Матяқубов Сухроббек Кўпаловичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Генотипи бойитилган ғўза навларини яратишда интрогрессив селекция ва цитогенетик услублардан фойдаланишнинг самарадорлиги”, 06.01.05 – Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.2.DSc/Qx247.
Илмий маслаҳатчи: Намазов Шадман Эргашович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.05/08.05.2024.Qx.42.02.
Расмий оппонентлар: Набиев Саидғани Мухтарович, биология фанлари доктори, профессор; Аманов Бахтиёр Хушбакович, биология фанлари доктори, профессор; Айтжанов Бахытжон Узакбоевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Турлараро дурагайлаш асосида яратилган интрогрессив ғўза генотипларини генетик, селекцион ва цитологик услублар ёрдамида баҳолаш орқали хўжалик учун қимматли белгилар ҳамда айрим абиотик ва биотик омилларга бардошлиликни мужассамлаштирган генотипи бойитилган янги селекцион ашёлар ва навлар яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
интрогрессив селекция ва беккросс дурагайлаш услубларида олинган селекцион ашёларда хўжалик учун қимматли белгиларнинг ирсийланиши, ўзгарувчанлиги ҳамда барқарорлашув қонуниятлари қиёсий таҳлил қилинган ва генотипи бойитилган қимматли ғўза навларини яратишда ҳар иккала усул самарадор эканлиги асосланган;
интрогрессив селекция орқали яратилган дурагайларни V.dahliae замбуруғи билан кучли зарарланган табиий муҳит ва лаборатория шароитида ўрганиш орқали вилтга бардошли генотипларни танлаш имконияти юқори бўлиши аниқланган;
Verticillium dahliae вa Fusarium туркуми зaмбуруғлaрининг штамми молекуляр-генетик усулда идентификация қилиниб, NCBI маълумотлар базасига киритилган, натижада фитопатоген микроорганизмларнинг молекуляр филогенияси тузилган;
интрогрессив селекция ҳамда беккросс дурагайлаш услубларининг юқори ҳарорат ва гармселга бардошли селекцион ашёларни яратишдаги самарадорлиги аниқланган;
интрогрессив ғўза тизмалари ҳамда юқори авлод дурагайларида спорогенез, чанг ҳужайраларининг пуштлилик даражаси ва мейоз жараёнларининг цитологик жиҳатлари ўрганилган ва юқори пуштлиликка таъсир қилувчи цитогенетик омиллар асосланган;
интрогрессив дурагайлаш услубини қўллаш орқали хўжалик учун қимматли белгилари, тола ҳосилдорлиги ва сифати ҳамда айрим абиотик (вилт) ва биотик (юқори ҳарорат, гармсел)га бардошлиликнинг ижобий мажмуасига эга селекцион ашёлар (ноёб донорлар, тизмалар ва навлар) яратиш самарали бўлиши исботланган;
интрогрессив дурагайлаш услуби орқали генотипи бойитилган ноёб интрогрессив ғўза оилалари, тизмалари ва С-7316, С-7320, С-7322, С-7324 навлари яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Генотипи бойитилган ғўза навларини яратишда интрогрессив селекция ва цитогенетик услублардан фойдаланишнинг самарадорлиги мавзусида олиб борилган тадқиқотлар натижасида:
интрогрессив дурагайлаш асосида яратилган қимматли хўжалик белгиларининг юқори умумий мажмуига эга ўрта толали ғўзанинг янги Т-2829-31/22, Т-3101-04/22, Т-3791-94/22 Т-4171-74/22, Т-5136-39/22 тизмалари яратилиб, Тошкент вилоятида жойлашган Оққўрғон илмий тажриба станциясида 1,0 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2024 йил 21 декабрдаги 05/01-05/02-05/04-03-428-сонли маълумотномаси). Натижада, республикамиздаги мавжуд ғўза генофонди тезпишарлиги 112- 118 кун, бир дона кўсакдаги пахта вазни 5,7-6,7 грамм, тола чиқими 39,0-43,0 фоиз, тола сифати IV саноат тип, ҳосилдорлик 39,0-44,2 ц/гани ташкил этган ҳолда назорат C-6524 навига нисбатан қўшимча 7,0-8,0 центнердан юқори ҳосилдорликга эришилиб, юқори иқтисодий самарадорликка эга бўлган бошланғич ашёлар билан бойитилган;
