Sayt test rejimida ishlamoqda

Джумаёзов Умиджон Зафаржоновичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи): Эластиклик назариясининг деформацияларга нисбатан математик ва сонли моделлари, 05.01.07 - Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (техника фанлари).
Диссертация мавзуси роʻйхатга олинган рақам: В2024.2.DSc/Т788.
Илмий маслаҳатчи: Халджигитов Абдували Абдисамадович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, Илмий кенгаш рақами: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, DSc.13/30.12.2021.Т.142.01.
Расмий оппонентлар: Мухамадиев Абдивали Шукурович, физика-математика фанлари доктори, доцент; Абиров Рустам Абдуллаевич, физика-математика фанлари доктори, катта илмий ходим; Джайков Гафур Муратбаевич, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат транспорт университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади обектларнинг мустаҳкамлик захираларини юқори аниқликда ҳисоблаш учун деформацияларга нисбатан эластиклик ва термоеластиклик назариясининг чегаравий масалаларини сонли усулда ечишга мўлжалланган математик моделлар, самарали ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурий таъминотлар мажмуасини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тақдиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
эластиклик назариясининг статик масалалари деформацияларнинг биргаликда бўлиш шарти асосида деформацияларга нисбатан математик модел тенгламалари ишлаб чиқилган;
эластиклик назариясининг динамик (текис ва фазовий) масалалари Сен-Венан шартини ҳисобга олган ҳолда деформацияларга нисбатан математик модел тенгламалари ишлаб чиқилган;
икки ва уч ўлчовли термоеластик чегаравий масалалар деформация тензори компоненталарига нисбатан Пуассон тенгламалари системасига келтирилган;
боғланган термоеластик назариясининг динамик чегаравий масалалари Сен-Венан шарти асосида деформация ҳамда ҳароратга нисбатан математик модел тенгламалари ишлаб чиқилган;
эластик, термоеластик назарияларининг боғланган ҳамда боғланмаган чегаравий масалалари деформацияларга нисбатан икки ва уч ўлчовли чекли-айирмали тенгламалари таклиф этилган;
деформацияларда эластиклик, термоеластиклик назариясининг статик ва динамик боғланган ҳамда боғланмаган масалаларини ечиш учун сонли алгоритм ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Деформацияланиш жараёнини ифодаловчи янги математик ва сонли моделлар ҳамда дастурий мажмуа ишлаб чиқиш асосида:
эластик ва термоеластик назариясининг деформацияланиш жараёнини ифодаловчи математик модел тенгламалар асосида ишлаб чиқилган дастурий мажмуа “Ўзбектелеком” АЖ Самарқанд филиалида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2024-йил 21-майдаги 33-8/3325-сонли маълумотномаси). Натижада пластинасимон юпқа элементнинг геометрик, механик ва термомеханик параметрларини аниқроқ ҳисоблаш, ностационар электродинамик кучлар таъсирида плитанинг мустаҳкамлигини 7-10% га ошишига, вақт ва меҳнат сарфини 10-14% га камайтириш имконини берган;
эластик ва термоеластик назариясининг деформацияларга нисбатан текис ва фазовий масалаларини сонли ечиш ёрдамида ишлаб чиқилган дастурий мажмуа “УНИCОН СОФТ” МЧЖ Самарқанд филиалида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2024-йил 21-майдаги 33-8/3325-сонли маълумотномаси). Натижада токен қурилмаларини ишлаб чиқишда турли таъсирлар остидаги деформация ва кучланишнинг тақсимланишини аниқлаш, оптимал эластикликка эга бўлган мустаҳкам материални танлаш, қурилмалар конструксиясининг кучланиш ва деформацияга чидамлилигини ҳисоблаш асосида материалнинг мустаҳкамлиги 5-8% га ортишига ҳамда меҳнат ва харажат сарфини 8-10% га камайтириш имконини берган;
жисмларнинг механик ва термик факторлар асосида деформацияланиш жараёнини ифодаловчи сонли моделлар ва дастурий мажмуа “АРХПРОЕКТ” МЧЖ, “ЗАРКАМРУС ҚУРИЛИШ ЛОЙИХА” МЧЖ, “БИНО ИНШООТ МЕъМОР” МЧЖ, “МД ГРОУП” МЧЖ қурилиш ташкилотларида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2024-йил 21-майдаги 33-8/3325-сонли маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши меҳнат унумдорлигини 10-12% га ошириш ва харажатларни 8-10% га камайтиришга имкон берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish