов тизими тарихи (1918-1937-йиллар)”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.3.PhD/Tar.1602.
Илмий раҳбар: Расулов Бахтиёр Маҳмуджонович, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, PhD.03/31.03.2021.Tar.05.05.
Расмий оппонентлар: Расулов Абдулла Нуриддинович, тарих фанлари доктори, профессор; Ерметов Аваз Абдуллаевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Тошкент давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда 1918-1937-йиллар даврий чегарасида совет сайлов тизимининг шаклланиши ва ривожланиш босқичларини тадқиқ этиш, сайлов билан боғлиқ марказий ҳамда маҳаллий ҳокимият органларини ташкил этишдаги ҳуқуқий механизмларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Собиқ Туркистон АССР ва Ўзбекистон ССР Конституциялари асосида шаклланган сайлов тизимида сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилиш мезонлари тўла ишлаб чиқилмагани боис, сайловларни ташкил этиш даврида “ҳақсизлар” рўйҳатини тузишдаги ўз-ўзидан ташкилланган мураккаб тарихий жараёнлар ва уларнинг салбий оқибатлари очиб берилган;
Советларнинг сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилиш амалиёти тарихий нуқтаи назардан уч даврга бўлиниши (Биринчи давр – 1918-1925-йилларда асосан 1917-йилдаги Октябр тўнтаришига қадар бўлган амалдорлар ва дин вакилларининг сайловлардан четлатилиши; иккинчи давр – 1925-1929-йилларда бой деҳқонлар, шаҳарлардаги янги иқтисодий сиёсат (НЕП) вакиллари ва қулоқларнинг “ҳақсизлар” рўйхатига киритилиши; учинчи давр – 1929-1931-йиллардаги ёппасига коллективлаштириш даврида аҳолининг ўртаҳол ва ундан паст қатламига нисбатан кенг ва фаол татбиқ этилиши) исботланган;
Хоразм ва Бухоро Халқ Совет Республикаларининг 1920-йилдаги Конституцияларида аҳолининг миллий руҳи ва сиёсий ҳуқуқлари акс этгани, 1925-йилдаги Ўзбекистон ССР Конституциясида эса сайлов ҳуқуқи бўйича яна синфий ёндашувлар асосий ўринга чиққани асослаб берилган;
1928–1929-йилларда ўтказилган сайлов кампаниялари советлар даври тарихида қатағон сиёсатининг бошланғч нуқтаси бўлгани ва бу даврда шакллантирилган “ҳақсизлар” рўйхати ХХ асрнинг 30-йилларидаги оммавий қатағон сиёсати учун ҳуқуқий асос бўлганлиги исботланган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “Ўзбекистонда совет сайлов тизими тарихи (1918-1937-йиллар)” мавзусини тадқиқ этиш давомида олинган илмий натижалар асосида:
Туркистон АССРда вакиллик ҳокимиятининг олий органида болшевиклар сиёсий етакчилигини таъминловчи сайлов тизимининг яратилиши, бу сайлов тизимида ишчилар сайлов ҳуқуқини таъминлаш яққол устунликка эришгани, бунинг оқибатида республика аҳолисининг кўпчилик қисмини ташкил этувчи деҳқонлар сиёсий ҳуқуқларининг чекланиб қолганига доир илмий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари комитети фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари комитетининг 2023-йил 29-сентябрдаги 31-сон далолатномаси). Илмий хулосалар мамлакатимиз сайлов тизимининг назарий асосларини янада мустаҳкамлаш ҳамда ёшларда сайловлар тарихи бўйича тасаввурларини бойитиш, сиёсий маданиятини юксалтиришга хизмат қилган;
1918-1937-йилларда советларнинг сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилиш сиёсати тарихий нуқтайи назардан 3 босқичда амалга оширилгани (1-босқич – 1918-1924-йилларда асосан Октябр тўнтаришидан олдинги элита вакиллари ҳамда энг барқарор ва иқтисодий мустақил фуқаролар ҳуқуқларининг чекланиши; 2-босқич – 1925-1929-йилларда бой деҳқонлар ва шаҳарлик НЕП вакиллари ва қулоқларнинг сиёсий таъқиб этилиши; 3-босқич – 1929-1931-йиллардаги ёппасига коллективлаштириш даврида сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилиш сиёсати ижтимоий тузилмани бузиш учун ишлатиладиган кучли қуролга айланиб, бу қурол аҳолининг ўртаҳол ва ундан паст қатламига нисбатан жуда кенг ва фаол татбиқ этилиши) га доир статистик маълумотлар, фотосуратлар, плакатлар ва буклетлар Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг “Тарих бўлими” экспозицион режаларини тузишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг 2023-йил 19-октябрдаги 02-05/3766-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши музей фондини бойитишга, музейнинг ўлка тарихига оид манбаларини илмийлик ва кўргазмалилик жиҳатдан такомиллаштиришга хизмат қилган;
Туркистон АССР, Бухоро ва Хоразм Халқ Совет Республикалари ва Ўзбекистон ССРда амалда бўлган конституциялар, унинг тоталитар характери, Ўзбекистондаги марказий ва маҳаллий ҳокимият органларига ўтказилган сайловларда аҳолининг иштироки, сайловларни ташкил этилиши ва ўтказишдаги конституциявий, ҳуқуқий-меъёрий тартибга солиш жараёни, советларнинг сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилиш сиёсати ва унинг репрессив моҳияти, “ҳақсизлар”нинг ҳуқуқий мақомидаги ўзгаришлар динамикасига оид илмий-тарихий маълумотлардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат муассасаси “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Тақдимот” кўрсатуви ссенарийсини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “ЎЗБЕКИСТОН” телерадиоканали” давлат муассасасининг 2022-йил 23-июндаги 06-28-984-сон маълумотномаси). Материаллар телетомошабинларда сайловлар ва конституциялар тарихи хусусида аниқ тасаввурлар ҳосил қилиш ва билимларини бойитишга хизмат қилган;
1918-1937-йилларда Ўзбекистонда шаҳар ва қишлоқ советларига депутатлар сайловини ўтказишда маҳаллий ва марказий давлат ҳокимияти органлари фаолияти, партия тузилмаларининг ўзаро ҳамкорлиги, сайловларни белгилаш, уларнинг даврийлиги, шунингдек, совет тузумида сайловларнинг аҳолининг алоҳида қатламларига таъсири, Ўзбекистондаги совет сайлов тизимининг шаклланиш жараёнининг республикага хос бўлган асосий босқичлари ва унинг фақат ҳукмрон совет тузуми ва коммунистик партия манфаатларига бўйсундирилган тоталитар характери хусусидаги илмий-тарихий маълумотлардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат муассасаси “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Тақдимот” кўрсатуви ссенарийсини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “ЎЗБЕКИСТОН” телерадиоканали” давлат муассасасининг 2023-йил 21-сентябрдаги 02-31-1459-сон маълумотномаси). Тақдим этилган материаллар кўрсатувларни мазмунан ва фактик жиҳатдан бойитишга хизмат қилган.