қимматли хўжалик белгиларининг ижобий мажмуига эга ўрта толали ғўзанинг “С-7322” нави Тошкент вилоятида жойлашган Оққўрғон илмий тажриба станциясида 1,5 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2024 йил 21 декабрдаги 05/01-05/02-05/04-03-428-сонли маълумотномаси). Натижада, мазкур навнинг тезпишарлиги 114-116 кунни, битта кўсакдаги пахта вазни 6,0-6,2 г, тола чиқими 39,0-40,0%, микронейр кўрсаткичи 4,3-4,4, толанинг узунлиги 34,0-35,0 мм, толанинг узилиш кучи 37,0 гк/текс, тола сифати IV тип, V.dahliae замбуруғи ва турли заракунандаларга бардошли, пахта ҳосилдорлиги 41,0 ц/га ни ташкил этиб, андоза С-6524 навига нисбатан 4,0-6,5 ц/га юқори ҳосил олиниб, юқори иқтисодий самарадорликка эришилган;
ўрта толали ғўзанинг янги T-4684-86/16, Т-7292 ва Т-95/16хС тизмалари Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқаъла туманидаги ғўза уруғчилигига ихтисослашган фермер хўжалигида 2,0 гектар майдонда жорий этилган (Қорақалпоғистон Рeспубликаси қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 4 январдаги № 01-05-013-сонли маълумотномаси). Натижада, экстремал тупроқ-иқлим шароитига мос тизмалар яратилиб, тезпишарлиги 114-118 кун, бир дона кўсакдаги пахта вазни 5,8- 6,5 грамм, тола чиқими 39,2-43,2 фоиз, тола сифати IV саноат тип, ҳосилдорлик 40,0-44,2 ц/гани ташкил этган ҳолда назорат (C-4727) га нисбатан қўшимча 7,0-9,0 центнер юқори ҳосил олиш имконини берган;
экстремал тупроқ-иқлим шароитига мос, қимматли хўжалик белгиларининг ижобий мажмуига янги ўрта толали ғўзанинг “С-7320” навини Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқаъла туманидаги ғўза уруғчилигига ихтисослашган фермер хўжаликлида 1,2 гектар майдонида жорий этилган (Қорақалпоғистон Рeспубликаси қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 4 январдаги №01-05-013-сонли маълумотномаси). Натижада, Республиканинг шимолий шўрланган ҳудудларига мос, ўртача пахта ҳосилдорлиги 40,2 ц/га, мазкур туманда экилаётган андоза С-4727 навга нисбатан 7,0-7,5 ц/га юқори ҳосилдорликка эга, тезпишарлиги 115-116 кун, битта кўсакдаги пахта вазни 6,4-6,5 г, тола чиқими 39,0-40,0%, микронейр кўрсаткичи 4,3-4,4, толанинг узунлиги 35,0-36,0 мм, толанинг узилиш кучи 34,0 гс/текс, тола сифати IV-типга тўлиқ жавоб берадиган ҳамда V.dahliae касаллиги ва турли заракунандаларга бардошлилиги юқорилиги аниқланиб иқтисодий самарадорликка эришилган;
интрогрессив дурагайлаш усули асосида яратилган ўрта толали С-7324 ғўза нави Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқаъла туманида 3,5 гектар майдонда жорий этилган (Қорақалпоғистон Рeспубликаси қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 4 январдаги №01-05-013-сонли маълумотномаси). Натижада, Республиканинг турли тупроқ-иқлим шароитларига мос ҳамда қимматли хўжалик белгиларининг юқори мажмуасига эга, тола сифати тўлиқ IV тип талабларига жавоб берадиган нав билан ғўза генофондини бойитиш имконияти яратилган ҳолда ҳар гектардан пахта ҳосилдорлиги ўртача 40,0 ц/га ни ташкил этиб, мазкур туманда экилаётган андоза С-4727 навга нисбатан 6,5-7,0 ц/га кўпроқ ҳосил олинган.